Алишер Навоий асарлари матнида ўз даврининг турли илм-фан, касб-ҳунарга оид кўплаб атамаларини ҳам маҳорат билан қўллаган. Улардан баъзилари асрлар давомида ўзгармай бизнинг давримизгача ҳам истеъмолда бўлса, айримлари бугун истеъмолдан чиқиб, тарихий ёки архаик сўзларга айланиб улгурган[1]. Тарихий-ҳуқуқий истилоҳлар ана шундай атамалар сирасига киради. Уларни икки гуруҳга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ. Биринчиси – муаллиф тилидан баён қилинган маълумот, эслатма, зикрларда қўлланилган бўлиб, бунинг ёрқин мисоли “Мажолис ун-нафоис” ва “Насойим ул-муҳаббат” тазкиралари бўлса, иккинчиси эса, асар қаҳрамонлари тилидан баён қилинади ва унинг ёрқин намуналарини “Хамса” достонларида кўрамиз.
Навоий ижодида қўлланган тарихий-ҳуқуқий истилоҳлардан бири бу – қадим хонавода атамасидир. У хонавода, хонаводайи қадим шаклларида учрайди. Бу сўз луғатларда, асосан, хонадон, хонавода шаклида берилган, демак, қадим хонавода, хонаводаи қадим ясама бирикма кўринишида Навоий ижод қилган тарихий-ҳуқуқий атама бўлиб, у давлат бошқаруви билан боғлиқ ва асрлар давомида давлатни бошқарган бир сулолага нисбатан қўлланилади, баъзи луғатларда оила каби маънолари ҳам кўрсатилган[2]. “Мажолис ун-нафоис”нинг иккинчи мажлисида келтирилган шоҳ Бадахшон зикрида Навоий уни бир марта қадим хонавода ва уч марта хонавода шаклларида ишлатган. Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, қадим хонавода, хонаводаи қадим бирикмалари олдидан сулола, насаб сўзлари қўлланилса, атама маъноси янада аниқлашади. Навоий “Аларнинг сулоласи қадим хонавода эрди”, деб ёзиши мумкин эди, аммо у “Аларнинг хонаводаси қадим хонавода эрди” деб битиб, бу сулоланинг давомли давлат бошқарувига алоҳида эътибор қаратган, дейиш мумкин: “Шоҳ Бадахшон – “Лаълий” тахаллус қилур эрди. Хуштабъ ва мусулмонваш киши эрди. Аларнинг хонаводаси қадим хонавода эрди, неча минг йил эрдиким, Бадахшон мулкининг салтанати аларнинг хонаводасидин ўзга хонаводаға интиқол топмайдур эрди…”[3].
Навоийнинг бу маълумотига ҳамоҳанг маълумот Бобур Мирзонинг “Бобурнома” асарида ва Фахри Ҳиравийнинг “Равзат ус-салотин” тазкирасида[4] (“қадим хонавода” тушунчасини таржимон таржимада бир неча йил шаклида хато ўгирган – Б.Р.) ҳамда Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий”[5] тарихий асарида (унинг маълумоти анча мукаммал бўлиб, у Искандар тузган “Дастур-ал-амал”, яъни давлат бошқариш қоидалари ҳақида ҳам ёзган – Б.Р. ) учрайди. Бобур Мирзо бобоси Юнусхон ҳақидаги тарихий эслатмада шундай ёзади: “Хоннинг яна бир хотуни Шоҳбегим эди… Шоҳбегим Бадахшон шоҳи Шоҳ Султон Муҳаммаднинг қизи эди. Бу Бадахшон шоҳлари насабларини Искандар Файлақусқа етар дерлар”[6]. Бобур Навоий қўллаган хонавода, қадим хонавода тарихий-ҳуқуқий атамасига янада аниқлик киритиб, Бадахшон шоҳларининг насаблари – хонаводаси Искандар Файлақусдан бошланишига алоҳида урғу беради. Навоийнинг ўзи “Тарихи мулуки Ажам”нинг “Икинчи табақа каёнийлардур” номли бобида “Ва алар тўқуз киши салтанат қилдилар. Ва баъзи Искандарни доғи алардин тутубдурлар ва ўн дебдурлар… Ва фақир “Садди Искандарий”да ул ики бузругвор (Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий – Б.Р.) қавлини сойир муаррихлар аҳволиға таржиҳ қилиб, назм адосига қарор берибмен” (16, 205-217), деган маълумотида далилу изоҳлар билан шарҳлайди. Достоннинг XXVII бобида Доро ўлими олдидан шоҳ Искандарга учта васият қилади. Шундан иккинчисида қавму хайлимға зулм қилма, улар каёнийлардан бўлиб, сенга адоват қилмайди, карам қилсанг, “хонадони қадим” хайлинг бўлади, деган мазмунни ифодалар экан, бу атамани Ажам шоҳларининг иккинчи сулоласи, яъни каёнийларга нисбатан қўллаган:
Хабо айлама хонадони қадим –
Ки, йўқтур алардин санга ҳеч бим (11, 191)
Фақиҳ Навоий инсонларни ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатга чақириб ёзар экан, “Садди Искандарий”нинг “Мухолифат” номли бобида “тўфон” ва “вайроналик” тимсоли бўлган адоват фақат аҳли санъат аро эмас, балки аҳли давлат аро ҳам борлигидан огоҳлантиради ва бу ўринда хонадони қадим атамасидан жуда ўринли фойдаланган ҳамда ўз фикрларининг башорат эканлигига ишонтира олган.У адоват неча минг асрлар давомида давлатни бошқарган хонадони қадимнинг бузилишига, вайрон бўлишига олиб келади, деган ҳақиқату ҳулосаларини шундай бадиий талқин қилади:
Топар кўп киши ул адоватда бим,
Бузулур басе хонадони қадим.
Бу гўё жаҳон ичра тўфон эрур, –
Ки, андин жаҳон аҳли вайрон эрур (11,151).
Навоий лирик ва насрий асарлари матнида ислом ҳуқуқшунослигига оид фиқҳ атамасини ҳам илм-фан маъносида маҳорат билан қўллаган. “Фиқҳ” дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача яхши тушунишни англатади. Шариат истилоҳига кўра эса шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга “фиқҳ” дейилади. Илми фиқҳ ислом динининг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари тўғрисидаги ҳуқуқ илми, ислом қонуншунослигидир[7]. Муҳаммад с.а.в. ҳам фиқҳга юқори баҳо берган. Чунончи, Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллом: “Оллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динида фақиҳ қилиб қўяди”, – дедилар.
Навоий “ Фарҳод ва Ширин”нинг Шоҳғариб Мирзога бағишланган бобида ҳукмдор ҳар нарсанинг моҳиятини билиш учун фиқҳ, ҳадис, тафсир, тиб, тарих, ҳикмат каби илмларни пухта эгаллаши кераклигини шаҳзодага уқтирар экан, диний ишлардан бўлмиш фиқҳқа алоҳида эътибор қаратади:
Бу дин илмики, хома қилди таҳрир,
Эрур фиқҳу ҳадису сўнгра тафсир (8,464).
“Лайли ва Мажнун”нинг Ҳусайн Бойқарога бағишланган бобида ҳам фиқҳнинг аҳамиятини юксак баҳолаб, султонни бу илм билимдони сифатида кўрсатади:
Олам аро илм илми диндур,
Дин илми фиқҳ эрур яқиндир.
Йўқ фиқҳ фақат ҳадису тафсир,
Ҳар қайдаки, дахл қилди бир-бир (9, 41-42).
“Сабъаи сайёр”нинг Абдураҳмон Жомийга бағишланган 7-бобида устозини фиқҳ донишманди сифатида таърифлайди:
Сўзидан фиқҳ элига зебу баҳо,
Масъала деса ҳайрат-ул фуқаҳо (10, 42).
Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, Навоий “Хамса” достонлари матнида фиқҳ атамасини, биринчидан, ҳадис, тафсир атамалари билан деярли ёнма-ён ишлатган бўлса, иккинчидан эса, ушбу атамани кўпроқ ҳукмдору шаҳзодалар, улуғ сиймолар мадҳ қилинган поэтик тасвирларда санъаткорона қўллаган.
“Мажолис ун-нафоис”даги Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс Самарқандий зикрида фиқҳ фан маъносида қўлланган бўлса (13, 33), Мир Ихтиёриддин зикрида унинг икки фандаги салоҳиятини қадрлаб, “Арабияти ва фиқҳи таъриф қилғунча бор”, деб ёзар экан, олимни арабият фанида қанчалик моҳир ва билимдон бўлса, фиқҳ илмида ҳам шунчалик билимдондир, деб китобхонга таништиради: “Мир Ихтиёриддин яхши табълиғ, яхши таврлиғ йигитдур… Арабият ва фиқҳи таъриф қилғунча бор, дерларки, бир тасниф илгидадурким, туганса маълум бўлурки, не миқдор салоҳияти бор” (13, 123). Маълумотга диққат қилсак, устоз Навоий унинг қўлида фиқҳ фани билан боғлиқ бир тасниф борлигини, агар тасниф-асарини якунласа, яна бир бор “не салоҳияти бор”лигини таъкидлаб кўрсатган.
“Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида эса Садруддин Равосий зикрида устози сифатида яна Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсийни эслар экан, шундай ёзади: “…Самарқанд Дор ул-илмининг олими уламоси эрди, зуҳду тақвода назири йўқ эрди ва фиқҳда Абу Ҳанифаи соний дерлар эрдиким” (17,442). Маълум бўладики, Навоий асарларидаги фиқҳ тушунчаси атама сифатида деярли бир маънода қўланилган бўлса-да, баъзи ўринларда маъно кўчиш асосида ҳукмдорлар, машҳур фақиҳларларнинг шу фаннинг фидойилари сифатида фиқҳ фанига қўшган ҳиссаларига ҳам ишораларни англаш мумкин.
Фиқҳ ва фақиҳ атамалари аслида ислом ҳамда замонавий ҳуқуқшуносликнинг алоҳида истилоҳлари бўлса-да, бир-бирига боғлиқ, ёндош, бир-бирини тўлдирадиган тушунчалар ҳисобланади. Луғатларда “фақиҳ” сўзига мусулмон қонуншунослиги илмининг билимдони, ҳуқуқшунос олими, деган қисқа ва лўнда таъриф берилади[8]. Навоий “Хамса” достонлари матнида бу атамани бошқа асарлари матнига нисбатан энг кўп қўллаган, дейиш мумкин. Жумладан, “Лайли ва Мажнун”нинг “Ҳусайн Бойқаро мадҳида” номли 7-бобда шоҳнинг фақиҳлар билан фиқҳ илми масалалари юзасидан қилган суҳбатлари, мажлислари, бу мажлису суҳбатларда Ҳусайн Бойқаро айтган масалаларни шарҳлаб, изоҳлаб фақиҳларнинг рисолаю китоблар ёзишлари ва бу ҳаракатлари билан шоҳ ҳам, фақиҳлар ҳам Абу Ҳанифа руҳини шод айлашлари ҳақида тўлқинланиб ёзади:
Базми аро ҳар фақиҳи моҳир,
Бир масъала қилди эрса зоҳир…
Ҳар ердаки, ул дебон масойил,
Андин фуқаҳо ёзиб расойил…
Ҳар нуқтаки, кўргузуб вузуҳин,
Шод айлаб Абу Ҳанифа руҳин (9, 41-42).
“Сабъаи сайёр”да у яширин талмеҳ санъати воситасида Абдураҳмон Жомийни китобхонга гўё машҳур фақиҳ имоми Аъзам деб таништиради (10,42). Шоир бу ўринда яна такрорнинг олдини олиб, фуқаҳо, яъни фақиҳлар кўплик шакли ўрнига “фиқҳ эли” сўз бирикмасини санъаткорона қўллаган. Навоий устозларига битган ҳолатларида ҳам Саййид Ҳасан Ардашер(15,90) ва Паҳлавон Муҳаммад(15,111)ларни етук фақиҳ сифатида тилга олган.
“Мажолис ун-нафоис”даги машҳур фақиҳ Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс Самарқандий зикрида тўрт нафар фақиҳ номи очиқ ва яширин талмеҳ санъати асосида ёдга олинади: биринчиси – устози фақиҳ Абуллайс Самарқандий, иккинчиси – фақиҳ Абуллайс авлодлари, учунчиси – фақиҳлар аввали Абу Ҳанифадир, тўртинчиси эса муаллифнинг ўзи, яъни фақиҳ Навоийдир: “Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий – Самарқанд акобиридиндур. Фақиҳ Абуллайс авлодидиндур. Фиқҳда ани Абу Ҳанифаи Соний дерлар эрди ва арабиятда Ибн Ҳожиб каффасида тутарлар эрди. Саййид Шарифнинг шогирди эрди ва Саййид ўз хатлари била улуми дарс айтурға ижозатномалар анинг учун битиб эрди. Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим, анча илтифотлари бор эрдиким, “фарзанд” дер эрдилар… Самарқанднинг аълами уламоси эрди” (13, 33).
“Насойим ул-муҳаббат”да “Агарчи фақоҳатқа машҳурдур”, деб ўзгача таъриф билан ягона “Фақиҳ” нисба(унинг келиб чиқиши ёки касб-корини кўрсатувчи номи-Б.Р.)сига эга шайх Шайх Имодуддин Фақиҳни ёдга олади (17, 470). Ягона дейишимизга сабаб, Навоий тазкирада зикр қилган 770 нафар шайхнинг амир, хожа, мавлоно, бобо, ота, туркмон, курдий, боб каби нисба, унвон, куняларини кўп ўринда тилга олса, Фақиҳ нисбаси билан фақат шайх Имомиддинни таништиради, холос. Демак, Навоий тарихий сиймолар билан боғлиқ лавҳаларда ҳам ислом ҳуқуқшунослигига оид фақиҳ атамасини бор мазмун моҳияти билан қўллагандир.
Навоий фақиҳни “Ғаройиб ус–сиғар” девонидан жой олган 7 байтли “қаро” радифли ғазал матнида “эй фақиҳ” шаклида ёйиқ ундалма сўз вазифасида санъаткорона ишлата олган. Яъни, баъзи нопок фақиҳларни фиқҳ тизимидаги фаолиятларидаги макр, фириб, нохолислик, адолатсизликни танқид қилиб, покликка, адолатга, ҳақликка ундаб, шундай пурмаъно мисраларни ёзган:
Ғайирдин қилғил замиринг сафҳасин пок, эй фақиҳ,
Тобакай қилмоқ фиребу макр ила дафтар қаро (3, 49).
Ёки ўзининг “Назм ул-жавоҳир” асарида ҳазрати Алининг “Фиқҳ уламолари – халқ сарваридирлар”, деган ҳикматига жавобан ҳамда ёшларни фиқҳ фанини ўрганишга чақириб, фақиҳларни эса шарафлаб мадҳ қилиб қуйидаги машҳур рубоийсини битган:
Қолғон киши касби илмдин заҳмат аро,
Фиқҳ ўргансун саъй ила ул меҳнат аро.
Илм ичра шараф фиқҳда бил нисбат аро–
Ким, сарвар эрур фақиҳ бу уммат аро(15,155).
Навоий ислом ҳуқуқшунослигининг билимдони сифатида ўзи яратган бетакрор асарлари матнида қози атамасини ҳам ўзига хос тарзда ишлатган, яъни, асосан, шариат қонунлари асосида ҳукм ва ижро ишларини олиб борувчи мансабдор шахс маъносида ва ўрни билан анъанавий услубда ўзигача мавжуд бўлган маъжозий-кўчма маъноларда ҳам санъаткорона қўллаган, дейиш мумкин. Аммо у “Насойим ул-муҳаббат”да берилган Қози Ҳамидуддин Ногурий қ.с. фиқрасида қози тушунчасини акобир сўзининг тўртта синонимик қаторидаги синоними сифатида изоҳлайди: “Ҳамоно андоқки, кўпрак акобирни Хурасонда шайх дерлар ва Самарқандда хожа ва Румда боб ва Ҳиндда қози дерлар”(17,372). Кўздан кечирилган луғатлар асосида мазкур атаманинг лексик ҳамда мажозий маъно қирралари ва берилган таъриф, изоҳларга тўхталсак. Демак, қози атамаси арабча сўз бўлиб, ижрочи, амалга оширувчи, ҳукм қилувчи(чиқарувчи)каби лексик маънони билдириши луғатларда ёзилган бўлса, яна Оллоҳ, фалак, чарх, Муштарий сайёраси сингари маъжозий-кўчма маъноларда келиши ҳам изоҳланади.[9]Навоий қозининг қозихонада рамзий гувоҳлар-адлу инсоф ёрдамида шариат ҳукмини белгилаши билан боғлиқ поэтик лавҳани “Ҳайратул аброр”да “Шоҳ Ғозий” ҳикоятида тасвирлаб берган.[10] “Маҳбуб ул-қулуб”асарининг 12-фаслини “Қузот зикрида” деб номлайди ва : “Қози ислом биносига аркондур ва мусулмонлар хайр ва шарриға нофизи фармондур”(16,21-22), дея таърифлайди, қозиларнинг фаолиятидаги ижобий ҳамда салбий жиҳатларини таҳлил қилади, ҳатто, ўз хулосаларини алоҳида қитъа билан якунлайди. Навоий “Мажолис ун-нафоис”тазкирасида етти нафар қозилар ва уларнинг ижодидан намуналар келтирган. Масалан, Хуросон давлатининг қозиюл-қузоти(бош қози, энг юқори даражадаги қози-Б.Т.) Муҳаммад Имомий ҳақида қуйидагича маълумот беради: “Қози Муҳаммад Имомий-мутадаййин ва хуштабъ киши эрди. Хуросоннинг қозиюл-қузотлиғ мансабида мутаммаккин бўлди. Ва назмға гоҳи машғул бўлур эрди. Ашъори Ҳирий шаҳрида эл орасида бор. Бу матлаъ анингдурким:
Гуфтамаш гул-гул баромад ранги рухсори зи мул,
Ғунчаи у дар табассум шудки, аз гўлҳо чи гул.
Ва қабри Ҳирийда имом Қузотнинг гўристонидадир”(13,19).
Яна тазкирада Навоий ёзиб қолдирган Самарқанд тахтининг якқалама қозиси ва “Улуғбек Мирзо” мадрасасининг мударриси Хожа Хурд, Султон Яъқуб тарбият қилган Қози Исо ҳамда Сабзавор ва Исфаройинда қозилик қилган, Мир Хусравнинг “Даръёи аброр”ига жавоб ёзган қози Мавлоно Абдулваҳҳоб тўғрисидаги маълумоту изоҳлар ҳам китобхонда, биринчидан, ўзгача таассурот, завқ уйғотса, иккинчидан эса ўз ўрнида унинг маҳорати, насрий услубига тан беради, ҳурмати ошади, холос.“Насойим ул-муҳаббат”тазкирасида шоир Қози Шарафуддин Буҳайро, Қози Шафиуддин Буҳайро, Қози Раис ва Қози Ҳамидуддин Ногурийлар каби тўрт нафар қозиларга алоҳида фиқра бағишлаган.Улар ҳақидаги зикрларда оддий баённи эмас, балки ҳаётий, ибратли воқеалар таҳлил ва талқин қилинган. Айниқса, Қози Раиснинг икки абушқаси бор ахлоқсиз аёл ва унинг нохолис вакилининг қилмишларини Дор ул-қазода кўрган масаласи ва маҳкамада у ҳақида чиқарган “сангсор қилмак” ҳукми билан боғлиқ ҳолатлар кишини ўйга толдиради, дейиш мумкин. Навоий қозилар ҳақида ёзган тасвир ва маълумотларида мазкур соҳа ҳамда касбнинг сиру асроридан амир сифатида хабардор бўлгани сезилади.
МУҲР- ўзидаги қабариқ ёки ботиқ белгиларидан нусха туширувчи махсус асбоб. Ўтмишда муҳр сопол, мис, пўлот, кумиш ва олтиндан қилинган. Муҳрнинг шакли тўртбурчак, доира, бодома кўринишларида бўлган. Қадимда ҳар бир нуфизли кишиларнинг-хон, амир, бек, муфти, қози ва бошқаларнинг ўз шахсий муҳри бўлган.[11] Жумладан, “Навоий дасхати(Наводир ун-ниҳоя)”ни нашрга тайёрлаган, сўз боши муаллифи навоийшунос С. Ғаниева Навоийнинг шахсий муҳри ва муҳрга битилган жумлалар ҳақида қуйидагича маълумот беради: “Кун, оша фи-д дунё к-ал ғариб-ал- фақир Алишер” яъни, Дунёда фақир ва ғариб Алишердек ҳаёт кечир[12]. Муҳр юзасига эгасининг исми, лавозими, муҳр ясалган жойнинг номи ҳамда санаси битилган. Давлатнинг ҳар қандай расмий фармон, ёрлиқ ва ҳужжатлари муҳр босиб, тасдиқлангандан кейин қонуний кучга кирган. Муҳр, муҳр турлари, айниқса, “Ростию русти” деган сўзлар нақишланган Шоҳ Сулаймон муҳри, Амир Темур ва темурийлар муҳри билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар Навоий асарлари матнида бадиий шаклда учрайди. Масалан,”Ҳайратул-аброр”да:
Ҳотами адлинға сипеҳри баланд,
“Ростию русти”билан нақшбанд(7,122).
Ёки:
Шоҳ Искандар ясаттирган муҳрни унинг ихтироларидан бири сифатида шундай поэтик тасвирлар ижод қилган:
Туз айлаб тарозу ила бошини,
Темурдин ясаб, муҳр этиб тошини(11,8).
Навоий “Муншаот”да тартиб берган мактубларидан 25-мактубда муҳр, 49-мактубда муҳри ихфо(маҳкамлаш муҳри бўлиб, мактубларга биров йўлда очмаслиги учун муҳри ихфо босилган, аммо Навоий муҳри ихфони кўчма маънода, яъни сирни сақлаш, тилга, оғизга маҳкам бўлиш маъноларида ҳам усталик билан қўллаган. Бадииуззамон мирзога ёзган машҳур 57-мактубида эса чорсу муҳр билан ҳужжатларга кечиктирмай муҳр босиш ҳақида ҳам маълумотлар, изоҳу танбеҳлар ёзиб қолдирган: “Яна улким, бекларга ва девонларға баса парвоначи ва муҳрдор ва муншиға ҳукм бўлсаким, мусулмонларнинг нишонни ортуқ таьма бирла кечга қўймасалар. Шаърий ва қавлий нишонни бир чорсу муҳри била ҳукм бўлғон кун- ўқ буткариб берсалар. Куллийрак нишонларни дағи қила олғанча ҳукмдин қўрқуб, ботроқ буткарсалар”(14,189).
Навоий ижодида ижтимоий фикр ва поэтик талқиннинг бетакрор намуналаридан бири шоир томонидан тасвирланган, ижод қилинган ўттиздан ортиқ васият ва васиятномалар билан боғлиқ воқеалар тасвиридир. “Васият арабча сўз бўлиб, ўлим олдидан айтиб қолдириладиган гаплар, ўлим олдидаги охирги сўз”[13] бўлса, “Васиятнома фуқаронинг ўзига тегишли мол- мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқни вафот этганидан сўнг бошқа шахснинг тасарруф этишини белгиловчи хоҳиш-иродаси ифодаланган ҳужжат. Васиятномада фуқаронинг васияти ифодаланади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим, вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васиятнома ёзилган жойи, вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилади. Васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланади”[14]. “Мажолис ун-нафоис”даги Мир Шоҳий, Мавлоно Қабулий, Мавлоно Лутфий тўғрисидаги зикрларда қалам аҳли, ижодий жараён билан боғлиқ васиятлар тилга олинса, “Хамса” достонларида Лайли, Мажнун, Фарҳод, Ширин, Искандар каби бош қаҳрамонлар ҳаётининг муҳим жиҳатини очиб берувчи тасвирлар акс этган васият ва васиятномалар талқинига дуч келамиз. “Насойим ул-муҳаббат”да ҳам ўнлаб васиятларни ўқишимиз мумкин, аммо ҳамма учун ибрат бўладиган васият ҳамда васиятномалардан бири бу – Жалолиддин Румийнинг ўн бир ҳикматдан иборат васияти (17, 329). “Тарихи анбиё ва ҳукамо” ва “Тарихи мулуки Ажам” каби тарихий асарларида ҳам асарлар моҳиятини ёритиб берувчи ўзига хос йигирмага яқин васияту васиятномалар билан танишамиз – улар орасида энг ёрқин намуна сифатида “Тарихи мулуки Ажам”даги Нўширавони одилнинг адл, адолат ва хирандмандлик билан боғлиқ васиятномасини кўрсатиш мумкин.
Навоийнинг маҳорати шундаки, айнан бир васият ёки васиятномани турли жанрлардаги асарларида мазмунан бир хил, аммо шаклан турли хил усулда ёзишга ҳам ҳаракат қилган Масалан, лирик ва эпик тур қонуниятлари асосида Доронинг Искандарга айтган учта васияти ҳамда Искандарнинг ўлими олдидан онасига ёзиб қолдирган машҳур васиятномаси ва аъёнларига айтган васиятини “Садди Искандарий” достонида маснавий шаклида жуда таъсирчан, кенг ва батафсилроқ ёзган бўлса, худди шу мавзудаги васият ва васиятномаларни “Тарихи мулуки Ажам”да эса насрий усулда қисқа ва лўнда баён қилган. Бу ҳол Навоийнинг бетакрор услубини ҳам намойиш қилади.
Кузатишларимиз шуни кўрсатдики, китобхонлар кўпроқ анъанавий, бироқ Навоий ўзгача маҳорат билан тасвирлаган Искандарнинг ўлими олдидан онасига ёзиб қолдирган ҳаёт ва инсон, она билан ҳукмдор ўғил муносабати, жамиятда инсон қандай табақага мансуб бўлса ҳам, “қуруқ қўл”, “шал илик”, “ялон илик”, “холи илик”(Навоий ишлатган иборалар) билан дунёдан кетиши ҳақидаги ижтимоий, фалсафий, дидактик фикрлар мужассам бўлган машҳур мактуб шаклидаги васиятнома ва васиятини билишади. Чунки навоийшунослар ҳам ўз тадқиқотларида мазкур васиятномани васиятнома деб эмас, асосан, мактуб, нома жанрининг бетакрор намунаси сифатида у ёки бу даражада тадқиқ қилишган. Навоий асарларини мутолаа қилганимизда, ўз-ўзидан онгу шууримиз ва руҳиятимизда улуғ мутафаккир ёзиб қолдирган кўплаб ҳикматли мисраю байтларини ёки лирик лавҳалару сюжетларни унинг инсониятга, хусусан, бизга, менга ёзиб қолдирган васиятномалари (рамзий маънода – Б.Р.) деб қабул қилгимиз, гўё ўзимизни маънавий ҳақли деб топгимиз, билгимиз келади. Бу руҳий, маънавий бўшлиқни сезган зукко навоийшунос олима Суйима Ғаниева “Ҳазрат Навоийнинг васияти”[15] номли рисоласини ёзиб, ушбу руҳий, маънавий кемтикликни қисман тўлдиргандек бўлди.
Навоий ижод қилган васият ва ввасиятномалардан анъанавийси ва энг машҳури, бу – “Садди Искандарий” достонида тасвирланган бош қаҳрамон шоҳ Искандарнинг онасига ёзган васиятномаси ва аёнларига айтган васиятидир. Қизиғи шундаки, Навоий мазкур васиятномани дастлаб “Садди Искандар” достонида эмас, балки “Хамса”нинг биринчи достони “Ҳайрат ул-аброр”нинг “Искандарнинг етти иқлим мамоликни панжаи тасарруфиға киюрғони ва холи била оламдин рихлат маркадин сурғони…” бобида тасвирлаган. Бу тасвирда ҳам шоир маҳоратига қойил қолмай иложимиз йўқ, сабаби, биринчидан, васиятнома достоннинг мавзу-мундарижасига жуда мос шаклда қурилган хулосалар тарзида баён қилади, ҳатто дидактика чуқур ёритилган мустақил бир поэтик лавҳа деб баҳолаш ҳам мумкин, иккинчидан эса васиятнома бизда “Хамса” учун Навоийда умумий материал деярли тайёр бўлган, деган тасаввур уйғотувчи омиллардан бири дейиш мумкин. Яъни, шоҳи иқлимгир Искандар жаҳон мулкини қўлга киритади. Аммо ҳам шоҳ, ҳам вали, ҳам наби Искандар ўлим олдида бечоралик, оворалик эканлигини, ҳокимликлар ҳам дастгир бўла олмаслигини тушунади. Бу завол юрагини қанчалик ўртаса-да, сўз-васияти билан ичини ғоли қилишни истайди ва васиятнома қолдиради:
Ўртади чун бўйла заволи ичин,
Бу сўз ила айлади холи ичин.
Ким бу нафаским борадурмен залил,
Навбати шоҳий манга кўси раҳил.
Қайсиғаким шарти ҳамият дурур,
Мендин анга ушбу васият дурур (11, 255).
Зеро, ижодида ҳар бир сўз ва атамага санъаткорона ёндашган Навоий васият сўзини қўллаган ўринларда ушбу сўзнинг ҳуқуқий атама маъносидан ташқари ҳикматли сўз, панд-насиҳат каби маъно қирраларини кўрсатишга ҳам ҳаракат қилган.
Навоий асарлари мазмунини, қават-қават маъно қатламларини тушунишда қийинчиликларнинг борлиги ҳеч кимга сир эмас. Мазкур мақолада таҳлил ва талқин қилинган тарихий-ҳуқуқий атамалар бу борадаги муайян қийинчиликларни маълум бир даражада бартараф қилишда ёрдам беради, деб ўйлаймиз.
_________________________
[1] Ш о а б д у р а ҳ м о н о в ва б. Ҳозирги ўзбек адабий тили. I қисм. Тошкент: Ўқитувчи, 1980. 125-126-бетлар; Д а д а б о е в Ҳ. Тарихий ҳарбий терминлар луғати. Тошкент: Университет, 2008. 3-бет.
[2] Фарҳанги забони тожики. Жилди 2. М., 1969. С. 491; Навоий асарлари луғати. Тошкент, 1972. 660; 726-бетлар.
[3] А л и ш е р Н а в о и й. Мажолис ун-нафоис // 13-жилд. Тошкент: Фан, 1997. 44-бет. Шоир асарларидан олинган бундан кейинги иқтибослар ҳам шу нашрдан олиниб, жилди ва саҳифаси қавс ичида кўрсатилади.
[4] Ф а х р и й Ҳ и р а в и й. Равзат ус-салотин.Форс тилидан Ж.Жўраев таржимаси. Тошкент: Мумтоз сўз, 2014. 50–51-бетлар.
[5][5] Муҳаммад Ҳайдар Мирзо. Тарихи Рашидий. В. Форс тилидан Раҳмонов ва Я. Эгамовалар таржимаси.Тошкент: Шарқ. 2010.170-172-бетлар.
[6] Б о б у р. Бобурнома. Тошкент: Шарқ, 2002. 40-бет.
[7]Фарҳанги забони тожики. Жилди 2. С. 428; Кифоя (Шарҳи мухтасари виқоя) 1-жуз. Тошкент: Шарқ, 2008. 4-бет; Навоий асарлари луғати. Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1972. 640-бет; Türkçe sözlük. 10 Baski. Ankara, 2005. S. 694; Ҳ а к и м о в М. Шарқ манбашунослиги луғати. Тошкент: DAVR PRESS.НМУ, 2013. 373-бет.
[8] Фарҳанги забони тожики. Жилди 2. С. 429; Кифоя. 5-бет; Навоий асарлари луғати. 637-бет; Turkce sozluk. 10 Baski. Ankara, 2005. S. 677; Ҳ а к и м о в М. Шарқ манбашунослиги луғати. 373-бет.
[9] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Беш жилдли. 5-жилд. Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2008. 322-бет. Навоий асарлари луғати. 738-739-бетлар; Фарҳанги забони тожики. Жилди 2. С. 696;М.Ҳакимов.Шарқ манбашунослиги луғати.Тошкент:DAVR PRESS.2013.439-бет.
[10] Б. Раджабова. Оналар билан суҳбат. Тошкент. Турон замин зиё,2014. 8-12-бетлар.
[11] М.Ҳакимов.Шарқ манбашунослиги луғати.-Тошкент.;DAVR PRESS НМУ,2013.224-бет.
[12]Навоий дасхати(Наводир ун-ниҳоя).-Тошкент,: Фан. 1991.6-бет.
[13] Навоий асарлари луғати. 146-бет; Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Беш жилдли. 1-жилд. Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006. 44-бет.
[14] Юридик атамалар қомусий луғати. Тошкент: Шарқ. 2003. 104-бет.
[15] Ғ а н и е в а С. Ҳазрат Навоий васияти. Тошкент: MERİYUS, 2011.