Маълумки, ўзбек поэзиясининг рус тилига таржималари ХХ асрнинг 20-йилларидан бошланган. Ушбу даврда таржима амалиёти олдидаги долзарб масала, бизнингча, Европа ва рус адабиётидан таржима адабий алоқаларини йўлга қўйиш орқали халқаро маданий муносабатларнинг мустаҳкам пойдеворини ўрнатиш ва янги ҳукуматнинг ташқи ва ички сиёсатини маҳаллий аҳолига ўз она тилида тушунтириш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилишдан иборат эди. Шу тариқа шўро ижтимоий ва сиёсий ҳаётини кўтаринки руҳда куйлаш поэзиянинг етакчи мавзуси ва ғоясига айланди, ана шу руҳдаги шеърларни таржима қилиш муҳим аҳамиятга молик ҳисобланди. Бундан ташқари, таржима санъати барча даврларда ҳам бадиий тафаккур ривожига хизмат қилувчи адабий-эстетик ҳодиса саналган. “Миллий тиллардан рус тилига – рус тилидан миллий тилларга таржима янги шўро адабиётининг қудратли тараққиёт омилларидан бири”[1] ҳисобланди. Ушбу вазифани ўташда воситачилик қилган рус тилини ўрганиш давр талаби эди, бироқ рус тилини билувчи мутахассисларнинг етишмаслиги, таржима соҳаси фан сифатида ривожланишнинг дастлабки босқичда эканлиги ва унинг назарий-услубий жиҳатлари амалиётга эндигина кириб келаётган пайтда таржима савиясини мукаммал даражага кўтариш осон кечмади. Бунинг устига ўзбек тилидаги шеърий асарлар рус тилига асосан подстрочник – таглама орқали ўгирилганлиги ҳам таржимонлар малакасининг қай даражада эканлигидан далолат беради. Шу сабабли шўро даври таржима тарихида жуда кўплаб зиддиятлар учраган. Улардан бири таржимага максимал жиҳатдан аниқлик билан ёндошишга уриниш – эквивалентлик ва бир тизимга келтиришга амал қилиш бўлса, яна бири матнни ғоявий қайта ишлашнинг зарурлиги туфайли таржима қилиниш керак бўлган матнлар мафкура руҳида қайта ишланарди. Подстрочник, яъни сўзма-сўз қилинган таржима ишчи ўгирма сифатида подстрочникни асосий ўринга олиб чиққан эди. Таглама таржима қилиб бериш аксар ҳолларда муаллифнинг ўзи томонидан амалга оширилар эди, зеро, давр зиёлилари, қалам аҳллари биринчилардан бўлиб рус тилини ўрганишга киришган эдилар. Маълум муддат Туркистонда яшаб илмий-ижодий фаолият олиб борган рус шоир-таржимонлари И.Зиборов, Г.Веселков, В.Титов-Омский, Л.Пенковский, маҳаллий таржимонлар Рустамова-Загорская, И.Чекменовлар ўзбек адибларининг достон ва лирик асарларини асосан муаллифлар берган таглама воситасида таржима қилишган. Матбуотнинг русча таҳририятида ишлаган адабий ходимлар шу газета ёки журналга келиб тушган подстрочник таржималарга қайтадан бадиий тус бериб, таҳририят талабига мослаштириб, нашрга тайёрлаганлар. Ўзбек шоирларининг ўша даврдаги шеърий таржималари асосан, шу тарзда рус ўқувчисига етказиларди. Бу ишда самарали меҳнат қилиб, Чўлпон, Ойбек, Ғайратий, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун шеърларини рус тилига таржима қилган таржимон В.Титов-Омский ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Юқорида айтилган шоирлар шеърларининг илк таржималари В.Титов-Омский ижоди билан боғлиқ. В. Титов-Омскийнинг шоир ва таржимонлик фаолияти ҳақида ҳозирда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона Нодир нашрлар фондининг инв. Г-11 йиғма жилдида сақланаётган 30-йилларда чиққан маҳаллий “Литература Средней Азии” (Ўрта Осиё адабиёти) газетаси материаллари орқали маълумотларга эга бўлдик. Ушбу газета саҳифаларида мунтазам равишда Ўрта Осиё республикалари адабий муҳитида бир-бирига айнан рус тили воситасида қилинган таржималар бериб борилган. В.Титов-Омский билан бир қаторда М.Родионов, Б.Бессонов, А.Лаврентьев, Раваш, Ҳафиз, Агишев, Г.Шенгели, А.Тарковский, Н.Панова қаламига мансуб бўлган Марказий Осиё шоирлари ижодидан бир неча таржималар газетхонлар эътиборига ҳавола қилинган. Масалан, юқорида номлари келтирилган ўзбек шоирлари қаторида О.Собирова, Ҳасан Пўлат, ёзувчилардан А.Қодирий, А.Қаҳҳор, Исроилов, Ш.Сулаймонлар, В.Титов-Омскийнинг туркман шоирлари Чориев, Хожи Ниёз Мурт, қорақалпоқ шоири Жўлмирза, қирғиз шоири АалиТоқамбоев, қозоқ шоири С.Муқонов шеърларидан қилган таржималар қардош республикалар ўртасида ўрнатилган адабий кўприк вазифасини ўтади. В Титов-Омский газетанинг “литературный обработчик”и (адабий ношир) бўлиб ишлайди. Ўша газетада фаолият кўрсатган адиб, шоир ва адабиётшунос М.Жолондзнинг таърифлашича, таржима жараёнида учта фигура иштирок этади: аслият муаллифи, адабий ношир, таглама билан таъминлайдиган шахс[2]. Таржима тилини билмаслик оқибатида таглама тақдим этилган ва уни олган адабий ношир бадиийлаштириб, таҳририят талабига мос равишда қайта ишлайди. Жараённинг охирида ўша таржимага таглама берган шахснинг эмас, балки адабий қайта ишловчининг исми-шарифи ёзилади. (Масалан, Айбек “Песня о железе”. Перевод и литературная отработка В. Титова-Омского). Таржима жараёнида иккиси ҳам бирдек меҳнат қилганлиги аён бўлади, чунки “адабий қайта ишловчи” таглама таржимасиз муаллифнинг бадиий услуби ва тасвир санъатини ўзлаштира олмаслиги мумкин, ўз ўрнида таглама берган учинчи шахс ҳам таржимани бадиий мукаммалликка олиб чиқа олмайди. Натижада, таржима сифатидаги асар бадиий ва сифат жиҳатидан саёз асарга айланиши мумкин. Шу ўринда таржимашунос А.Федоровнинг “Искусство перевода и жизнь литературы” монографиясида таглама таржиманинг салбий хусусиятига доир “подстрочник таржимада поэтикликни акс эттирмайди, у шунчаки формал жиҳатдан асл нусха ўрнини босишга хизмат қиладиган воситадир” деб берган таърифини[3] эслатиб ўтиш жоиз. Ўз даврида А.С. Пушкин, В.Г. Белинский, В. Жуковскийлар ҳам бундай таржима қилиш усулини қоралаганлар.
В.Титов-Омский Фитратнинг “Пахта” (Хлопок), Ойбекнинг “Темир ҳақида қўшиқ” (Песня о железе), Ҳамид Олимжоннинг “Болтабой”, Ғайратийнинг “Илғор қиз Қумри” (Ударница Кумры) каби шеърларини таржима қилади. Бу шеърларда асосан, ўша даврга хос бўлган ижтимоий тараққиёт ғоялари поэтик мотивларга сингдирилган. Ўша йиллар шеъриятининг лирик қаҳрамони социалистик қурилишларда фаол иштирок этиши керак эди. Шу боис, рус миллатига мансуб зиёлилар бундай сиёсатнинг ташвиқотчиси сифатида таржима ишида ҳам ўз ўрнини топди. В. Титов-Омский шулардан бири сифатида танилган эди. Унинг ижодида она тилимизга қариндош бўлган тиллардан ҳам қилинган таржималарнинг ўз ўрни бор. Умуман, 30-йиллар таржима амалиётида бир таржимоннинг бир неча тилдан ўгириш тенденцияси шуниси билан устун эдики, тилларни билмай туриб ҳам таглама кўмагида турли тилдаги таржималарни амалга ошириш мумкин бўлган. Бундан В.Титов-Омский ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, туркман тилларини билмай туриб, таглама ёрдамида таржималарни маромига етказган экан, деган хулосага келиш табиий. М.Жолондзнинг: “… бизда таржима тилларини мукаммал эгаллаган ижодкорлар йўқ, шу боисдан, обработчик (қайта ишловчи) деган атама пайдо бўлди”[4], деб келтирган маълумотидан англаш мумкинки, В.Титов-Омский ва ўша давр таржима муҳитида ижод қилган кўпчилик шоир-таржимонлар Марказий Осиё халқлари тилларини деярли билишмаган. М.Жолондзнинг фикрича, тилни билмай таржима қилишда таржима сифатига рахна соладиган икки хавф мавжуд бўлиб, афсуски, ўша даврда Ўрта Осиёлик таржимонларда бундай ҳоллар кўп учраган. Буларнинг биринчиси, маҳаллий шоирларнинг нафақат тилини, балки урф-одатларини ҳам билмаслик натижасида таржимада миллий колоритни ва миллий руҳ, оҳангни ҳам бой бериб қўйиш хавфи, иккинчиси, айрим адабий ноширлар таглама берилган асарга атайлаб “қўл урадилар” ва ўзларини таҳрир қилган шахс сифатида баҳолаб, шеър остига “Перевод и литературная обработка такого-то” деб ёзиб қўйишга журъат этадилар.[5] Фаолиятни ижобий томонга буриш учун шеър муаллифи билан “обработчик” ҳамкорлигида таржима қилиш керак. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, аслият тилини яхши билмаслик оқибатида таржиманинг тақдири М. Жолондзнинг ташвиш чекканидек, сунъий тарзда кечган. Бу ҳолатни В. Титов-Омскийнинг қирғиз шоири Аали Тоқамбоевнинг “Ўтзорчилик станцияси” (Луговая станция) шеъри таглама таржимаси мисолида асослаб беради. В.Титов-Омский мисолида деярли барча таржимонларнинг ишлари юзаки ва пала-партиш эканлиги, шоир-ёзувчиларнинг бундан дили хира бўлаётгани ҳақида сўзлаб, бундай салбий ҳолатларга чек қўйиш пайти келди, деб таъкидлайди. Демак, тилни билмасдан туриб таржима қилишда таржимонга мадад бўлувчи омил лисоний ва ғайрилисоний омиллар билан боғлиқ ҳолатдир, яъни таржимоннинг аслият халқининг этник, географик, маданий ва сиёсий ҳаётидан бехабарлигидир. Ўз навбатида айни муаммо туфайли, адиб-ижодкорлар собиқ иттифоқдош республикаларнинг яшаш тарзи, ўлка табиати, урф-одатларини ўрганиш, қолаверса, муаллифлар билан учрашиш мақсадида ижодий сафарлар ташкил қилиш анъанага айланди. Бундай сафар ўша халқнинг яшаш тарзи, урф-одатлари, миллий ўзига хосликларини ўрганиш ва шундан сўнг асар таржимасига муаллифнинг ўзидек меҳр-муҳаббат билан ишга киришишни тақозо этади. С. Валайтес ўзининг “Таржиманинг юқори сифати учун” мақоласида Ўзбекистонда ижод қилаётган рус шоирларининг таржимада ижобий натижага эришиш учун асл нусха ватанини жонли кўз билан кўриш тамойилининг тарафдори эканини қуйидаги мисолдан билиш мумкин: “Таржима моҳият эътибори билан фақат филологиянинг иши эмас, унинг кўпмиллатли мамлакатда миллион-миллион китобхонлар қўлига рус тили орқали етиб келадиган асарлар муаллифларини таниш ва ўша халқ, миллат ҳақида аниқ тасаввурларнинг тарқалиши сабабли у сиёсий вазифани ҳам ўтайди. Ўрта Осиё таржимонлари аслиятни таржима қилишда икки хил натижага эришмоқдалар, яъни асл нусха билан таржиманинг бир-бирига номувофиқлиги улар ўртасида кескин фарқни ҳосил қилаяпти ёки аксинча, асл нусха билан таржима солиштирилганда таржиманинг аслиятга нисбатан авторлаштирилиб берилиши учрамоқдаки, ҳар иккисини ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди. Таржимани аслият билан ақалли минимум даражада яқинлаштириш учун мутаржим аслият ватанида, халқ орасида бўлиб маҳоратини ошириб бормоғи, ўзига нисбатан талабчан бўлиши лозим. Шунда унинг таржимонлик, ҳам маданий, сиёсий, адабий ихтисослиги ошади ва бошқа томондан, асл нусхага тирикчилик важидан эмас, балки санъат иши даражасида ёндашиб, аслиятни ўзининг шеъридек қабул қилишни ўрганади”. С.Валайтес рус шоири В.Брюсовнинг арман поэзиясидан таржима қилиши учун Кавказортига саёҳат қилганини мисол келтириб, таржима қилишни ният қилган ҳар қандай таржимонни муаллиф юртини қандайдир манбалардан ўрганишни эмас, балки ўз кўзлари билан кўриб келмоғи лозимлигини уқтиради.
Тилни билмай туриб таржима қилиш мумкинми деган саволга назариянинг махсус тамойиллари ва қоидаларига таяниб, олимлар ҳар хил йўсинда жавоб берадилар. Улар асосий гап – тилни билмай таржима қилишда эмас, таржиманинг натижаси қандай чиқишида, деган хулосага келадилар. Таржимоннинг таржима тилини билиш ва билмаслик ҳақидаги мунозаралар ўзининг аниқ тўхтамига эга эмас деб ўйлаймиз. Айрим олимлар аслият муаллифи билан бамаслаҳат иш кўришни тавсия қиладилар, аммо муаллиф билан замондош бўлмаган тақдирда, бунга қандай эришиш мумкин? Тадқиқотчи С.Саидов, таржимон аслият тилини билмаган тақдирда ёки муаллиф билан замондош бўлмаса, асар яратилган давр тарихини ўрганиш, ўша халқнинг миллий анъаналари билан яқиндан танишиш ва шу тилни биладиган мутахассис билан маслаҳатлашишни таклиф этади.[6] (Бу таклиф аксарият билвосита таржима қилувчи таржимонларга қаратилганлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз). Мукаммал таржимани яратиш учун Эткинд хулосаси бўйича, тилни билиш, муаллиф яшаган юртни кўриш, М.Жолондзнинг фикрича, муаллиф билан маслаҳатлашиш, С.Саидовнинг талқинича, мутахассис кўмагига таяниш лозим. Юқорида кўзда тутилган омилларнинг бирортасидан фойдаланиш имконияти бўлмаса, таржимон меҳнати қандай баҳоланади, деган савол туғилиши табиий. Бунга жавобан 30-йилларда Туркистонда рус ва немис, инглиз, француз тилларидан ўзбек тилига Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжонлар томонидан ўгирилган асарлар таржима адабиётимизни бойитганлигини эслатиб ўтиш кифоядир. Таниқли олима Н.Владимированинг таъкидлашича, бу даврдаги Европа тилларидан ўзбек тилига таржималарнинг муваффақиятли чиққани таржимонларнинг асарни ўзга тилда қайта яратиш маҳоратида акс этади.[7] Бундан маълум бўладики, таржималар юқорида санаб ўтилган омилларнинг бирортасига мансуб ҳолатда юзага келмаган, бироқ таржимонларнинг юксак малакаси, маҳорати ўлароқ, яъни таглама воситасида ҳам юксак дидли таржималар яратилган. Демак, таглама усулида таржима қилишнинг ўзига яраша афзал томонлари ҳам бўлганки, ундан 80-йилларгача ҳам воз кечилмаган. Бинобарин, Максим Рильский “подстрочник амалиёти вақт нуқтаи назаридан туриб баҳоланадиган ишдир, чунки айнан ана шу восита таржима тарихи тадрижида минг-минглаб таржима асарларининг юзага келишидек улкан воқеага сабаб бўлган”[8], дея тагламанинг мураккаб ҳодиса эканлигини изоҳлаб беради.
Фикримизни хулосалаб шуни айтмоқчимизки, шеърий таржима амалиётида баҳс-мунозарага сабаб бўлувчи мавзулар доим топилади. Зеро, таржима жараёни ҳар бир шеър таржимаси яратилаётган пайтдан бошланар экан, унда янгича амалий ва назарий фикрлар туғилади. Бироқ, таржимоннинг муаллиф руҳий олами ва дунёқараши билан муштараклиги таржима олдида турган асосий талаб бўлиб қолаверади.
Дилнавоз Салимова,
ЖДПИ катта илмий ходим-изланувчиси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 4-сон
[1] Саломов Ғ. Таржима назариясига кириш-Т.: “Ўқитувчи”. 1978. Б. 21.
[2] Жолондз М. О качестве переводов.,/Газета “Литература Средней Азии”. №14.;от 6 мая 1934г.;С. 4.
[3] Федоров А. Искусство перевода и жизнь литературы-«Советский писатель», Ленинградское отд. 1983,С. 28.
[4] Жолондз М. О качестве переводов.,//Газета “Литература Средней Азии”. №14.;от 6 мая 1934г.;С. 4.
[5] Ўша манба.
[6] С.Саидов. Давр тақозоси.//Таржима санъати. Мақолалар тўплами- Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти – 1976. Б.204.
[7] Бу ҳақда қаранг: Владимирова.Н.В. Развитие узбекской прозы ХХ века и вопросы художественного перевода.-Т.: «Фан» Акдемии наук РУ, 2011, С. 210.
[8] Рыльский М.Ф. Мастерство перевода. Статьи. Заметки. Письма. пер.с укр.-М.: Советский писатель, 1986. С.90.