Маржон нима?

Маржон дунёдаги энг ғаройиб ва ғалати нарсалардан биридир! Аввало шуни айтиш лозимки, қадим замонлардан буён қизил маржонлар қимматбаҳо тошлар билан бир нархда баҳоланиб келинади. Шунинг баробарида маржон билан боғлиқ жуда кўп ирим-чиримлар ҳам ғоят қизиқарли.

Римликлар хавф-хатарни йўлатмайди, деб маржон парчасини болаларнинг бўйнига тақиб қўйишган. Улар маржонни касалликка чалинтирмайди ва ундан фориғ қилади, деб ишонишган. Италиянинг қайси бир жойида ҳали-ҳамон одамлар «ёмон кўздан асралиш» учун маржон тақиб юришади. Энг ҳайратли томони — маржон дунё жўғрофиясини ўзгартириб юборган!

Маржон нима ўзи? У кўп миқдорда майда пайпаслагичлари бўлган маржон полипи (қимирламай бир жойда яшайдиган ковакичаклиларга мансуб) — майда елимшаксимон денгиз организмининг скелетидир. Полип косача тарзида шаклланиб, ҳамма ёғини полип ўраб турадиган, скелет таркиб топадиган оҳаксимон моддалар ишлаб чиқаради.

Полип дастлаб сув тагидаги қоя сиртига ёпишиб олади ва ундан янги полип ажралиб чиқади. Қари полип нобуд бўлгач, тирик полиплар унинг скелетида яшашни давом эттирадилар ва ўз навбатида, ундан янги полиплар униб чиқаверади. Полипларнинг янгидан янги авлодлари аждодларининг скелетида ўсиб чиқаверади, натижада маржон пайдо бўлади.

Маржон қатламма-қатлам ўсиб боради, океанлардаги орол ва сувости қоялари ана шу тариқа пайдо булади. Бу организмлар иссиқ ва тропик сувларда яшайди. Маржонларни асосан Тинч океани жанубий ҳудудларида, Ҳинд океанида, Ўрта ер денгизида ҳамда Флорида, Мексика ва Вест-Индия соҳилларида учратиш мумкин.

Катта маржон тузилмаларини ҳошияланган сувости қоялари, тўсиқли сувости қоялари ва атоллар (ҳалқа шаклидаги маржонлар ороли) деб аташади. Ҳошияланган сувости қоялари ўзида соҳилбўйи ва океанга туташ қояларга бириккан сувости маржон майдонлари таассуротини беради. Тўсиқли сувости қояларининг материкка дахли йўқ, улар соҳилдан маълум узоқликда, океанлар ичида ўсиб чиқади. Атоллар эса доира шаклидаги маржон ороллардир.

Катта тўсиқли сувости қояси Австралия соҳилларидаги Квинсленд воҳасида бўлиб, 1260 милга чўзилган.