Агар Ер юзаси тупроқ билан қопланмаганида, инсон унда яшай олмас эди. Тупроқ бўлмаганида, ўсимликлар ҳам бўлмас, инсон ва жониворлар эса ўзига овқат топа олмаган бўлар эди.
Тупроқ ўсимликлар ўсадиган кукунсимон қопламдир. Унинг таркибига майда тошлар, ўсимликлар ва жониворлар организмларининг қолдиқлари киради. Бир вақтлар майда тошлар катта-катта қоялар, қолдиқлар эса ўсимлик ва тирик мавжудотлар бўлган.
Энг қаттиқ қоялар ҳам вақт ўтиши билан емирилади. Қоя жинсларининг емирилиш жараёни доимий суръатда давом этади. Музликлар тоғ ва қояларни чилпарчин этар экан, ўзи билан водийларга уюм-уюм тоғ жинсларини олиб энади. Сув кимёвий элементлар — унсурлар билан биргаликда айрим тоғ жинсдарини эритади ва ювади. Куннинг исиб-совиши ҳам тоғларни емиради. Исиб-совиш оқибатида қоялар юзасида дарзлар пайдо бўлади. Ёғингарчилик пайтида у ерга сув тушади, сув музлагач, кенгаяди ва тоғларни қулатади. Ўсимлик илдизлари ҳам қояларни емиради. Тоғ жинсларининг ёриқларига тушиб қолган дарахт уруғлари кўкариб чиқади, илдизлари дарзлар ичига чуқурроқ ботади ва тоғ жинсларини нурата бошлайди. Нурашни қумларни учириб кетадиган шамол ниҳоясига етказади.
Аммо бу тупроқ ҳосил бўлишининг бошланиши, холос. Ҳақиқий тупроқ ҳосил бўлиши учун қумга ёки тоғ жинсларининг майда зарраларига «гумус» қўшилиши керак. Гумус — ўсимликлар ва жониворлар қолдиғидан олинадиган органик масса. Бактериялар барча қолдиқларни тупроққа айлантиради.
Бактериялар уларни чиритиб, тупроқ унумдорлигини оширади. Чувалчанг ва бошқа ҳашаротлар ҳам ерни бойитади. Ернинг энг юқориги — ҳайдаладиган қатлами унумдордир. Унда гумус кўп. Унинг остидаги қатлам, асосан, тоғ жинслари қолдиқларидан таркиб топган. Ундан ҳам қуйида илдизларга тўшама жинслар бор.