Шоир, публицист, олим ва жамоат арбоби Собир Рустамхонли (Sabir Rüstəmxanlı) 1946 йилда Ёрдамли туманининг Ҳамаркент қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, Боку Давлат университетининг филология бўлимида ўқиган. “Қишлоқ йўли” деган илк шеъри 1964 йилда “Озарбайжон ёшлари” газетасида босилган. “Адабиёт ва инжасанъат” газетасида, “Ёзувчи” нашриётида бош муҳаррир, Озарбайжон республикаси Давлат матбуот қўмитасида раис бўлиб ишлаган (1967— 1993).
1990 йилда депутат бўлиб сайланди; у “Ватандош ҳамрайлиш” партияси раиси, Миллий Мажлис депугатидир. Қирқ йилдирки, у ўз шеърлари, ўтли публицистик асарлари, адабий-илмий мақолалари билан Озарбайжон адабиёти ва жамиятининг ривожланишига, ўз халқи миллий тушунчасининг шаклланишига, юксалишига хизмат қилиб келмокда.
Унинг “Танимоқ истасанг” (1970), “Севгим, севинчим” (1974), “Хабар кутиб” (1979), ‘Танжа қапуси” (1981), “Яша, она тилим” (1983), “Қон ёддоши” (1986), “Умр китоби” (1989), “Ўлганда байроққа ўралурмен”, “Ичимдаги дард оғочи”, “Бу юрт менга таниш”, “Замон мендан кечар” (1995) каби йигирмадан ортиқ китоблари босилган. Бу асарларнинг кўпчилиги рус, турк ва бошқа чет тилларга таржима қилинган. Айниқса, “Умр китоби” бир неча туркий тилларга ағдарилган ва Озарбайжондаги китобхонлар меҳрини қозонган.
ТОҒЛАР
Юксакдан йўл солиб, ўрдан ошмадим,
Қўрқдим, аҳдимизни бузарсиз, тоғлар.
Сизга мос шеър битиб, қайнаб-тошмадим,
У шеърни ўзингиз ёзарсиз, тоғлар.
Қўшиқ айтай десам, келмайдир сасим,
Энди йўл юришга етмас нафасим,
Орқага қайтишга йўқдир ҳавасим,
Қабримни қояда қазарсиз, тоғлар.
Оқ туман кўрингай байроғим каби,
Шаршара тинмагай сўроғим каби.
Ойни, ёниб турган чироғим каби
Кечалар устимга осарсиз, тоғлар…
СОРБОН
Бу йўлларда мен бир сорбон,
Карвонимга ҳурганни кўр!
Яхшилигим Ҳаққа аён,
Ёмонлигим кўрганни кўр!
Эгри қараб дўст-ёрига,
Харом қўшиб бозорига,
Юртнинг тарих — мозорига
Кириб, топтаб юрганни кўр!
Ватан боғи чечак очар,
Чечагимиз ёғду сочар…
Ўзи экмай, ҳар ебқочар
Боғбон каби турганни кўр!..
САҚЛАСИН
Йўл тополмай, юз тутармен Тангрига,
Ишимизни сўзимиздан сақласин.
Бу бир дарддир, ким туймаса, у туяр,
Бир озганни юзимиздан сақласин.
Тепамизни тоғлар шоҳи деб билдик,
Кулбамизни саройдир деб лоф қилдик.
Очкўз бўлдик, дўст ҳаққини ҳам юлдик,
Кўз текканни кўзимиздан сақласин.
Ҳақ истаган ярасига туз қўйди,
Нафсин ёмон кўрган уни бот тийди,
Илк ҳосилдир, пок ниятдир, пок уйдир —
Кўча кўрган изимиздан сақласин.
Минг уй исир бир ўчоқнинг қўрига,
Юз мард тушар бир номарднинг тўрига,
Қўшин керак — ҳар сотқиндан қўригай,
Кўпимизни озимиздан сақласин.
Умрни қўл қилди баҳсга баҳсимиз,
Ғийбат сўқдик бўғилганда сасимиз,
Белимизга кўп юк қўйди нафсимиз,
Қорнимизни оғзимиздан сақласин.
Терс боқишдан оғу томар чўракка,
Совуқ сўздан шайтон кирар юракка,
Ёлғиз қоя узра туман тез чўкар,
Севгимизни нозимиздан сақласин.
Уй қурган мен, қўшним қудуқ қазгандир,
Ўнг қўл ясаб, чап қўл уни бузгандир,
Бошқасига жавоб бермоқ осондир —
Оллоҳ бизни ўзимиздан сақласин!..
ҚИСМАТИМ
Орамизда Ораз бўлдинг,
Кечадирман бахтим, сени!
Тубан ердан олиб, кўкка
Учадирман, бахтим, сени!
Замонларнинг оқишинда
Золимларнинг ёқишинда,
Қардошларнинг боқишинда
Қучадирман, бахтим, сени!
Қирғоқсиз бир наҳр бўлсанг,
Қуёшсиз бир саҳар бўлсанг,
Дунё тўла заҳар бўлсанг —
Ичадирман, бахтим, сени!
ОТИ ГЎЗАЛ
Отинг — юрагимни безаган орзу,
Отингдай гўзал, шўх бўла олсанг, кел!
Баҳори вафосиз ўтган умримга
Янги баҳор бўлиб кела олсанг, кел!
Юрагим инграйдир, замондан хорғин,
Кераксиз ташвишу гумондан хорғин.
Умримнинг кўзи ҳам тумандан хорғин,
У туман пардасин юла олсанг, кел!
Ҳижрон йўлдош, йўлга қайғу узанди.
Бахтсизлигим кўриб, бахтим ўсанди.
Толе кулдирганда, кулмоқ осондир,
У йиғла деганда, кула олсанг, кел!
Бир куни ўлимим қўлимдан тутгай,
Миндирар фалаклар ҳуркитган отга;
Қабримда руҳимдек кўкарган ўтга
Кўзёш тўкиб, уни силай олсанг, кел!..
МИКОИЛ БАХШИ
Эшигингни қоқдик, Микоил бобо,
Устоз оёғига келганларданмиз.
Дедилар, кўз ёши қуримас асло,
Қардош ёшин арта билганларданмиз.
Минг бир дардимизнинг давоси созинг,
Ҳаёт эшигини очар ҳар сўзинг,
Бошингга тож берган толеми, ўзинг?
Миллат шони! Сенга елганларданмиз.
Устингдан фалакнинг тўфони эзар,
Мардлигинг Эронни, Туронни кезар,
Кишининг иши ҳам ўзига менгзар,
Бир майизни халол бўлганларданмиз.
Одилни чақирдинг, жавоб келмади,
Бу зиндон дунёда юзинг кулмади,
Қайғунгга севинган ғофил билмади,
Бизлар ҳам охирда кулганларданмиз.
Кумуш сочларингни чулғаб саҳарга,
Юз йилнинг тиззасин теккиздинг ерга,
Ҳаққа топинганлар тош қўйган қирга
Биз ҳам бош қўйгунча ўлганларданмиз.
ЧИДОЛМАЙMAH
Эркин ўсган тоғ ўтиман,
Ўрганга ҳеч чидолмайман.
Аччиқ сўз-ла жон ачитиб
Турганга ҳеч чидолмайман.
Кесиб ёлғон қўли билан,
Осиб талон йўли билан,
Ҳолим илон тили билан
Сўрганга ҳеч чидолмайман.
Йўлимизни бура-бура,
Кўксимизни ёра-ёра,
Суякдан кўшк қура-қура
Юрганга ҳеч чидолмайман.
Мол йиғавер, йўлдан озган.
Бироқ ўлим қабринг қазган.
Эй бахтимни қора ёзган,
Қорангга ҳеч чидолмайман!…
Орзуларим ёнар бир ўт,
Орзуларим ўсар бир ўт,
Дунё ити, наридан ўт,
Ҳурганга ҳеч чидолмайман!…
1985 йил
СЎЗИНГ ҚОЛДИМИ?
Мен билан ҳар ерда тортишма, сотқин,
Ҳақдан сўйламоққа сўзинг қолдими?
Сотдинг бу миллатнинг пахтасин, нефтин,
Бозорга солгани бўзинг қолдими?
Ўзга қўғирчоғи, ўзга сасисан,
Асиллар тинганда, акс садосисан,
Қўлдан қўлга ўтган пул қоғозисан,
Ўз рангинг қолдими, юзинг қолдими?
Элни парчаладинг, малайсан ётга,
Сен ҳам замон қилган бир янглиш, хато.
Ақл майдонида пул ўтмас, отам,
Тикка олишмоққа тизинг қолдими?
Ёвни севинтирдинг, бизни бўзлатдинг,
Ётга гул узатдинг, менга тош отдинг,
Миллатнинг ўтини душманга сотдинг,
Энди исинмоққа кўзинг қолдими?
Келган фармонларга ҳар жумланг тўла,
Ғўдайган, шу кунга қолдингми? Ўл-а!
Пок виждон сўзини оғзингга олма!
Бошдан айрилгансан, эсинг қолдими?
Сизлар куладирсиз, мен ғам тошиман,
Ҳар синиқ кўнгилнинг суҳбатдошиман,
Мен қоя ёзуви, қон ёддошиман,
Боқ, миллий йўлларда изинг қолдими?
СИНМА
Ғам юракни қиш этар.
Ғамни кўклар эшитар.
Бу ҳам Аллоҳ иши-да,
Тонма, қардошим, тонма!
Бой берганим бу чоғдир,
Номард, сотқин қочоғдир.
Ўзинг қазган ўчоғдир,
Ёнма, қардошим, ёнма!
Ўз йўлимиз шул эмиш,
Ўз руҳимиз қул эмиш,
Ўнг қўлимиз сўл эмиш,
Алданма, сен алданма!
Энди кўз ёшинг артгил,
Энди ҳар йўлингни бил!
Чумолини яна фил —
Санаб, қўрқиб, писланма!
Тулки келар қасдингга,
Қарға келар пўстингга,
Дунё келар устингга —
Синма, қардошим, синма!
1994 йил
ХАЛИЛ РИЗО
(Марсия)
Қирқ йил ўз кафанингни ўз бўғзингда ташидинг,
Кўксингни ҳандақ этдинг, ҳандақларда яшадинг,
Менга фақат дўст эмас, қони бир қардош эдинг,
Дафтари ўчоқтоши, йўл тоши Халил Ризо!
Насимийнинг, Жовиднинг йўлдоши Халил Ризо!
Ёғий ўйди кўзларни Калбажарда, Лочинда,
Халқ икки йўл бошинда, Ватан олов ичинда,
Миллатнинг ботир сўзи қаламининг учинда,
Ўлкасидай сўзи қон, кўкси қон Халил Ризо!
Тириклай шаҳид юрган қаҳрамон Халил Ризо!
Юрак тўзмас, бу юртни бўлди чала-яримлар,
Кўзида ғам булоғи, кўзида йилдиримлар,
Тобутда ҳам Табриз деб ҳайқирар — тинглар кимлар…
Қалам-ла тош синдирган, тоғ ёрган Халил Ризо!
Табриздан, Қорабоғдан нигорон Халил Ризо!
Болалардай соддадил, доҳийдай руҳи синмас,
Эгри дўстдан эзилиб, тоғ босса-отиб, тинмас,
Териси шилинса-да иймони ҳеч шилинмас,
Карвон чекмаган дардни чеккан бир Халил Ризо!
Бошни миллати учун тиккан бир Халил Ризо!
Энди унча фарқи йўқ не яхшилик, ёмонлик,
Сўзнинг йўли мангулик, умр йўли бир онлик,
Сенга макон бераркан, шон топди қабристонлик,
Кулгуси ўзини-да кулдирган Халил Ризо!
Бардоши ўлимни ҳам ўлдирган Халил Ризо!
Юрагини сиқарди ўргимчаклар дунёси,
Қўрқоқлар, сотқинларнинг қафаси тор дунёси,
Душманга фурсат берган куннинг мурдор дунёси,
Қаламида жаҳонни силкитган Халил Ризо!
Уммондек тўлқин отиб, ҳуркитган Халил Ризо!
Тердинг Турон чечагин Туркистонлар сасиндан,
Олтойдан Оқденгизга юришлар ҳавосиндан,
Озодлик руҳинг учди умринг тор қафасиндан,
Ўтим, ўт қўриганим, Улутурк Халил Ризо!
Ўлимидан туғилган, эй буюк Халил Ризо!..
ТОПШИР МЕНИ
Тағин руҳга қайғу тўлар,
Ёғий тилар, замон талар.
Балки қўлинг малҳам бўлар,
Қўлларингга топшир мени!
Мен наслимнинг курашиман,
Қиличиман, кўз ёшиман.
Ёлғиз қолган оққушиман,
Кўлларингга топшир мени!
Дунё ҳушсиз, мозор экан.
Севган кўзга санчар тикан.
Гўдакларнинг “Ота!” деган
Тилларига топшир мени!
БОҚА ОЛМАДИК
Қарғандикми, сеҳрландик –
Тилсимдан чиқа олмадик.
Юракларга иблис кирди,
Юракни йиқа олмадик.
Дунё қуч деб қўл берилган,
Неъматимиз мўл берилган,
Бошдан минг-минг йил берилган,
Бирига сиға олмадик.
Кўз кўролмас қош деганни,
Хушламаймиз хуш деганни,
Қўл бериб, қардош деганни
Қўлини сиқа олмадик.
Тарих туймас сасимизни,
Ер унутар изимизни.
Шарр қорайтмиш юзимизни,
Оллоҳга боқа олмадик…
Озарбайжон тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси
МИЛЛАТДАН АЙРИЛСИН
Бу бизнинг Нахчивон, бу бизнинг Муғон,
Бу бизнинг Қорабоғ, Бу бизнинг Ширвон.
Ҳаммамиз бир юрак, ҳаммамиз бир жон,
Ким айтар айирар тирноқни этдан,
Айирмоқ истаган айру миллатдан.
Қувонч бизникидир, дард ҳам бизимдир,
Элтувчи сийнамдир, тўзган тизимдир,
Менинг ўз Бакумдир, ўз Табризимдир,
Ҳар уй ўз уйимдир бу мамлакатда,
Айирмоқ истаган, ажрар миллатдан!
Ҳамият, шуд берди қайғукаш она,
Минг йил, минг сой оқди битта уммонга,
Тутма бу оловни, қўлларинг ёнар,
Ҳаммага қарз тушди сўнг баракотдан,
Айирмоқ истаган ажрар миллатдан!
Бир ишққа айландик чўқилганда дон,
Ўша чашмадандир томирларда қон,
Ҳаммага ўша сир бўлди бу зиндон,
Барқираб чиқамиз бу ҳароратдан,
Айирмоқ истаган, ажрар миллатдан!
Булути ёғишдан, сойлари селдан,
Ақли кесаридан, қиличи белдан,
Тангрини илҳомдан, куйларни дилдан,
Сўзи аччиғидан, қўли заҳматдан,
Айрилиқ истаган ажрар миллатдан!
Карвони гиряга дўнган дейилди,
Сийнаси кўклардан энган дейилди,
Юз жойин боғласанг сўнган дейилди,
У шамки олишиб ёнар қудратдан,
Сўндирмоқ истаган ажрар миллатдан!
ҚАЛАМГА
Ўз хўжа тилингдан асил қаламим,
Эй қусур қаламим, Қизил қаламим!. .
Қалам ё ёғочдан, ё тошдан бўлар,
Лайлакдан, кўмирдан, қамишдан бўлар,
Қизилда ёзилган сўз қизилмиди?
Қизилга касрли сўз ёзилдими?
Балки чиритдилар мураккабини,
Балки еткизаман қайнар таъбини.
У зиндон ерига кўришга кетган,
У жанг майдонига кўришга кетган,
Миллатнинг ўзига ёлғон пишқирган,
Заҳарли кўзидан илон пишқирган
У қандай вазифа, қандай машмаша,
Санинг тўфонингдан сал йиқилмаса,
Қонимни ичайин қон юқилари,
У дон бозорининг “ён” қўнимлари,
Ватанин руҳини тугаши билан,
У олиб бермоғи расмий иш билан
Яна ёд сўзларин қийини олдда,
Сендаги саф қани унутилгунча,
Сенинг шуҳратингни, сенинг кучингни,
Санинг қиссаларинг унутилгунча,
Кет йиғлар қалбимга қисин, қаламим.
Кет мозоринг бўлган кўҳна чибимдан,
Кесилган тил каби асил қаламим!..
ОНА ЙИҒЛАМАСИН
Дунёда оналар ҳеч йиғламасин,
Оналар йиғласа чидай олмайман.
Соҳибсиз уммондир она кадари
Уни сўна каби чақа олмайман.
Ҳеч қачон оналар йиғламасин,
Дунё етимлашар она йиғласа.
Онанинг кўзига ғам тилаганлар
Онанинг кўзини жондай сақласин.
Чекаман онанинг қаҳор пайини,
Ичаман онанинг заҳар пайини,
Онанинг кўзига ғам тилаганлар,
Ёлғиз оналар йиғламасин.
Қўй оқ чечакларни тузай сочига,
Тўкилсин сочининг оқи гулларга
Она кўзарида ғамни кўрмайин,
Ғами ёзга дўнсин, оҳи гулларга…
Ёлғиз оналар йиғламасин,
Чўққимдир, тоғимдир бори шон бўлсин.
Ол-қуёшлик куйиш унга ярашмас,
Онанинг кунлари севинчга тўлсин!
Ёлғиз оналар йиғламасин,
Она ғамларига чидай билмайман!. .
БИТМАС ЙЎЛЧИЛИК
Торимда қурганимни қум айирди, қон ортди,
Тўфонларла келмишдим манида тўфон ўтди,
Қашқардан келган карвон толейимдан ён ўтди,
Такла-Макон йўлидан тез-тез йиғлаблар кечдим.
Олтой яна ҳадафда, Уйғур эр савашида,
Ҳар тошда бир достон бор вурғун бор савашида,
Куш бўлиб қанотландим, Уч Семурғнинг бошидан,
Тангри тоғда сасимдан невлай сақланиб кечдим.
Қулоғимда халқимнинг тарихдан келган саси,
Мен ҳам бир сўз сўйладим тарихнинг қулоғига,
Руҳимда қон томиридай илкин йўл харитаси,
Чиқдим талаба вақти Туркистон сўроғига.
Бу Бошқирднинг тупроғи, қоралиги кўз олар,
Турк юртлари отини танишган талабалар.
Унда Уфали дўстлар мани Ақидел каби,
Сўроқлар бир севгила сафар битганга қадар.
Оқ қайин ҳам шам каби қалқир қора тупроқдан,
Оғачлар ишқи сели, илҳомимнинг баҳори…
Илк кўриш, илк ҳайронлиқ, бизда бу чойга менгзар,
Узун қиш уйқусидан уйғонур туйғуларим…
Бақириқ зерикишдан-парчаланар қафаси,
Сийнаси очилгунча, очилар чайнинг саси,
Юрак ҳам озодликнинг, ҳам баҳорнинг ташнаси,
Манда Бошқирдистонда бу ишқни туйиб кечдим.
Сўнгра дардли киримим… Эл сургун, оти қолур,
Тупроғин ҳар қатида дардининг оти қолар,
Хароба юртларида битмас фарёди қолур,
Гўйтепа йўлларидан қуртдек илайиб кечдим.
Боғчасарой йиғлаюр, кўзини силари йўқ,
Шу тоғ қалъаси шу сир, сирини билгани йўқ,
Қахрамон ер тагида, устида қолгани йўқ,
Замон рўзғори бўлдим, тошни яладим кечдим.
Литвада сўроқладим айри тушган эдларни,
Вильнюс ўртасида дупуллайди диллари,
Гоҳ йиғлайди, гоҳ кулар бу ернинг гўзаллари,
Ёндиму кўзингдаги ёшла ёшланиб кечдим.
Қозонда суҳбат очдик, татанинг қудратидан,
Дунёларга сиғмаган, отидан, суҳбатидан.
Қозон билан Бакунинг сўнгсиз муҳаббатидан
Қозонлик дўстларни бир унда сайиб кечдим…
Тангрига садоқатла қилич сирпаган эрлар,
Баланд кўтарар бўйин, зафарла яна зафар,
Янги Кама устида куч олур миноралар,
Манда қадим Болқарга дуомни ёйиб кечдим.
Қуёш хотиралари юрагимни ўйнатур,
Хушбахтлик қанотида ер кичик доирадир.
Толе шанки илк даъфа севилмоқни ўрганур.
Бир шоира қалбини чопиб талайиб кечдим.
Кавказда қандай вурғун мажлисида қўл очдим,
Ўрхуну, Енисейга мен биринчи йўл одим
Киприсда замиларнинг сарисига буландим
Керкўкда бир абадий ўчоқ қалайиб кечдим…
Хивада танидилар, ишондим, Табриздаман,
Самарқандда Ўғиздан меърос қолган издаман.
Бухоро ранг тўфони, сўнгсиз бир денгиздаман,
Бизга дил узатганни ман да қарғайиб кечдим.
Бу ўзига дўнишди, на Метея, не Нуна,
Қўли маним қўлимда тўқинибди бу хона,
Ҳар учрар асиримда айландим тоғ руҳина,
Муқаддас оғочларга парча боғладим кетдим.
Ўрхонда тошга дўндим, океанга оқмадим,
Чин деворин устида Чинга қараб боқмадим.
Монголга от сайиртдим, бўзқуртларга сиғмадим,
Қўшилиб Бой чойига ман ҳам соғайиб кетдим.
Фозиллиги замоннинг ноқисни чиритмагай,
Душманин гар тўқими cucarsa da битмагай,
Кўрдим қоя тошига ёзганларим кетмагай,
Турк кучлидир, на замон? Бунда йўқланиб кечдим!
На мукаммал ирода, на улуғ миллат эмиш,
Тарихи қабақлаган на сирли сурат эмиш.
Балки боболаримнинг отлари қудрат эмиш,
Қуёшни байроқ этиб, ойни ўғирлаб қайтдим!
Мараллиқда тер тўкиб, Олтин кўлда бўзладим,
Қобуз ёниб ёқилди, тоғларни қовузладим,
Ғиротларга етмоққа, учоқларни созладим,
Ўрдамни байроқладим, юртни йиғлайиб кечдим!
* * *
Отилиб оҳ каби бир кун бу камондин чиқдим,
Минг шукрки, ахир оҳдин-омондин чиқдим.
Бирга “жон” калмасини олмоқ учун дилбардан,
Десам бўлмас ёлғоним минг даъфа жондан чиқдим.
Кўп эди у сиз тўкин сақлашини бош сўздан,
Халқиму, миллатимнинг ман ҳам бу ёндан чиқдим.
Ҳар сўзимдан қон ҳиди келмаса ҳам мандан кеч,
Чунки тарих мани ҳей, бўғувчи қондан чиқдим.
Ул қадарки, тўладир ўлка имонсизлардан,
Балки бир кун қўшилиб ман ҳам имондан чиқдим.
БИР ГЎЗАЛ ҚОР ЁҒАР
Аъло гўзал қор ёғар, қиш ҳам ёдимдан чиқар,
Чечак қиёлаганда ёш ҳам ёдимдан чиқар…
Элакда элангандай тўкар кўнгил порасин,
Кўкдан милён кўз ёғар-тўсганича қорасин.
Бу оппоқ парашютлар – Тангринг десантлари,
Чопур кўкдан ергача булутнинг оқ отлари.
Қўнмоққа жой ахтарар ниҳолдай оқ қушлари,
Айланур оқ холига ўқилмаган нақшлари.
Милён арш ҳам чекилиб кўк юзидан кўринади,
Бу оппоқ парчасини ҳаммага бўлинади.
Юз мингта қайчи бўлсин бу оқ ипларни кесмас,
Қўлим оқ варақларни чевирмоққа талашмас…
Қор уйидир кўкларнинг сассиз қор дейирмани,
Совуқ қувонч олдида исинар еринг сани.
Бу илоҳий яхшилик хотираси наларни?
Онамнинг кўзларида уя қурган қадрми?
Эритиб уфқларни, оловли нафаси-ла,
Оқ чечакли боғлардан бўй кўрсатган саҳарми?
Оқ симларда чалинур энг сассиз оҳангларим.
Қадр-ла қоришиғим, кул бўлмиш орзуларим.
Нега музлаб қоляпман, нега оқарди бошим,
Қўй кетиб сас-садосиз бу оқлиққа қоришай…
МЕН СЕН БИЛАН
Сочингга тўкилган оқ излар каби,
Йўлларингда дала, у тузлар каби,
Ой каби, кун каби, кундузлар каби,
Мен сен биланман.
Само юлдузлади, чўққи қорлади,
Она қайғулади, оғоч барглади,
Юрак нағмалади, тоғ виқорлади,
Мен сен биланман…
Сенсиз ҳар нафасим дардга айлансин,
Ғамдан қасосим бор – ҳасса таянсин,
Йўллар ҳам узайсин, ҳасрат ҳам ёнсин,
Мен сенингман.
Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси
ТУҒИЛГАН КУН
Таваллудинг қутлуғ севинчим, дардим,
Бу кунга энг гўзал туйғумни бердим,
Севгим гул-чечакдир, сен учун тердим,
Чечак ёшидасан, ёшингни айтма!
Балки баҳор келдинг, балки қиш келдинг,
Бўлиб мозоримга совуқ тош келдинг,
Қачон келган бўлсанг ҳамки хуш келдинг,
Истак ёшидасан, ёшингни айтма!
Ҳасратим сел каби ёйилгай сенга,
Қанча баётим бор, ўқилгай сенга,
Ҳатто гул япроғи талпингай сенга,
Ғунча ёшидасан, ёшингни айтма!
Қуёш шафағидан индирган, балки,
Мени бахт отига миндирган, балки,
Аллоҳ жаннатидан жўнатган, балки,
Малак ёшидасан, ёшингни айтма!
Қонимни қайнатар сендан ҳар сўроқ,
Руҳимни аллалар бу уй, бу ўтоқ*,
Сиримни англаган, дардимга ўртоқ,
Кўмак ёшидасан, ёшингни айтма!
Севги яшар бўлса йил фарқи йўқку,
Кўнглим сенинг бўлса, тил фарқи йўқку,
Кўксимда, кўксингда, уриб турган у
Юрак ёшидасан, ёшингни айтма!
*хона
* * *
Йўлимни тўсганда булутлар,
Ортимдан йиғлама!
Булутлар йиғлайди ахир шусиз ҳам…
Шиғаласа ёмғир, эланса қорлар,
Ортимдан йиғлама!
Ёмғир, қор йиғлайди ахир шусиз ҳам…
Кузатиб дераза ойинасидан,
Ортимдан йиғлама!
Ойина йиғлайди ахир шусиз ҳам…
Ўтганимда кузак чорбоғларидан,
Ортимдан йиғлама!
Чорбоғлар йиғлайди ахир шусиз ҳам…
Ортимдан йиғлама!
Бундай кеч кўришиб, тез айрилганда…
Ортимдан йиғлама!
Юрак айрилмаса, биз айрилганда…
Йиғлама!
* * *
Нафасим келар-кетар,
Ақлим ҳам бошимдадир.
Бир йўл бор ўтмишимда,
Бир йўл ҳам қаршимдадир.
Бир орзу келишимда,
Бир чора сўлишимда,
Бир қасос ўлишимда,
Бири кўз ёшимдадир.
Гул йўли, чечак йўли,
Кўз йўли, юрак йўли,
Бор бўлишнинг бир йўли
Сўнгсиз урушимдадир.
ЙЎЛ
Оқшом қоронғулигида
нурдан нурга сари борадир инсон.
Тарих қоронғулигида
доҳийдан доҳийга…
Умр қоронғулигида
бандадан Худога!
Қайси манзилга борсанг
энг аниқ йўл – тўғрилик.
Бир боши ўлим бўлса,
бир боши ўлимсизлик…
ЙЎЛ ТУГАГАНДА
Тангри бизни йўллар учун яратган,
Йўл битганда – кўй* тортадир ўзига.
Севинчимиз майхонада тугагай,
Ғамимизни най тортадир ўзига.
Малик бўлсин, султон бўлсин, шоҳ бўлсин,
Кўнглимизни бей тортадир ўзига.
Элчилари Тангрисини унутган
Бир хўпламлик май тортадир ўзига.
Кўримиздир жарликларга интилган,
Коримизни куй тортадир ўзига.
Аллоҳ жимдир, бироқ Шайтон ишида
Минг ҳийлала “ҳей” тортадир ўзига.
Яхшиямки, тупроқ бизни ютганда
Руҳимизни кўк тортадир ўзига.
* кўй – қишлоқ
САРИ
Кун кунга, ой ойга уйқашиб келар,
Фасллар тирмашар йилимга сари.
Чўққини бир кунда фатҳ айлайди қиш,
Кейин ҳужум қилар сочимга сари.
Қандай чечаклаймиз устимиз қордир,
Қандай учажакмиз бу қафас тордир,
Ахир барча бахтлар яшалганлардир,
Қолганлар барчаси зулмга сари.
Қўл очиб ёлворсак ўтган чоғларга,
Кучимиз етмайди айрилиқларга,
Кузак бўёқ берган маҳзун боғларга,
Хазонлар талпинар гулимга сари.
Совуқ инида совқотган мусичам,
Азизим, севгилим, ўчоғим, эркам,
Яна давом этар сенсиз бу кечам,
Ва яна бир қадам ўлимга сари.
ЮРАК ЎРНИГА
Сени Аллоҳимнинг қўлидан олиб
Осарман кўксимдан юрак ўрнига.
Бу ишқ совимасин дегайман доим,
Ёзсанг гуноҳимни малак ўрнига…
Менинг нафасингга эҳтиёжим бор,
Эссин тонг саҳардан кулак* ўрнига.
Тўлсин кўзларимга ойнинг нуридек,
Ҳидлайин тонггача чечак ўрнига.
Ёнғиним совутган сарин сувимсан,
Ёки барокатим – чўрак* ўрнига.
Ортиқ қисматингдан гапирма менга,
Тегинма қалбимнинг кўврак* ўрнига…
* кулак – шамол
* чўрак – нон
* кўврак – яраси битмаган
СЎНГГИ САЛОМИМ
Танҳо санъати бор – инсон саломин,
Эритди умримни вақт ҳам мум каби.
Тоғлар майдаланди бу тегирмонда –
Дони унга дўнди, тоши қум каби.
Билмайман туғишган ва ёки ётдир,
Умримни синовдан синовга отди,
Энг узун йўллари беш-олти одим,
Энг узун севгиси – бир ютум каби.
На уй истагим бор, нада бир гулгун,
Шусиз ҳам битажак бу қисқа сургун,
Ўлим хабаримни эшитсанг бир кун,
Уни қабул айла саломим каби.
Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон ўгирмаси