Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар ҳақида ёзишни кўнглингга тугсанг-да, чўчиб турасан: ёши, салобати, босиб ўтган умр йўллари ўйлантиради, ҳайратланасан, арзирли даражада ёза олармикинман, деган андишага борасан. Устоз Шукрулло ҳақида мақола ёзишни ният қилганимда ҳам, гарчи мўътабар ёшни қоралаган адибнинг асарларини ўқиган, суҳбатларида бўлган, Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Миртемир сингари атоқли ёзувчилар ҳақида ҳикояларини эшитган, инсонийлик, яхшилик ҳақидаги ибратомуз насиҳатларини тинглаган бўлсам ҳам, мени шундай ҳислар тарк этмасди.
Бир учрашганимда Шукрулло ака суҳбатдан сўнг ўша пайтда чоп этилган “Умрбоқийлик” номли китобни бердилар. Тўпламда Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Чингиз Айтматов, Мустай Карим, Давид Қуғултинов, Римма Казакова сингари ёзувчи, шоирлар, замондош ижодкор ва олимларнинг Шукрулло ижоди, шахси ҳақидаги илиқ фикр-мулоҳазалари жамланган. Чиндан ҳам бу куюнчак инсон асарлари тилининг равонлиги, таъсирчанлиги боис, Ғафур Ғулом таърифлаганидай, “йирик лирик шоир сифатида” ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаёқ элга танилиб улгурганди.
Шукрулло ака сермаҳсул ижодкор. У киши неча ўн йиллардан бери нафақат шеърлар, балки поэмалар, драматик, публицистик, насрий асарлар, сценарийлар, мақолалар ҳам ёзиб келади. Адибнинг “Танланган асарлар”идан йирик насрий асарлари — “Кафансиз кўмилганлар”, “Тирик руҳлар”, “Жавоҳирот сандиғи”, “Оғир кунлар севинчи” номли роман, қиссалари ҳам ўрин олган. Мен бу асарларнинг баъзисини қўлёзма, баъзисини журнал вариантида ўқигандим. Кейинчалик уларни тўпламда қайта мутолаа қилдим. Бу асарлар адабий жамоатчилик томонидан аллақачон эътироф этилгани, китобхонларда жуда катта қизиқиш уйғотгани, хорижий тилларга таржима қилиниб, чоп этилгани сир эмас.
“Кафансиз кўмилганлар”да муаллиф ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошида “халқ душмани” сифатида ноҳақдан қамалиб, совуқ ўлкаларга, маҳбуслар лагерига сургун қилиниши воқеаларини қаламга олади. Асар ниҳоятда шоирона дард билан ёзилган. Муаллиф мустабид тузум даври фожеасини замондошларига ва келажак авлодларга имкон қадар ҳаққоний кўрсатишни ният қилган ва ўз мақсадига эришган.
Тўғри, бу мавзуда кўплаб асарлар битилган. Хусусан, рус ёзувчиси А.Солженициннинг “Гулаг Архипелаги” (“Қамоқхоналар салтанати”) асари ҳам айни шу мавзуда. Аммо Шукрулло бу машҳур адибдан фарқли ўлароқ, ўз асарини шарқона мунгли оҳангда, таъбир жоиз бўлса, Шарқ мумтоз адабиёти анъаналари руҳини сингдирган ҳолда ўқувчиси ҳукмига ҳавола этганки, бу асарнинг нафақат бадиий қимматини, балки руҳий-ҳиссий таъсир даражасини ҳам оширган. Зотан, ҳаққоний ёзилган китоблар барча замонларда ўқувчисини топади, кўпчилик эътиборидан четда қолмайди.
Бир куни устоз уйга қўнғироқ қилиб, бир роман ёзганини айтди. “Ўзбеклардан Лев Толстойга хат ёзган Убайдулла Хўжаев — истиқлол учун курашган адвокат зиёли ҳақида. Ўқиб, фикрингни айтсанг”, деди. Менга ишонч билдириб, қўлёзмани ўқишга тавсия этаётганидан қувондим. Асар менда илиқ таассурот қолдирди. Муаллифнинг кўнглини кўтариб: “Асар маърифий роман бўпти. Пастернакнинг “Доктор Живаго”сидан қолишмайди”, дедим. У киши кўнглини кўтарганимни сезди, шекилли: “Камчилигини айт”, деди. Мен шу қутлуғ ёшда эпик жанрга қўл уришнинг ўзи жасорат эканини таъкидладим. Кўзларидан менинг жавобим қониқтирмаганини сездим. Ўша дамда асарнинг сюжети, композицияси бироз сустлигини айтсам, устоз яна асар устида қаттиқ ишлайман, деб дардга чалиниб қолиши мумкинлигини ўйладим. Шундай эса-да, тўғри гапни яхши кўрадиган Шукрулло акага: “Ойбек домланинг романларига ўхшаш кўлам етишмаётгандай, воқеалар бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетиши керакдек туюляпти…”, дедим. “Ойбек ҳам шоир эди-ку”, деди устоз. “Ойбек домла катта романларини ёзганларида олтмишдан ошмагандилар”, деганимдан сўнг Шукрулло аканинг кўзлари чақнаб кетгандай бўлди гўё…
“Тирик руҳлар”ни “Танланган асарда” қайта ўқиб, ҳайратландим. Адиб асарни кейин яна анча ишлаган экан. Энг асосийси, асарнинг кўлами ҳам кенгайган, ўтган аср бошидаги воқеалар, Убайдулла Хўжаев, Мунаввар қори, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Фитрат ва бошқа жадидларнинг ёрқин сиймолари, мураккаб, чигал ҳаётини ўша давр воқеаларига уйғун тасвирлашга эришилган.
Шукрулло аканинг “Жавоҳирот сандиғи” мемуар қиссаси ҳақида ўтган асрнинг саксонинчи йилларида кўп ёзилган. Асар рус ва бошқа халқлар тилига ўгирилиб, ўқувчилар эътиборига тушган. Орадан кўп йиллар ўтиб, яқинда уни такрор ўқиб чиқдим ва асарнинг бадиий қиммати, тарбиявий аҳамияти бирдай сақланганига гувоҳ бўлдим. Муаллиф болалигида кўрган-кечирганларини, Тошкент маҳаллаларидаги ҳаёт тарзини, шоир бўлиб шаклланиш давридаги тенгдошлари, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон каби атоқли адибларнинг шахси, феъл-атвори, дунёқарашини ўзига хос шоирона ибораларда тасвирлайди.
Хуллас, асарнинг қайта мутолаасидан таъсирланиб, ҳаяжонимни яширолмай, устозга қўнғироқ қилдим: “Айниқса, устозларингизга бўлган муҳаббатингиз жуда бошқача чиқибди, уларнинг феъл-атворларини, юксак инсоний фазилатларга эга шахслар эканини бошқаларникига ўхшамаган тарзда ёзибсиз”, дедим. Шукрулло ака ўнлаб йиллар бурун ёзилган асари ҳақида яхши гапларни эшитиб боши осмонга етди, шекилли, ўзгача: “Худога шукур!” деб қўйди-да: “Расул Ҳамзатовга бир пайтлар сенинг “Доғистон”ингдан таъсирланиб “Жавоҳирот”ни ёздим деганимда: “Мен эса шайх Саъдийнинг “Гулистон”идан ўрганиб “Менинг Доғистоним”ни ёзган эдим. Асарлар шу тарзда битилади — ўтмиш алломаларидан ва бир-биримиздан ўрганамиз”, деган эди”, дедилар…
Ҳақиқатан ҳам, бу қисса етук асарлардан бири сифатида китобхонлар, айниқса, ёш авлод маънавий оламини бойитишда, таълим-тарбиясида бебаҳо қимматга эга.
Муборак тўқсон ёши муносабати билан чоп этилган “Ғойибона муҳаббат” номли тўпламга адибнинг кўплаб ўлкалардаги, хориждаги ўқувчиларидан келган ижоди, асарлари ҳақида фикр-мулоҳазалар битилган мактублар жамланган. Уларни ўқиб, Шукрулло аканинг қанча одамларнинг мушкулини осон қилгани, дардига малҳам бўлгани, эзгу ишлардан, ижоддан тўхтамаганига гувоҳ бўламиз.
“Ғойибона муҳаббат” китобидаги ижодкор дўстлари — Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Чингиз Айтматов, Мустай Карим, Комил Яшин, Чабуа Амирэжиби, Давид Қуғултинов, Одил Ёқубов сингари адабиёт дарғалари билан тушган суратларни кўздан кечирарканман, бу катта даврада Шукрулло аканинг ўз ўрни борлигига қувондим. Бундай ўринга ҳамма ҳам сазавор бўлавермайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 38-сонидан олинди.