Асад Асил. Олам аро чарақлаган нур (эссе-хотира)

  1. Кунлардан бир кун

Мулла Зоҳид ота ичкари ҳовлисида оҳиста одимлар экан, лаблари беихтиёр шивирларди:

– Айлантирган уч жонсан,
Бир-бирингга меҳмонсан…

Ҳозир қаршисида ҳеч ким йўқ. Азбаройи чуқур ўйга толганидан шу сўзларни беихтиёр такрорлаяпти. Аслида уч ўғил бақамти турганларида ёки уларнинг ораларидан гап қочиб кўнгилсизликка айланиш эҳтимоли туғилганда айтгучи эди бу ҳикматни. Отанинг мақсади битта: фарзандлари ўзаро аҳил ва тотув яшасалар бас, ишқилиб, доғу ҳасратларини яна қайта кўрмасин-да! Исроил махсумдан айрилиб, жудолик дардини ҳеч унутолмаётган Ҳазрат домла қолган фарзандларига салгина эпкинниям раво кўрмасди…

Мирзоҳид отанинг тўрт ўғил ва бир қизи бор. Қизини оқилу доно шогирди Имомалига турмушга берди. Ўғилларининг эса камида ўзи сингари билимдон бўлишларини хоҳлайди. Ахир Сайрам, Чимкент ва Фарғона томонлардан толиблар илм излаб, шу инсон хонадонига келишарди. Теваракдаги ўндан ортиқ қишлоқлар, ҳатто қозоқ овулларидагилар ҳам фарзандларининг Ҳазрат домла қўлида билим олишини орзу қилар эди. Нафақат илм излаб, балки бошқа заруратлар юзасидан нажот сўровчи ҳар бир эҳтиёжманд бу даргоҳдан ноумид кетмайди. Мирзоҳид ота қўли билан ёрдам беришга чоғи йўқ маҳалларда, ҳеч бўлмаса, тўғри маслаҳати, ширин каломини келгувчилардан сира-сира аямайди. Оддий одамлар, айниқса, бева-бечоралар сахийқалб, бағрикенг бу донишмандни ўзларининг пири санаб, этагидан маҳкам тутган эди. Бухорои Шарифдаги Мир Араб мадрасасида таҳсилини мукаммал адо айлаган, ҳам диний, ҳам дунёвий билимлари туфайли “Ҳазрат домла” унвонига сазовор бўлган бу инсон ҳамма мушкулотларга чора топа олади, ҳар қандай қалтис вазиятлардан бизни қутқаришга қодир, деб ишонарди одамлар.

Шундай доно, мўътабар зот қалбидан бир ташвиш сира аримас, болалари бўй етиб боргани сайин ҳадиги зўрайгандан-зўраярди. Қўлида яшаб турган фарзандларининг тўнғичи – Исмоилнинг келажагидан-ку, отанинг кўнгли тўқ. Бу ўғил хўжалик юмушларига анча ихлос қўйган, тирикчилик ташвишларига бош қўшиб, рўзғор тебратишга ҳам баҳоли қудрат қайишади. Кенжатойи Асомиддин эса ҳали ёш, унча-мунчанинг фарқига бормайди. Аммо Сирожиддин…

Дилига ғулу солиб қўйган ўртанча ўғил – Сирожиддиннинг феълу атворини Мирзоҳид отанинг ўзи ҳам тушунолмай лолу ҳайрон эди. Жисмонан анча нозик, ушоқдеккина бу боланинг фикр юритишлари, манаман деган фозиллар айтмайдиган гапларни топиб гапиришлари, айниқса, бағоят бирсўзлилиги ва ўжарлиги падари бузрукворни доимо ташвишга соларди. Сирожиддинга сен фалонни ўқи ёки ёд ол, дейиш шарт эмасди. У отаси билан тингловчи-шогирдлар орасидаги савол-жавобларни бир тинглашдаёқ қулоғига қуйиб олар, ёзувни-ку, қисқа фурсатдаёқ ўзлаштирганди. Шундай бўлса-да, ўз меҳнатлари натижасидан сира кўнгли тўлмас, ҳуснихат машқларини тинмай қайтарар, отасидан тобора ҳажми каттароқ, мазмуни чуқурроқ китоб сўраб олиб ўқишни канда қилмасди.

Ўртанча ўғилнинг билим олишга муккасидан кетганлигидан-ку, ота шод, унинг келажагидан умиди катта эди. Аммо Сирожиддиннинг ўзбилармонлиги, тутган еридан кесадиган одати, ота назарида, яхшиликка олиб борадиганга ўхшамасди. Ўзидан катталар – акаси ва яқин қариндош-уруғларининг ҳам оғзиларидан чиққан гапларию, ҳар бир хатти-ҳаракати Сирожиддиннинг “ғалвир”ида эланар, дарҳол “дони – донга, кепаги – кепакка” ажратиб ташланарди. Кўнглига келган гапни шартта бетга айтишда Сирожиддиндек оғзи ботирни ҳали-ҳануз Мирзоҳид ота учратмаганди. Барча шогирдлар, ҳамқишлоқлар, узоқ-яқиндаги таниш-билишлар “пирим” деб астойдил эъзозлайдиган табаррук бу зот ўз ўғлининг тошни тарс ёрувчи аччиқ сўзларидан, қилни қирқ бўлувчи мулоҳазаларидан баъзан ноқулай ҳолга тушиб қоларди. “Тилингни тий”, дея уришайин деса, Сирожиддиннинг ҳамма гаплари ҳақ, истак-талаблари ўринли, ниятлари холис ва пок. Индамай деса, ота қалби сезиб турибди: шундай кетаверса, охири бахайр бўлмайди. Чунки замон зўравонларники, ҳақ гапирганларнинг оғзи ошга эмас, боши тошга тегяпти. Бу – ташвишнинг бир томони бўлса, ундан ҳам қалтисроғи – Сирожиддин кўр-кўрона ўқувни ёқтирмайди, у ўрганаётганларининг, ёд олаётганларининг мағзини чақмагунча қўймайди. Баъзи саволлари унча-мунча домла-имомлар у ёқда турсин, Мирзоҳид отанинг ўзини ҳам шошириб, тадбиридан адаштириб қўярди. Худди шу масалада оға-инилар – Исмоил махсум билан Сирожиддин икковлари орасида чиқадиган тортишувлар, баҳс ва мунозаралар баъзан аччиқ-тирсиқ гапларгача бориб етарди. Шундай кунларнинг бирида:

– Падари бузрукворимизнинг юзларига тик қараяпсан, тилингни тийиброқ юр, – дея укасига сиёсат қилди Исмоил махсум.

– Бу гапингиз ноўрин, ака, – қизишди Сирожиддин. – Мен дадамизни сиздан ортиқ ҳурмат қиламан. Биз ахир дунёдаги энг ақлли зот – инсонмиз, илм юзасидан суҳбатлашамиз, мунозара қиламиз, баъзан тортишамиз ҳам. Бу – отамизнинг юзларига тик боқиш ёки ул зотнинг ҳурматларини тўкиш, дегани эмас.

– Барибир, сен билан биз доимо итоатда бўлмоғимиз, дадамиз ўргатаётган билимларга қаноат қилмоғимиз даркор. Отадан, қолаверса, устоздан ўзаман деб уриниш яхшиликка олиб бормайди…

– Сизни билмадим-у, мен бул истакларимдан воз кечолмайман, тўнғич оғамиз ўқиган табаррук жойларга бориб билим олмагунча тинчий олмайман, – деди Сирожиддин қатъий.

– Унда, бу даргоҳлардан мерос тугул бир мири ҳам ололмайсан, ялангоёқ-ялангбош кетаверасан! – укасини йўлдан қайтармоқ учун сўнгги “чора”ни қўллаб кўрди Исмоил махсум.

Акасининг мол-дунё, мерос ҳақида гапириши, қалби айни ғурурга тўлган ўспириннинг дилига қаттиқ озор берди, эгнидаги эски-туски кийимлари билан дангал йўлга тушди. Исмоилнинг “қайт!” дейишига жавобан: “Менга сиз айтган бир мири ҳам керак эмас, отамизнинг бошлари омон бўлса бас!” дея эшикдан шиддат билан чиқиб кетди.

Исмоил махсум не қиларини билмай, қишлоқ бошидаги катта масжид сари югурди. Пешин намози ҳали тугамаган, ўжар ва тиксўз Сирожиддин эса қишлоқдан узоқлашиб борарди. Ташвиши зўрайган Исмоил бир жойда тура олмас, масжид эшиги олдида у ёқдан-бу ёққа бетиним бориб-келарди. Ниҳоят, одамлар бирин-сирин чиқа бошлади. Масжид имоми, ҳар доимгидек, энг охирида эшикни ёпди. Исмоил махсум чидаб туролмади, намозхонлар билан шошилинч сўраша-сўраша масжид ичкарисига кириб борди. Салмоқли одимлар билан ўзи сари келаётган отасини кўргач, кўзларидан беихтиёр ёш чиқиб кетди.

– Укангиз билан орангизда яна гап ўтдими, ўғлим? – воқеани билиб тургандек сўради дадаси.

– Сирож Тошкентга кетиб қолди!..

– Мен ҳовлида кутаман, мулла Имомали Тошкентдан келган экан, бориб дарров уйимизга чорлаб келинг!..

Кесакқўрғон мадрасасини имтиёзли тугаллаб, шу билим даргоҳида мударриснинг ёрдамчиси вазифасида олиб қолинган мулла Имомали шу кунларда қишлоқда эди. Устози йўқлаётганини эшитиб, Мирзоҳид ота хонадонига кириб келганда Ҳазрат домла ташқи ҳовлидаги ўриндиқда хаёлчан ва ташвишли қиёфада уни кутмоқда эди. Мулла Имомалини бағрига босиб кўришар экан, Мирзоҳид ота дардчил оҳангда дарҳол мақсадга ўтди:

– Кўпларнинг ишончу ҳурматларини қозонибман-у, болаларимга яхши ота бўлолмабман, чироғим. Онаси билан акаси вафотидан кейин Исмоил инингизни сал бўш қўйиб юборибман, шекилли, кейинги она фарзандларини, айниқса Сирожиддинни унчалик чиқиштирмаётган кўринади. Бундай гапларни бировларга айтиб бўлмайди. Сиз фарзандларим қаторидасиз, тўнғич ўғлим ўрнидасиз!.. – Ҳазрат домланинг овозлари титраб тинди.

Мулла Имомали бир сўз дея олмай, қаттиқ изтироб ва сукут оғушида ўтирарди. Мирзоҳид ота ўзини қўлга олгач, сўзида давом этди:

– Биласиз, Сирожиддин ўжар, сиздан ўзга одам уни кўндиролмайди, чамамда ҳозир Қирғизқулоққа етди-ёв! Майли, борсин, фақат яхши тайёргарлик кўриб, дуои фотиҳамизни олиб ҳамда биродаримиз Шоҳмуҳиддин охунд домлага мактубимизни олиб борсалар, дегандим…

Мулла Имомали шу заҳоти Сирожиддиннинг изига тушди. Тезлаб юриб кўрдики, Сирожиддин Қирғизқулоқдан ҳам ўтиб кетиб, нақ Тўрайска (Троицк)га етиб қолган экан. Бу ўспирин жуссаси кичик ва нозик кўринса-да, ўзига пишиқ-пухта, чақмоқдек чақнаганлардан эди. Ҳаяжонли бу воқеалар Сирожиддиннинг – яъни машҳур маърифатпарвар Сидқий-Хондайлиқийнинг Тошкентдаги Кесакқўрғон мадрасасига билим олиш учун жўнаш жараёнида содир бўлганди…

 

  1. Ўжар ўспирин Тошкентда мунаввар инсонга айланди

Сирожиддин ибн Мирзоҳид охунд – Сидқий Хондайлиқий Кесакқўрғон мадрасасида олган билими билан кифояланиб қолмади. У Тошкентдаги Кўкалдош ва Бекларбеги мадрасаларида ҳам таҳсил олди. Шу фурсат давомида бир йўла Шоҳмурод котиб мактабига қатнаб, ҳуснихатини ҳам такомилига етказди. Илмга чанқоқ қалб барибир тинчий олмасди. Мад­расаларда олаётган билимларидан қаноатланмагач, мустақил мутолаага берилди. Натижада араб, форс тилларини ўз она тилидай ўзлаштирди. Довруғи достон хаттот Мирзаҳошим Хўжандийдан ҳуснихатнинг мураккаб усулларини, муҳр ясашни, китобларга зарварақлар ишлашни, ҳошияларни тилла ҳал билан безашни ўрганди. Сидқий Хондайлиқий энди шоирлар орасида ҳам танилиб, бу даврада ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиб қолган эди. Мадрасаларнинг тор доираларини ёриб чиқиб кетган Сирожиддин Сидқий-Хондайлиқийнинг ихлоси ҳазрат Навоий, Жомий каби улуғ шоирлар ижодига ғоят баландлигидан уларнинг жуда кўп ғазалларини ёд биларди.

Хондайлиқ отли қишлоқнинг боғу тоғларида сайр этиб, ёшлигидан ғазаллар битган, шеърлар ёзган Сирожиддин Тошкентда таълим олгач, айниқса етук шоирлар даврасига қўшилгач, ўзининг назм бобидаги ожиз томонларини тезда илғаб олади, бу борадаги камчиликларини бартараф қилишга киришади, қизғин бадиий ижодга берилади. Шоир ўзининг бу ҳақдаги самимий дил изҳорида: “Қачонки илм ўқиш учун Тошкентга бордим, олим ва шоирларга улфат бўлиб, алардан маърифат йўлларини ва шеър ёзиш сирларини ҳам ўргандим”, деб ёзган эди.

Сирожиддин чин шеърият майдонига киргунга қадар анча адашиб юргани каби, ўзига тахаллус танлашда ҳам бир неча номларни қўллагани маълум. 1913 йилга қадар шоир асосан Шавкат, Шеван тахаллуслари билан ижод қилди. Ушбу имзолар билан ёзган шеър ва ғазалларини жамлаб, “Туҳфаи Шавкат” (1913), “Савғоти Шавкат” (1914) китобларини нашр эттирди.

Шеърият майдонида жавлон ураётган, истеъдоди ғоят тез камол топиб, даврадошларидан ҳар томонлама ўзиб кетаётган Сирожиддиннинг бора-бора дунёқараши ҳам кескин ўзгара бошлади. Унинг ижодида ҳажвиёт алоҳида бир йўналиш бўлиб ажралиб турарди. Давр тенгсизлиги, тузумнинг адолатсизликлари аввал юмшоқроқ юморда, сўнг кескин масалу маталлар, шеърий қиссаларда, ниҳоят, ўткир сатрларда намоён бўла бошлади. Умр инсон учун берилган ноёб имконият эканлигини тушуниб етган салоҳиятли шоир таржима соҳасига ҳам киришиб, араб ва форс тилларидаги дурдона асарларни ўз она тилига таржима қилиш йўлида шиддат билан ишлайди. Ўз навбатида шоирнинг сара асарлари Шарқий Туркистон каби давлатларга чарақлаган нур каби кириб борди. “Шарқ мамлакатлари сари асарларимни анча ошурдим”, деб ёзган эди Сидқий. Тошкентдай азим шаҳарда ҳужрама-ҳужра кўчиб, сарсону саргардон бўлиб юрган шоир қалби шу оғир ўн олти йил (1903–1919) давомида ҳижронга, алам-ситамларга лиммо-лим тўлди, ноҳақликлар, жабру зулмларни кўра-кўра тоқати тоқ бўлди. Аммо энди у эмин-эркин юрган қишлоғига қайтиб кетолмасди. Шу азоблар оғушида, дарбадарликлар қўйнида ўзининг кунма-кун ўсиб бораётгани, кўзлари каттароқ очилиб тобора камолга етаётганини жуда яхши ҳис қилар, шунинг учун ҳам кўҳна шаҳардаги нафосат оламининг етук давраларидан, ижодидан, бадиий таржима машғулотларидан сира кўнгил узолмасди. Сирожиддин нафосат оламига чуқурроқ кириш, ижодкорларнинг катта давраларига қўшилиш, улкан ва машаққатли ижод йўлига бор бўйи билан сингиб кетиш учун Тошкентга келганди, худди шу мақсад йўлида тоғ келса кемириб, сув келса симирарди. Лекин жаннатдек яшнаб турувчи қишлоғи мудом кўз олдидан кетмас, қалбидаги ҳижрон ўтини тобора баландроқ алангалатар, бунга даво истаб шоир шеърлар битар, қафасдаги булбулдек азобда юрарди. 1913 йилдан сўнг танлаган тахаллуси шу тариқа туғилди. Асарларига “Сидқий Хондайлиқий” деб имзо чека бошлади. Шундан сўнг шоир мазкур тахаллусни умрининг сўнгигача асарларида қўллаб ижод қилди. Илҳоми жўшиб, она қишлоғига бағишлаб, алоҳида шеър битгани ҳам маълум. Унда қуйидагича ҳаяжонли сатрлар бор эди:

Ватан надир – туққон ерим, турғон ерим,
Ўсиб-униб, ўйнаб-кулиб юрғон ерим…
Жоним Ватан, таним Ватан, кўзим Ватан,
Эсдан чиқар они кўрғоч кўрғон ерим…

Сидқий Хондайлиқий бор-йўғи эллик йил (1884–1934) умр кўрди. Шоир қисқа умр кўрганига қарамай, адабиётнинг кўп жанрларида қалам тебратди. Ёзган шеърлари, достонлари, ҳажвий асарларини жамлаб 1913-1917 йиллар давомида тўққизта китоб нашр қилдиришга муваффақ бўлди. Араб ва форс тилларидан ўнга яқин сара асарларни ўзбекчалаштирди. “Минг бир кеча”, “Бўстон”, “Раҳимо” таржимаи “Каримо”, “Шавкатус салом таржимаи Футуҳ ал-Шом”, “Ўғри ва қози”, “Ажойиб ул-махлуқот”, “Мирзо Ҳамдам”, “Қиссаи шаҳзода Баҳром” каби нодир асарлар шулар жумласидандир. Таржимачилик бобида Сидқий бағоят улкан заҳматлар чекар, бу борадаги машаққатлардан чекинмасди. Араб ва форс тилларини ўз она тилидек ўзлаштирган истеъдодли адиб, бу имкониятларнинг жуда ноёблигини, ўзининг зўр бериб ишлаши керак эканлигини қалб-қалбидан ҳис этиб, таржималар устида узлуксиз қалам тебратарди (Сидқий Хондайлиқий томонидан ўзбекчалаштирилган дурдона асарларнинг бугунги кунгача қайта нашр қилинмай, Шарқшунослик институтида ҳамон қолиб келаётгани жуда ачинарли ҳолдир. Биз ба гал 1998 йил “Маънавият” нашриётида чоп қилинган, Бегали Қосимов ва Рамида Жавҳаровалар тайёрлаган Сидқий Хондайлиқийнинг “Танланган асарлар” тўпламига киритилган Шайх Саъдийнинг машҳур асарлари таржималаридан намуналарни ўқувчилар диққатига ҳавола этаётирмиз).

Сидқий Хондайлиқий моҳир хаттот сифатида ҳам адабиётимиз намояндаларининг ўнлаб асарларини қайта-қайта кўчирди, уларни зарҳаллар, чиройли безаклар билан безади, устозларга бўлган чин ихлос ва садоқатини амалда шу тариқа исботлади.

Сидқий Хондайлиқий ўз имкониятларини юқори даражада ишга солганлиги унинг серқирра ижодида аниқ кўринади. Сидқий – шоир, таржимон, ношир, хаттот бўлиб танилди. Унинг бу жиҳатлари кўпчиликка маълум; босилган ёки босилмаган, тугалланмаган асарлари, таржималари ва қайта-қайта кўчириб нашр эттирган китоблари ҳақида матбуотда кўплаб маълумотлар берилган. Аммо ҳамон кўпчиликка номаълум қолиб келаётган ва намуналари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган ижод маҳсуллари борки, уларни ҳам китобхонлар оммасига етказиш бу соҳа мутахассисларининг муҳим бурчидир. Хусусан, Сидқий томонидан тўпланган халқ мақоллари, қадимий ўзбек сўзлари луғати, шоирлар, хаттотлар, турли кишилар билан ёзишмаларини – ҳали-ҳануз қўл теккизилмаган хазина дейиш мумкин…

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Сидқий Хондайлиқийнинг ижтимоий мавзулардаги шеърлари, 1914 йилги урушга бағишланган “Муҳораба”, инқилобий воқеалар тасвирланган “Рабочилар намойиши”, айниқса, даврнинг талотўпли воқеаларига жавобан ёзилган “Русия инқилоби” достони айни вақтда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Тадқиқотчилар Бегали Қосимов, Рамида Жавҳароваларнинг ёзишича, ушбу шеърлар “воқеалар иссиқлигида”, ҳали Россияда юз берган инқилобий ҳодисалар Жаҳон афкори оммаси томонидан тўла идрок қилинмасдан туриб бу воқеаларга ўзбек зиёлилар қатламининг муносабат билдириб ёзганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Сидқий Хондайлиқий Тошкентга келишининг дастлабки йилларидаёқ уни элга танитган, оддий халқ ҳурматига сазовор этган, шунинг баробарида ўз бошига катта ситам ва кулфатлар солган ҳақгўйлик ва ҳажвгўйлиги шоир ижодида алоҳида бўртиб туради. Шоирнинг ўзи ҳам “Ҳолоти Сидқий” деб номланган таржимаи ҳолида: “Ошиқона ғазалларим кўп бўлса, аксар таъбим ҳажвиётга мойил эди” деб очиқ-ойдин ёзган эди. Сидқий ҳажвий асарларини ҳам тўплаб, китоб ҳолида нашр эттирганди.

 

  1. Қишлоқда нима гаплар? Вилоятда-чи?

Тўғри сўзни айтишда ҳатто отангдан ҳам тортинма, деган ақидага амал қилувчи жигаргўшаси Сирожиддиннинг қалам “найза”сини қозию мингбошиларга, катта-катта амалдорларга аёвсиз санча бошлагани мулла Имомалини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Мирзоҳид ота ўғли тақдирини унга ишониб топширганди, кўз-қулоқ бўлиб юришни тайинлаганди. Агар шу алфозда кетаверса, Сирожиддин бирор фалокатга дучор бўлиши ва мулла Имомалини устоз олдида юзиқаро қилиб қўйиши ҳеч гап эмасди. Қандай йўл тутса экан, Хондайлиққа чиқиб юз бераётган воқеаларни устозига билдирсамикан? Бу иш чақимчиликка ётмасмикан, Сирожиддин махдум эшитса хафа бўлмасмикин?..

Мулла Имомали боши берк кўчаларга кириб, ҳардамхаёл бўлиб юрганида яна бир кўнгилсиз воқеа содир бўлди. Сирожиддиннинг шамширдек ўткир сатираси бесаранжом қилиб қўйган қозию мингбошилар Тошкент амалдорлари билан тил бириктиришиб, шоирни “Сибирға сургун, овоқ (турма) ичра турғун” қилмоқчи бўлдилар. Хайрият, амалдорлар давраси ичида ҳам шоир ижодига ихлосмандлар борлиги бу балоларнинг олдини олишга имкон яратди. Тошкентнинг Себзор даҳаси қозиси Ғуломхон тайёрланаётган фитнадан шоир ва унинг дўстларини огоҳ этди. Васлий, Абдулла Авлоний, Ризоий, Хислат, Камий, Мискин, Муродхўжа, Асирий каби ҳамфикр қадрдонлар маслаҳатлашиб, Сирожиддинни Тошкентдан вақтинча бош олиб кетишга кўндирдилар. Шоир таржима учун мўлжаллаган “Алиф лайло”, “Ҳикояи латифа” каби китобларни қўлтиқлаб, 1910 йилда андижонлик дўсти Мирзакарим паноҳига йўл олди. Фарғона водийсида яшаб юрган кезларида “Ҳикояи латифа”ни тўлиқ таржима қилиб, Тошкентга жўнатди. “Алиф лайло” (“Минг бир кеча”)нинг эса ярмини ўзбекчалаштиришга улгурган эди…

Бундан буён ҳам индамай юраверишга энди мулла Имомалида илож ва тоқат йўқ эди. Мирзоҳид ота юз берган ва бўлаётган воқеаларни сукут сақлаб тинглади, чуқур хаёлга толди. Ниҳоят, қаршисида бош эгиб, фаромуш ҳолда ўтирган мулла Имомалига юзланиб, шу баҳонада ўзига ҳам тасалли бера бошлади:

– Бу қодир Аллоҳнинг иродаси, бўтам. Кўп ташвиш чекаверманг, сизда ҳам, бизда ҳам айб йўқ. Сирожиддиннинг зуваласи ўзи шундоқ яратилган экан. Фаҳмимча, ўғлимиз қўлимиздан чиқиб, энди халқ фарзандига айланиб кетибдир, инчунин, тақдирида борини кўраверар… Аммо биз ҳам қараб ўтирмай, қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўравермоғимиз даркор. Оғирлик яна сизнинг зиммангизга тушади, бўтам. Бир илож айлаб, Фарғона сари бормоққа ва Сирожиддинни қайтариб олиб келмоққа жазм этиб кўринг. Сўнгги чора сифатида биз унинг бошини икки қилиб қўйиш тадоригини кўрамиз. Шояд, шундан сўнг ўғлимиз шу теваракларда айланишиб қолса.

Ҳам қайнота, ҳам устознинг бу илтимосини мулла Имомали сира оғринмай қабул этди ва зудлик билан поездда Фарғона сари отланди.

Сирожиддин яшаб турган ҳужрага азонда кириб борган мулла Имомали бошини хонтахтага қўйганча ухлаб қолган жафокаш шоирни кўриб ва эндигина ёзилган шеърий дуои саломни ўқиб, беихтиёр кўзлари ёшга тўлди.

Ғурбат ичра, сиздин эй, мағмумдурмен айрилиб,
Суҳбатингиздан ажаб маҳрумдурмен айрилиб.

Васлингиз гулзорида чу булбул эрдим нағмасанж,
Ушбу кун вайроналарда бумдурмен айрилиб.

Кўп замонлардан бери бир қадрдоним сан эдинг,
Шарбати ҳажринг тотиб масмумдурмен айрилиб.

Ҳамдамим ҳам мунисим, жону жаҳоним сан эдинг,
Бир кишим йўқ сўрғудек, мазлумдурмен айрилиб.

Борлиғимни истамангиз ким нишонимнинг мани
Сафҳаи маълумдин маъдумдурмен айрилиб.

Ҳазратингда эрканимда эрди кўп қадрим баланд,
Эмди сориғ ранг ила марсумдурмен айрилиб…

Ҳаста Шеван ушбу матлаъни тилидан солмағай,
Ғурбат ичра Сиздан-эй, мағмумдурмен айрилиб.

“Аддои фақир Сирожиддин соҳиби Шеван. Таҳрир ўлинди, фурсат зиқ эрди, яъни кечаси соат ўн икки эрди. Рўзи одина учинчи сафарда. Ушбунинг жавобиға мутассардирмен”.

Имомали шеърни ўқиб, кўнгли бузилиб турган бир пайтда Сирожиддиннинг кўзлари очилди ва энг яқин қадрдонини қошида кўрди. Улар сўзсиз-садосиз қучоқлашдилар. Мулла Имомалининг келишдан мақсадини эшитган шоир чеҳрасида яна хомушлик пардаси пайдо бўлди.

– Боришим ҳамоно ул қози далолати бирла мени ҳибсга олурлар ва Сибирга сургун қилурлар, – деди Сирожиддин ғамга ботиб.

– Гарчи ўлимни гапирмоқ қувонч бўлмаса ҳам, ул золимнинг яқинда тобутга тортилганини сизга айтишим керак! – деди мулла Имомали Сирожиддинни юпатиб.

– Ундай бўлса, “ё Ҳақ!” деб ҳозироқ йўлга чиқамиз! Ёру биродарларни, падари бузрукворимизни яна кўрар кун бор экан-да! – деди шодланиб шоир. Сирожиддиннинг қувғинда дарбадар юришларига, ғарибона аҳволига ачинган мулла Имомали йўлга чиқишлари олдидан:

– Махсум, бир нарса сўрасам, кўнглингизга оғир олмайсизми? – деди кўпдан хаёлида айланиб юрган иштибоҳни домласининг ўғлига очиқ айтишга ботинолмай.

– Бемалол, Имомали оға, – унга юзланди Сирожиддин.

– Ўзингизни шундай азобларга отгандан кўра, тўра-амалдорларга қаттиқ тегмаёқ, домлачилик қилиб, роҳат-фароғатда ижодингизни қилиб юрганингиз маъқул эмасми? Ахир билимингиз бошқаларникидан ўткир, барча эл сизни улуғ аллома деб эъзозлайди. Энг муҳими, падари бузрукворингиз кексайиб қолган бир пайтда ғам-андуҳлардан қутулармидилар…

Сирожиддин ярқ этиб суҳбатдошига қараб қўйгач, ўйчан назарини ерга тикди. Қўйилган масала анча мураккаб эди. Сирожиддин ниҳоятда ҳозиржавоб бўлгани билан бу саволга шарт-шурт жавоб қайтара олмади. Билъакс, унга мурожаат этаётган одам анойилардан эмас: отасининг энг севимли шогирди, Кесакқўрғон мадрасасида йигирма беш йил таҳсил кўргач, мударрис домла Мавлоно Шоҳмуҳйиддин охундга ёрдамчи этиб олинган ҳурматли инсон. Қолаверса, ўзининг поччаси, мудом раҳнамолик қилиб келаётган меҳрибони. Анча хаёлга толиб қолган Сирожиддин аччиқроқ бўлса ҳам тўғри жавобни лозим топди:

– Сизни туғишган оғамдан ҳам аъло кўраман, тақсир, – деди у одатдаги жангари ва кескирлигига номувофиқ тарзда юмшоқлик ва меҳрибонлик билан. – Аммо, ростини айтсам, сизнинг йўриғингиз билан менинг йўлим бошқа-бошқа экан. Мен фақат мадрасаларга боғланиб умр ўтказа олмайман. Мен қалбим буюрганини ёзишим керак. Мен қаламим бирла, ҳажвиётим тиғи билан ришвахўр золимлар, текинхўр фирибгарларнинг додини беришим, ситамдийда бечораларнинг жароҳатланган қалбларига малҳам қўйишим лозим. Бу йўлдан қайтувимни сира иложи йўқ, зеро у менинг ихтиёримдаги имкон эмас. Отам масаласига келсак, қайтиб боргач, табаррук ул зотнинг кўнгилларини шод этмак йўлида жон борича тиришарман…

– Узр, махсум, бу ҳақда ортиқ гап кавлаштирмаймиз, – деди унга жавобан мулла Имомали.

 

  1. Жонажонсан, Тошкентимнинг оғуши…

Сирожиддин сўзида туриб, дадасини ранжитмади, Мирзоҳид ота таклиф этган қизга уйланди. Аммо, аввалгилари етмагандек, бундан бу ёғида ҳам кулфатлар қаторлашиб турган экан: аввал дадаси, кейин умр йўлдоши, Омонулла ва Фатхулкарим исмли ўғлонлари бирин-кетин вафот этди. Юрак-бағри айрилиқ азобида ўртаниб кетган Сидқий Хондайлиқий ўзини яна ижод билан овунтирди, мадрасаларнинг ҳужраларида, шоир Хислатнинг меҳмонхонасида, Чорсуда, Шайхонтоҳурдаги ижарага олинган уйларда кечаю кундуз тинимсиз ижод қилди. Лекин, барибир, охир-оқибат Тошкентдай шаҳри азим ҳам унга торлик қилиб қолди… 1919 йилдан бошлаб туғилган қишлоғи яқинидаги Паргиз деган ерда уй-жой тиклаб, сокин ҳаёт кечиришга ўтди. Шоир қалбида она қишлоғи – Хондайлиқда яшаш орзуси доимо жўш уриб турарди. Аммо шу даврларда бунга сира имкон йўқ эди: йигирманчи йилларда, ўттизинчи йилларнинг бошларида Хондайлиқда дўпписини олиб кел деса, биратўла бошини кесиб келтирувчи, ҳар бир нарса кўзига хурофот бўлиб кўринувчи шахслар изғиб қолганди. Улар ҳатто Сидқийнинг акаси Исмоил махсумни ҳам тутқун этиб, сарсону саргардон қилишди. Қишлоқ халқининг талаби билан Хондайлиққа қайтиб, талабаларга билим бериб юрган мударрис домла Имомали ҳам ўша “янги замон яратувчи”лар қутқусидан қочиб, Тошкентга кўчиб кетди.

Шундай воқеалар содир бўлаётган кунларнинг бирида Сидқий Хондайлиқий ола биясини миниб, Искандар қишлоғи бозорига келиб қолади. У пайтларда бозор Искандар қишлоғини кесиб ўтувчи Хонимариқ билан Кенасариқ оралиғидаги майдонда (ҳозирги якка қувур ўрнида) бўларди. Бир зарурат юзасидан раста оралаб юрган шоир хондайлиқлик қариндошларидан бўлмиш уста Бўрабойни учратиб қолди. Улар омонлашиб, бир чеккага чиқиб суҳбатлашиб ўтирдилар.

– Ҳа, жияним, нега жуда хомушсан? – сўраб қолди синчков шоир.

Бўрабой бошига тушган ташвишлар, қишлоқдаги ҳангомаларни билдирмоқчи эмасди. Шоирнинг дардчил оҳангдаги биттагина сўровиёқ унинг қалб тугунини ечиб юборди. Бўрабой дийдаси бўшаб кетиб, ўзининг ҳам бойлар рўйхатига тиркалиб қолганлиги, бор-йўқ рўзғорини, тикув машиналарини тортиб олиб қамаганлари, сарсон-саргардон қилганликларини сўзлаб берди. Қишлоққа шу кунларда асло қадам босмаслик кераклигини шоирдан ўтиниб илтимос қилди. Сидқий Хондайлиқий ҳушёрликда, зеҳнда ҳам жуда ўткир эди. У ўзининг ташвишга тушганини сездирмади-ю, Бўрабойга таскин бериб, бир оз койиган ҳам бўлди:

– Янглишмасам, ҳозир йигирма етти ёшга кирдинг-а? – деди шоир жиянининг кўзларига тикилиб. Тасдиқ жавобини олгач, ўша шиддатли оҳангда давом этди: – Аввало, булар ҳаммаси ўткинчи ишлар, вақти билан жой-жойига тушади. Қолаверса, қўлингда гулдек ҳунаринг бор, мол-дунё – қўлнинг кири, ўрни тўлиб кетар. Дарвоқе, сен қўли гул устасан-ку, менинг асал ҳайдайдиган машинам бузилиб қолди, тузатиб беролмайсанми?

– Жоним билан, тоға! – деди Бўрабой қувониб. – Ҳозир уйга чиқаман-у, новшадил, қалай, жавҳар олиб тушаман. Унгача сиз примус топиб қўйинг.

Уста Бўрабой шу куни кечга яқин Сидқий Хондайлиқийнинг Паргиздаги ҳовлисига кириб борди. Кейинчалик Бўрабой ота Сидқий Хондайлиқий яшаб турган ҳовлини шундай таърифлаган эди: “Тоғамнинг уйи Чирчиқ дарёсига олиб борувчи йўлнинг ўнг тарафида жойлашган эди. Уй олдида бир туп тоғ арчаси гуркираб ўсиб турибди. Йўл чеккаси бўйлаб каттагина ариқ оқиб ўтаркан. Ариқ ёқасидаги каллакланган улкан тол дарахти бошида лайлак бола очган эди. Ҳовлига киргач, анграйиб қолдим: ҳаммаёқ гулзор. Гулларнинг кўпи менга нотаниш. Уларга қараб ҳайрон қоласан киши: гўё одам боласи тикилиб тургандек – кўзлари, бурунлари, оғизлари ҳам бордай…”

Шоир уста Бўрабойни яхшилаб меҳмон қилди, туни билан турли мавзуларда суҳбатлашдилар. Эртаси куни аппаратни тузатиб, асал чиқардилар. Сўнг шоир совға-саломлар билан Бўрабойни уйига кузатди. Мунаввар юзли шоирнинг рухсори табассумли эди-ю, аммо қалби чок-чокидан сўкилиб изтироб чекарди: “Хондайлиққа қайтишдан умид узсам ҳам бўлар экан…”

Жигаргўша ҳамқишлоқлар дийдорлашуви 1928 йилда содир бўлган эди. Юз ёшдан зиёд умр кўрган Бўрабой ота ҳаётининг охиригача мудом изтироб билан гапириб юрди: “Шу учрашувдан сўнг ҳар хил тирикчилигу ташвишлар билан ўралашиб, Сирожиддин тоғамникига узоқ вақт бора олмадим-а! Кўп ўтмай вафот этиб кетишларини билганимда эди, ҳар куни хабар олмасмидим!..”

 

  1. Мангулик йўлида

Беаёв ўлим Сирожиддин Сидқий Хондайлиқийни 1934 йилнинг кеч кузида ҳаётдан олиб кетди. Таваллудига бир юз ўттиз йил тўлаётган шоир хотираси Мустақиллигимиз шарофати туфайлигина юксак эъзоз топиб бормоқда.

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 7-сон