Сув алвастиси нима?

Сув алвастилари ёки аксолотлари биринчи бор 1865 йилда Мексикадаги Сочимилько кўлида учраган. «Аксолотль» ацтеклар тилидан олинган бўлиб, «сув аждарҳоси», «сув газандаси» ва «сув ити» деб ҳар хил талқин қилинади. Олимлар учун ойқулоғи ва думида сузиш пардаси бўлган сув алвастиси кўп вақт жумбоқ бўлиб келди.

Сувда яшайдиган бу махлуқ билан қуруқлик амфибияси ўртасида алоқадорлик борлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Бу жумбоққа 1867 йили француз герпетологи Огюст Дюмериль нуқта қўйди. У аксолотлнинг холли думли амфибияга айланишини биринчи бўлиб аниқлади.

Бугунги кунда аксолотллар юз минглаб одамларнинг хонадонида яшамоқда, айни чоғда у Халқаро табиатни қўриқлаш уюшмасининг Қизил китобига киритилган. Совуққон, хира тусли бу жонивор ҳаётининг кўп қисмини аквариум тубида, беҳисоб ёмғир чувалчанглари, гўшт ва чивин ғумбакларини еб ўтказади.

Табиатда аксолотллар фақатгина Сочимилько ва Чалько кўлларида сақланиб қолган, улар бу ерда қирилиб кетиш хавфи остида. Бу кўлларга Европа карпини мослаштиришди, бу балиқларга ёш аксолотллар ва уларнинг увулдириғи жуда ёқиб тушди. Бир сўз билан айтганда, ацтеклар салтанати емирилишини бошдан ўтказган аксолотлларнинг келажаги жуда ғамгиндир.