Фаррухбек Олим. “Хамсат ул-мутаҳаййирин” ва Абдураҳмон Жомий

Навоий ва Жомий ҳайкали. Самарқанд

Ҳар бир шахснинг камолга етишида унга йўл­ йўриқ кўрсатган, таълим-тарбия берган, бевосита таъсир ўтказган инсонларнинг алоҳида ўрни бўлади. Шу жиҳатдан қараганда, Абдураҳмон Жомий буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига пир ва устоз сифатида тўғридан-тўғри таъсир ўтказган улуғ зот эди.

Ҳижрий 898 йил, муҳаррам ойининг 17-куни, яъни милодий 1492 йилнинг 8 ноябри бутун Хуросон эли, хусусан, Ҳирот аҳли, айниқса, Алишер Навоий учун ўта оғир кун бўлди. Чунки шу куни Навоийнинг пири ва устози, энг яқин қадрдони Абдураҳмон Жомий вафот этди. Буюк ўзбек шоири учун бу жуда катта йўқотиш бўлди.

Навоий ўзининг аксарият шеърий ва насрий асарларида устозини юксак даражада таърифу тавсиф этди. Аммо, қайсидир маънода, устози ҳақида бир бутун тасаввур уйғотадиган яхлит бир асар ёзиб, унинг хотирасини абадийлаштиришга эҳтиёж бор эди. Шу мақсадда Навоий Жомий вафотидан икки йил ўтганидан кейин, яъни 1494 йили у ҳақда махсус “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (“Ҳайратланарли бешлик”) асарини яратди.

Навоий ўзи дастлаб тузган “Бадойиъ ул-бидоя” дебочаси, “Хазойин ул-маоний” таркибига кирувчи “Ғаройиб ус-сиғар” (“Болалик ғаройиботлари”), “Наводир уш-шабоб” (“Ёшлик нодирликлари”), “Бадоеъ ул-васат” (“Ўрта яшарлик гўзалликлари”), “Фавойид ул-кибар” (“Қарилик фойдалари”) девонларидан жой олган шеърий асарларида, “Ситтайи зарурия” дебочаси ва ундаги қасидаларда устозини мадҳ этади. “Девони Фоний”да Жомийга татаббуълар битиб, унинг таврида ҳам ғазаллар ёзади. “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муҳокамат ул-луғатайн” ва “Мезон ул-авзон”да ҳам устозини қайта-қайта ёдга олади. “Хамса”нинг ҳар бир достонида унга махсус боб бағишлаб, “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ҳам Жомийни алоҳида таърифу тавсиф этади.

Навоий ижодида Жомий билан бевосита боғлиқ ҳолда яратилган асарлар алоҳида ўрин тутади. Бироқ устозга алоқадор асарлар орасида “Хамсат ул-мутаҳаййирин” яққол ажралиб туради. Чунки асар, авваламбор, бошдан-охир Жомий таърифу тавсифига бағишлангани, Жомий вафотидан кейин ёзилгани учун ҳам у, қайсидир маънода, икки буюк ижодкор муносабатларининг ўзига хос хотимаси ҳам ҳисобланади. Қолаверса, у Жомий хотирасини абадийлаштириш учун махсус ёзилган.

Жомийни батафсил таърифлаш жиҳатидан эса “Хамса” достонлари, “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат” ҳамда “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарлари алоҳида ўринда туради. Чунки “Хамса” дос­тонларининг ҳар бирида устозга бағишланган махсус боб, тазкираларда эса бу зоти шарифга алоҳида таъриф мавжуд. “Хамсат ул-мутаҳаййирин” эса – айтиб ўтилганидек, тўлиғича Жомий ҳаёти ва ижодига бағишланган асар. Шунинг учун ҳам икки буюк шоир муносабатларини тадқиқ этишда, аввало, ана шу асарларга мурожаат қилинади.

“Хамса”, биринчидан, амалда “Хамсат ул-мутаҳаййирин” моҳиятига етиш учун жуда-жуда асқотади, иккинчидан, ҳатто, бу буюк эпопеяда Жомий таърифларида келган боблар ҳам устоз-шогирд ва пир-мурид муносабатларини тўла ёритиб беролмайди, яъни “Хамсат ул-мутаҳаййирин”га бўлган эҳтиёжни тўла қондира олмайди, учинчидан, “Хамса”да Жомий сиймоси – адабий тимсол, шунинг учун бу ерда у ўта бадиий бўёқларда тасвирланади, тўртинчидан, Жомий сиймосини яратишда муаллифнинг “Хамса”ни ёзаётгандаги ўз олдига қўйган мақсади билан “Хамсат ул-мутаҳаййирин”ни битишда ўз олдига қўйган мақсади кўп жиҳатдан фарқ қилади.

Навоий ҳар қанча соҳир сўз санъаткори бўлмасин, барибир, давр муҳити, реал воқеалар, инсоний муносабатларни ҳаққоний, тўлиқ тасвирлаш учун назмнинг имкониятлари торлик қиларди. Шунинг учун ҳам у насрга қўл урди. Бироқ тазкира жанри ҳам Жомий тимсолини тўлиқ яратиб бериш учун унчалик қулай эмас эди. Чунки тазкирада бир қанча шахс ҳаёти ва фаолиятини ёритиш кўзда тутилади. Бундан ташқари, “Мажолис ун-нафоис” – шоирлар, “Насойим ул-муҳаббат…” эса авлиёлар – ҳақидаги тазкира. Шунинг учун бу тазкираларнинг бирида Жомий шоир сифатида, иккинчисида авлиё тарзида таърифу тасниф этилади. “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да эса шоир ва авлиё, устоз ва раҳнамо – Жомий сиймоси бир бутун ҳолда гавдалантирилади.

“Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг композицияси ҳам – жуда ўзига хос. Асар – асосан, “Муқаддима”, уч мақолат ва “Хотима”дан, яъни жами беш қисмдан иборат. Бироқ унинг “Бисмилло…” деб бошланувчи алоҳида кириш қисми ҳам бор. Унда Навоий ҳамд ва наът, Жомий таърифидан кейин асарнинг ҳар бир қисмида айнан нималар ҳақида тўхталишини ўзи батафсил ҳикоя қилади.

Бешта асосий боб таркибига кирмаган “Бисмилло…” китобхонга ўзига хос тарзда йўл кўрсаткич вазифасини бажаради.

“Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг ҳар бир қисми нималардан таркиб топганини қисқача қайд этсак, қуйидагича манзара намоён бўлади:

“Бисмилло…” – ҳамд, наът, Жомий мадҳи, асарнинг мақсади ва режаси.

“Муқаддима” – Жомийнинг туғилиши, насаби, болалик ва йигитлик даври, устозлари ва пири, зоҳирий ва ботиний илмда эришган даражаси, Навоийнинг бу зот билан илк бор учрашгани.

“Аввалги мақолат” – икки ижодкор ўртасидаги нозик устоз-шогирдлик муносабатларини акс эттирувчи 17 та ҳикоят.

“Иккинчи мақолат” – Жомий ва Навоий ўртасидаги турли ёзишмалар ва улар билан боғлиқ воқеаларни қамраб олган 13 та ҳикоят.

“Учинчи мақолат” – Жомий асарлари рўйхати (жами 37 та китоб ва рисола саналган), шунингдек, икки буюк ижодкорнинг бир-бирига адабий таъсир этиши натижасида дунёга келган асарлар. Жами 12 масала.

“Хотима” – Навоий Жомий ҳузурида ўқиган ва таълим олган китоб ва рисолалар рўйхати, Жомийнинг кароматлари билан боғлиқ 5 ҳикоят, Жомий вафотининг тафсилотлари, Навоийнинг устозига атаб ёзган марсияси.

Навоий буюклигининг ўзига хос жиҳати шундаки, бу қалам соҳибига назмда ҳам, насрда ҳам тенгсиз асарлар яратиш қобилияти ато этилган эди. Аммо “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да Навоийни тамоман бошқа ижодкор сифатида кўрамиз. Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин каби тўқима тимсолларни ҳадди аълосига етказиб яратган шоир ўзи билан ҳамнафас яшаган реал шахс − Жомий сиймосини акс эттиришда бутунлай ўзгача йўлдан боради. Устози ва пирини таърифлашда турли жимжимадор, муболағага бой сўзлар, ифодалардан максимал даражада қочади. Ҳаётда ўзи кўрган, билган воқеаларни ўта аниқ қилиб ифодалайди. Энг муҳими, ҳеч ерда китобхонни чалғитмайди. Ҳаётий ҳақиқатни борлигича акс эттиради.

“Хамсат ул-мутаҳаййирин” – Ғарб адабиётшунослиги атамаси билан ифодалаганда, а г и о г р а ф и к асар. Чунки унда диний-тасаввуфий жиҳатдан комил шахс мадҳ этилади. Навоий бу асарда Жомийни фақат устози бўлгани учунгина эмас, балки комилликка етган тасаввуф вакили ва ўзининг пири бўлгани учун таърифу тавсиф этади. Ана шу жиҳати билан асар − мумтоз адабиётимиздаги м а н о қ и б жанрига мансуб. Бироқ “Хамсат ул-мутаҳаййирин” анъанавий маноқиблардан ҳам бирмунча фарқ қилади. Анъанавий маноқибларда ҳам, агиографик асарларнинг Европадаги намуналарида ҳам мадҳ этилаётган диний ёки мистик (тасаввуфий) жиҳатдан комил деб ҳисобланган асар қаҳрамонининг ибратли ҳаёт йўли, кароматлари, фалсафий хулосалари батафсил ҳикоя қилинади. Бироқ уларда муаллифнинг нуқтаи назари, асар қаҳрамонига бевосита муносабати (симпатияси) деярли акс этмайди. Шунинг учун ҳам, кўпгина агиографик асарларнинг муаллифлари – номаълум. Уларда муаллифнинг фикр-мулоҳазаси эмас, мадҳ этилаётган қаҳрамоннинг ҳаёти бирламчи аҳамият касб этган. Бундан ташқари, агиографик асарларнинг аксарияти қўлдан-қўлга кўчирилиб, йўл-йўлакай таҳрир қилиниб, матннинг шакл ва мазмуни ўзгариб, у жамоавий ижод маҳсулига айланиб бораверган. Шу сабаб бундай асарларда таъриф этилаётган тарихий шахсни идеаллаштириш учун муболағага кўп эрк берилган, реал воқеалар турли тўқима ривоятлар билан қўшилиб кетган.

“Хамсат ул-мутаҳаййирин”да эса тамоман бунинг аксини кўрамиз. Биринчидан, Навоий Жомийнинг бутун ҳаётини тўлиқ эмас, балки унинг ўзи кўрган-билган жиҳатларинигина ёритишни асосий мақсад қилади. Иккинчидан, фақат ўзи ишонган, гувоҳ бўлган воқеаларнигина баён этади. Учинчидан эса асарда қаҳрамоннинг эмас, балки муаллифнинг унга бўлган муносабати, фикр-мулоҳазалари бирламчилик қилади. Навоий устози сиймоси, яъни объектни ҳар тарафлама эмас, балки, асосан, ўзи яхши билган жиҳатдан, субъект нуқтаи назаридан туриб тасвирлайди. Шунинг учун ҳам, Навоий маноқиб-ҳолотлар анъаналари негизида янги бир жанрни яратган, деб ҳисоблаш мумкин.

Алишер Навоийнинг “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарлари бир-биридан қанчалик фарқли хусусиятлари билан ажралиб турмасин, барибир, уччаласи ҳам бир типдаги ва айнан бир жанрдаги асарлар ҳисобланади. Бу уч асарни бугунги кундаги жанрлар билан муқояса қиладиган бўлсак, улар бадиий публицистиканинг портрет очерк ҳамда тарихий-биографик эссега жуда яқин туради. Гарчи эссе дастлаб Европа адабиётида шаклланиб, такомиллашган бўлса-да, Навоийнинг бу уч асарини, эссе жанрининг ўзбек адабиётидаги дастлабки намуналари, деб айта оламиз.

Навоийнинг бу уч асари том маънодаги бадиий наср намунаси эмас. Реал тарихий шахслар ва воқеаларни ифода этгани, шунингдек, тимсолийлик(образлилик)ни сақлаб қолгани билан, барибир, бугунги тушунчалар асосида уларни публицистикага мансуб асарлар, дея оламиз. Шу ўринда Навоийнинг тенги йўқ шоир ёки ёзувчигина эмас, балки ўта маҳоратли публицист эканига ҳам гувоҳ бўламиз.

Навоий дастлаб яқин кишиси, қайсидир маънода пири Саййид Ҳасан вафотидан икки йил кейин, яъни ҳижрий 896, милодий 1490\91 йили “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарини ёзган эди. “Хамсат ул-мутаҳаййирин” билан бу анъанани давом эттирди. Жомий вафотидан бир йил ўтиб Навоийнинг яна бир қадрдони Паҳлавон Муҳаммад вафот этди. Шундан сўнг Навоий 1495 йили “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарини қоғозга туширди.

Навоийнинг айнан шу уч киши ҳақида улар вафотидан кейин асар ёзиши бежиз эмас эди. Чунки у бу учала шахсни ўзига энг яқин дўст, устоз, раҳнамо деб билган. Қолаверса, бу шахсларни Навоий замонасининг ўзи яқиндан билган авлиёсифат инсонлари сифатида тасвирлаган. Аммо буларнинг орасида, табиийки, Абдураҳмон Жомийнинг ўрни бутунлай бошқача эди. Шунинг учун “Хамсат ул-мутаҳаййирин” қолган икки “Ҳолот”га нисбатан ҳам номланиш, ҳам мазмун, ҳам ҳажм жиҳатидан кескин фарқ қилади. Шу ўринда: “Навоий Жомий ҳақидаги асарни нима учун ўз анъанасига кўра “Ҳолоти Абдураҳмон Жомий” деб эмас, балки “Хамсат ул-мутаҳаййирин” деб номлади?” – деган табиий савол туғилади.

Айнан шу саволга Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ”[1] асаридан жавоб топгандек бўламиз. Унда “Хамсайи мутаҳаййира” (“Ҳайратлантирарли бешлик”) ҳикояти келтирилади. Адибнинг ёзишича, бу ҳикоятни у ҳижрий 933 йилнинг жумадилохир ойи, яъни милодий 1547 йилнинг мартида Султон Муҳаммад Баҳодирхон билан Тошкент шаҳридан 1 фарсах (8 километр) масофа бўлган Парак дарёси бўйига овга чиққанида айнан шоҳнинг илтимосига биноан айтиб беради. Демак, бу ҳикоят халқ орасида кенг ёйилган. Унда келтирилишича, “Хамсайи мутаҳаййира” силсиласининг бошлиғи Абдураҳмон Жомий бўлган. Бу ҳайратлантирарли бешликка яна Мавлоно Камолиддин Шайх Ҳусайн, кашф соҳиби – Мавлоно Шамсиддин, Мавлоно Довуд ва Мавлоно Муъин Тунийлар киришган. Зайниддин Восифий бу бешликни санар экан: “Бирор ақл эгаси буларга олтинчи бўлиб қўшила олмади”[2], – деб ёзади.

Бу беш талаба 18 ёшларида ўз замонасининг кучли мударрисларидан бири Амир Саййид Шариф қўлида таҳсил олишар эди. Дарсларнинг бирида ўртага мураккаб бир масала ташланади. Шогирдлар билимдонликми, маҳмадоналикми қилиб, шу хусусда маъруза ўқиётган устознинг сўзини етти марта бўлишади. Али Қушчининг “Шарҳи тажрид” асари мутолаасида эса илми толиблар устознинг фикрига бутунлай қарши чиқишади. Шогирдларини илм жиҳатдан енголмаган Амир Саййид Шариф ҳийла йўлига ўтиб, ўзини касалга солади ва йигитларга қирқ кун таътил беради. Ўзи эса камчиликларини тўлдириш учун мук тушиб китоб ўқишга киришади. Бироқ шогирдлар ҳам анойи эмас эди. Улар вақтни бекор кетказмаслик учун чора излашарди. Ён-атрофда буларга бас келадиган мударрис топилмасди. Шунинг учун улар ҳар куни қуръа ташлаб, ўзларининг ораларидан бир мударрис сайлашар эди. Биринчи куни дарс бериш Абдураҳмон Жомий чекига тушади. Шундай қилиб, талабалар бир-бирларига дарс бериб, ўз билимларини янада чархлаб боришади. Устоз Амир Саййид Шарифнинг ҳам кўнгли хотиржам эди. У: “Шогирдларим бекорчиликда юрибди, мен эса тинмай ўқиб, уларни енга оладиган даражада далиллар тўпладим”, – деб ўйлаганди. Бироқ таътилдан сўнг шогирдларини ўз ҳузурига чорлаб, маърузани бошлаган устозни талабалар илм билан яна рад эта бошлашади. Шундан сўнг Амир Саййид Шариф: “Боринглар, қаерни кўнглингиз тиласа, шу ерга бориб, дарс бераверинглар”[3], – деб шогирдларига жавоб бериб юборади.

Зайниддин Восифий ҳикоя якунида шундай ёзади: “Мавлавий (Амир Саййид Шариф − Ф. О.) ҳузуридан чиққанларидан кейин Мавлоно Жомий ишқ ва тасаввуф водийсига шўнғидилар. Мавлоно Шайх Ҳусайн ва Муъин Туний таҳсил ва мутолаага машғул бўлдилар. Мавлоно Довуд эса Султон Маҳмуд ибни Султон Абусаъид Мустанд садрлигига сайланди. Мавлоно Шамсиддин соҳиби кашф Султон Абусаъиднинг садри бўлди”[4].

Шундай қилиб, илм-маърифатнинг чўққисига чиққан бу бешлик халқ орасида “Хамсайи мутаҳаййира” номи билан машҳур бўлади.

Алишер Навоийнинг Жомий ҳақидаги асарига “Хамсат ул-мутаҳаййирин” деб ном бериши ҳам – шу машҳур воқеа билан бевосита боғлиқ. “Хамсайи мутаҳаййира” воқеаси ўз даври ўқувчиси учун маълум бўлгани учун ҳам муаллиф асарнинг номи ва воқеа ўртасидаги боғлиқлик ҳақида ҳеч нарса демаган. Шу далилларга асосланиб, “Хамсайи мутаҳаййира” воқеаси асарнинг номланиши ва айнан беш қисмдан таркиб топишини белгилаб берган, деган хулосага келамиз. Аслида, Навоий устози ҳақида беш эмас, балки бир неча қисмдан иборат асар ёзиши мумкин эди. Агар, муаллиф “5” сонининг халқ оғзаки ижоди ва мумтоз адабиётдаги анъанавийлигини инобатга олган, десак, “7” рақамининг ўрни ундан ҳам каттароқ эди.

Демак, Навоийнинг “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асари номида юқоридаги ҳикоятга ишора бор. Шунинг учун ҳам бу асарнинг номи ва тузилиши муаллиф қаламига мансуб икки “Ҳолот”дан кескин фарқ қилади.

Умуман, XV аср адабий муҳити, хусусан, Жомий ва Навоий муносабатларини ўрганиш учун бу икки даҳо ёзган асарларнинг ўзи камлик қилади. Муносабатлар қиёфасини янада ёрқинроқ очиб бериш учун уларга замондош бўлган бошқа адибларнинг асарларини ҳам чуқур тадқиқ этишимиз керак. Шундагина ўша даврдаги адабий муҳит, ўша замонда яратилган асарлардаги маъно-мазмунни теранроқ англаймиз. Агар Зай­ниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ”сида “Хамсайи мутаҳаййира” ҳикояти бўлмаганида, “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарининг номланиш моҳиятини тўлиқ англамаган, унинг номланишини фақат асарнинг беш қисмдан иборат эканигагина боғлаб тушунтирган бўлар эдик. Бу эса тарих ҳақиқатини чуқур англашга имконият яратмас эди.

Биз мулоҳаза юритган бешта билимдонга нисбатан ишлатилган “Хамсайи мутаҳаййира” иборасининг ўзи ҳам – рамзий маънога эга. Бу ҳақда “Ғиёс ул-луғот”дан қимматли маълумот оламиз: “Хамсайи мутаҳаййира” – Ой ва Қуёшдан ташқари, бешта сайёра бўлиб, булар Уторуд (Меркурий), Зуҳра (Венера), Миррих (Марс), Муштарий (Юпитер) ҳамда Зуҳал (Сатурн)дан иборат. Уларни шунинг учун “мутаҳаййира” дейдиларки, улар гоҳ-гоҳ ўзларининг асосий, табиий йўлларидан чекиниб, ўзларига яқин тарафга қараб ҳаракат қила бошлайди. Яна у томондан қайтиб, ўзларининг доимий йўлларига тушиб олади”[5]. Шундан хулоса қилиш мумкинки, Жомий бошлиқ бешлик ана шу улкан сайёраларга менгзалган. Бешликнинг бир баҳона туфайли устоздан чекиниб, 40 кундан сўнг яна мударрис олдида тўпланишини ҳам беш сайёранинг юқорида санаб ўтилган хусусиятига ўхшатиш мумкин.

“Хамсат ул­-мутаҳаййирин”да Жомий ва Навоий муносабатларининг турли томонлари акс этган бўлса ҳам, аввало, улар ўртасидаги ҳақиқий устоз-шогирдлик ришталари кўрсатилади. Жумладан, асарда муаллиф эринмасдан устози ҳузурида таълим олиш ва фойдаланиш юзасидан ўқиган китоблари рўйхатини ҳам келтириб ўтади. Бундан ташқари, Навоий Жомий “Хамса” билан “Ҳафт авранг”ни қиёслаш йўли билан овоз чиқариб ўқиганида тинглаганини, шунингдек, баъзи рисолалар Жомий олдида ўқилмаган бўлса ҳам, улардаги айрим мураккаб жойларни устоздан сўраб турганини ёзади. Ана шу маълумотлар Жомийнинг, ҳақиқатан ҳам, Навоийга тўғридан­-тўғри муаллим, мударрис, чинакам устоз эканини яна бир карра исботлайди.

Жомий ва Навоий ўртасида ўта кучли адабий алоқа бўлган. Бу “Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг деярли ҳар бир саҳифасида акс этиб туради. Навоий Жомийнинг турткиси билан кўплаб асарлар яратган бўлса, ўз ўрнида устоз ҳам шогирдининг даъвати билан йирик-йирик асарларга қўл уради. Бу таъсирни Навоий фахр билан қайта-қайта такрорлашдан чарчамайди.

Энг муҳими, устоз ва шогирднинг бир-бирига ҳурмат-эҳтироми, меҳр-муҳаббати – чексиз. Бундан ташқари, икки буюк қалам соҳибининг адабий дид ва савиялари – деярли бир хил даражада. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун “Хамсат ул-мутаҳаййирин”даги турли ҳикоятларни ўқишнинг ўзи – кифоя.

“Хамсат ул­-мутаҳаййирин” Жомий ва Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатларини ёритиш учун энг мўътабар илмий-тарихий манба ҳисобланади. Нафақат навоийшунос, балки жомийшуносларнинг ҳам бу бебаҳо асарга мурожаат этмай иложлари йўқ[6].

“Хамсат ул-мутаҳаййирин” ҳам Жомий, ҳам Навоий ҳаёти, фаолияти, айниқса, ижодини тадқиқ этишда бирдек хизмат қилаверади. Энг муҳими, бу асар икки буюк қалам соҳибининг ўзаро юксак муносабати, қолаверса, бир буюк тарихий шахснинг иккинчи бир бемисл даҳога бўлган чексиз ҳурмат-эътиборини намоён этади. Бу эса мазкур асарнинг қадр-қиммати юксак эканидан далолат беради.

Навоий Жомий билан айнан қайси йили учрашганини қайд этмаган. Бироқ “Хамсат ул-мутаҳаййирин”даги айрим маълумотлар, бу иккала шахс Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллаган 1969 йилдан кейин илк бор кўришишган, деб хулоса қилишга ундайди. Шу йилнинг апрелида Навоий Самарқанддан Ҳиротга қайтиб келгани − аниқ. Жомий ва Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатлари дастлабки учрашувдан бошланган бўлса ҳам (Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да Жомий биринчи кўришишдаёқ “Рисолайи қофия”дан сабоқ берганини алоҳида таъкидлайди), пир-муридлик ришталари кейинроқ боғланган. Евгений Бертельс, Навоий 1476/77 йили Жомий бошчилигида нақшбандийлик тариқатига кириб, унга мурид тушган, деб ҳисоблайди.

Жомий тасаввуфда нақшбандия тариқатининг йирик вакили эди. У зимдан нақшбандияга руҳан мос бўлган маломатия оқимига, унинг одобига амал қилар эди. Буни Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да алоҳида таъкидлаб ўтади. Маломатийларнинг ботиний оламлари зоҳирда акс этмаслиги, яъни улар ташқи тарафдан оддий одамлардан асло фарқланмаслиги, шунингдек, уларнинг сўфийлигини ҳеч ким сезмаслиги керак. Улар ўта камтарлик билан ўзларига маломат ёғдиришни истаганлар. Бирор кишидан маломат кўрса, яъни кимдир уларни камситса, менсимаслик қилса, буни улар ўзлари учун фахр деб билишган. Жомий ҳам камтарликнинг олий намунасини кўрсатиб, ўзига маломат ёғдиришни хуш кўрган.

Маноқиб жанрининг талабига биноан, унда мадҳ этилаётган диний-тасаввуфий вакилнинг камолоти, эришган даражаси кўрсатиб берилиши керак. Шу жиҳатдан олиб қараганда, асарда Жомийнинг ҳам тасаввуфда тутган ўрнини белгилаб бериш муаллиф олдидаги муҳим масалалардан бири эди. Навоий Жомийнинг, зоҳирий илмлар билан бир қаторда, ботиний илмларни ҳам эгаллаганини таъкидлаб, уларни қуйидагича учга бўлиб кўрсатади:

Биринчиси – шеър, Жомий унинг ҳар турида ижод қилиб, барча шоирлардан кўра ҳам кўпроқ шуҳрат қозонди.

Иккинчиси – олдин ўтган шайх ва авлиёларнинг тасаввуфга оид, тушуниш мураккаб бўлган турли китобларини шундай шарҳлаш санъатини қўлга киритдики, бундан кўплаб эҳтиёжмандлар баҳраманд бўлди.

Учинчиси – тариқат одоби бобида шундай нозик йўл тутдики, унинг дунёвий илмлар, шеъриятдан ҳам улуғроқ бўлган ниҳоний иш, яъни тасаввуф билан машғул бўлганини атрофдагилар деярли билмади ва фаҳмламади ҳам.

Навоий устози ва пирини “кошифи сирри Илоҳ”, яъни “Илоҳ сирларини кашф этувчи” деб таърифлайди. Бу таърифни унча-мунча кишига нисбатан қўллаб бўлмайди. Жомийнинг бу илоҳий даражасини ҳар ким ҳам сезавермаган. Навоий эса бевосита гувоҳ сифатида устозининг пирлик хусусиятларини замондошлари ва келажак авлодга билдириб кетишни ўзининг бурчи деб билди, шу масъулиятни бўйнига олиб, айни вазифани ҳалоллик, адолат ва маҳорат билан адо этди.

Мустабид тузум даврида Жомийнинг ҳаёти, илмий-адабий мероси хусусида талайгина тадқиқотлар амалга оширилган. Бироқ унинг сўфийлиги масаласини етарлича ўрганишга имкон берилмаган. Шунинг учун ҳам бугунги кун Жомий ва Навоий ҳаётининг тасаввуфий жиҳатларини янада изчил, ҳар тарафлама ва чуқур ўрганишни талаб этади.

Жомий ва Навоий ўртасидаги илмий-ижодий яқинлик масалаларини ўрганишда шу икки буюк ижодкор ёзиб қолдирган бебаҳо мерос энг асосий манба бўлиб хизмат қилади. Жумладан, “Хамсат ул-мутаҳаййирин” ана шу нозик масалани ҳал этишда энг ноёб манба ҳисобланади.

Фаррухбек Олим, тадқиқотчи

“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон

[1] “Бадоеъ ул-вақоеъ” (“Нодир воқеалар”) – Зайниддин ибн Абдужалил Восифий (тахминан 1485\86 – 1566)нинг эсдалик сифатида ёзган асари.

[2] Зайниддин В о с и ф и й. Бадоеъ ул-вақоеъ. Т.: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 1979. 184-бет.

[3] Ўша манба, 186-бет.

[4] Ўша манба, ўша бет.

[5] Ғиёс ул-луғот. 1-жилд. Душанбе. Нашриёти “Адиб”, 1987. саҳ. 313.

[6] “Хамсат ул-мутаҳаййирин” тожик тилига ҳам таржима қилиниб, чоп этилган. Қаранг: Хамсат ул-мутаҳаййирин. Д.: Нашриёти “Адиб”. 1989.