Эрнест Хемингуэй (Ernest Miller Hemingway) 1899 йили Иллинойс штатининг Оук-Парк шаҳрида туғилган. 1917 йилдан Канзас-Ситида журналист-репортёр сифатида иш бошлаган. 1-жаҳон уруши қатнашчиси (1914-18). Хемингуей 1928 йилгача Парижда, 1939-60 йилларда Кубада яшади. Дастлабки ҳикоялар китоби — «Бизнинг замонда» (1924). «Қуёш чиқади» (1926, инглизча нашрларда «Фиеста» номи билан чоп этилган),
«Алвидо, қурол!» (1929) романларида урушнинг бемисл мантиқсизликлари, инсон ҳақҳуқуқлари, эркига тажовуз, айни пайтда, инсоний мардлик, қадрқиммат ва мухаббатнинг ҳар қандай ёвуз кучлардан устунлиги ёрқин ифодаланган.
1930-йилларнинг 1-ярмида Хемингуей ижодида тушкунликни кузатиш мумкин. Шу даврда ёзувчи ҳаёт йўлини қайта мулоҳаза қилиб кўришга, ўз ижодининг муайян йўналишларини аниқлашга интилади. Натижада «Пешиндан кейинги ўлим» (1932), «Африканинг яшил тепаликлари» (1935), «Ғолибга байроқ берилмайди» (1933) ҳикоялар тўплами дунё юзини кўради. «Ҳўкизнинг шохи», «Френсис Макомбернинг бахти», «Килиманжаро қорлари» (1936) ҳикоялари, «Тўқчилик ва йўқчилик» (1937) романида Хемингуей ижодий юксалиши кўзга ташланади. Хемингуей асарларида дастлабки журналистик кузатув ўрнини таҳлилий, қиёсий мулоҳаза ва мушоҳадалар эгаллайди. У ҳар қандай урушни қоралайди, шу туфайли инсоният азият чекаётганига эътибор қаратади. Инсон ҳуқуқлари йўлида, озодлик курашида ёлғиз майдонга тушишнинг ҳалокатли оқибатларга олиб келишини оддий кишилар образи орқали ифодалайди.
Хемингуей 1931—39 -йиллари испан халқининг миллий озодлик курашида ҳарбий мухбир сифатида қатнашади. Шу йилларда унинг бир неча очерк ва репортажлари, «Мотам қўнғироғи» (1940) романи чоп этилади. Бу асарлардаги қаҳрамонлар халқ озодлиги йўлида фашизмга қарши курашадилар, инсоният тақдири учун ўзларининг масъул эканликларини қалбан ҳис этадилар, кишилар билан бирга изтиробга тушадилар, хавф-хатардан қутулиш чораларини излайдилар.
2-жаҳон урушидан кейин Хемингуей ижодида янги давр бошланган. Бироқ бу даврда юзага келган «Хавфли ёз» ва «Океандаги ороллар» романлари аввалгиларига қараганда бадиий жиҳатдан анча бўш асарлар саналади. Лекин маълум муддат ўтиб, Хемингуей инсоннинг руҳий ҳолатини тадқиқ этиш билан жамиятдаги мавжуд вазиятни очиб беришга қодир асарларни яратди. Бадиий жиҳатдан анча юксак бўлган «Дарёнинг нарёғида, дарахтлар соясида» (1950) романи, «Чол ва денгиз» (1952) қиссаси Хемингуейга катта шуҳрат келтирди. Хемингуей 20-асрда ўзигагина хос бўлган қатий холисликка асосланган характерли услубни яратдики, кейинчалик Америка қитъасидан етишиб чиққан ёзувчилар бу услубга тезтез мурожаат қиладиган бўлишди.
«Чол ва денгиз», «Алвидо, қурол!» ва бошқа асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Нобел мукофоти лауреати (1954)
* * *
Аскарларга насиб этмас сокин ўлим,
Улар насибаси – жангоҳдаги хоч.
Йиқилган жангчининг боши устида
Хочдай тупроғига тиқилар оғоч.
Аскар йўталади, букчаяр, ўқчир,
Тўрт томон – аланга, оташ, дод-вой, сас…
Токим жанглар тўхтаб, тун тушмас экан,
Аскар тирик қолганига ишонмас.
ЎҒЛИМГА НАСИҲАТ
Ҳеч қачон ишонма оқлар ирқига,
Жуҳудни, ҳеч кимни ўлдирма, болам,
Имзо чекма ҳеч бир шартномаларга,
Черковда мук тушиб ётма ҳеч қачон.
Яратганга ишон.
Ҳарбий киши бўлма ҳеч қачон, болам;
Кўпайтирма хотин сонини ҳеч чоқ;
Журналларга асло ёзма мақола;
Тиконларга ҳеч вақт урмагин тирноқ.
Қоғозларга асло умр боғлама,
Уришдан ҳал бўлмас муаммо сира,
Фаҳш майдонида танинг булғама,
Ўзингни пок сақла, асра бокира.
Таъмагирга асло тўлама товон,
Судларга тушмасинг ишинг ҳеч қачон,
Ноширларга асло ишонма, болам,
Йўқса, тўшакларинг бўлар хас, сомон.
Бир-бир ташлаб кетар сени дўстларинг,
Ҳамма кириб кетар охир қабрга.
Агар пок, сабрли умр кечирсанг,
Фалак айвонида бўларсан бирга…
САРЛАВҲА
Кўпроқ фикрларсанг, ўйласанг чунон,
Мақсадга осон йўл топилар, ишон.
Биз-ла аввал рақс тушар шайтон,
Кейин тавба томон судрайди иймон;
Тунда Яратганга сиғинармиз биз,
Кундузлари эгамиз – Иблис…
Эссиз!
РУЗВЕЛЬТ
Ишчилар унга ишонарди,
Ишончни йўқотди у охир,
Ўзига ишонмасалар ҳам
Суратин осарлар деворга ахир.
‘У Фарангистонда бўлса, нима қиларди!’ –
Дедилар.
Балким, тирик қоларди –
Ўлган бўларди,
Эҳтимол,
Аскарлар ўларлар жанг майдонида,
Генераллар тўшакда ўлар доимо,
У ҳам ўлди ниҳоят.
У ҳаётлигида тўқиган афсоналар
Ҳали ҳам тирик, ривожланмоқда буткул,
Эл кўнди.
У ўлди, афсоналари учун тўсиқ йўқ энди.
КАНАДАЛИКЛАРНИ ЯХШИ КЎРАМАН
Хорижликларга
Менга жуда ёқар канадаликлар.
Улар америкаликларга ўхшамас.
Улар тунда ўз вақтида уйига қайтар.
Уларнинг папирослари аччиқ сасимас.
Уларнинг бошига шляпа яхши ўтиради.
Урушда ғалаба қилдик, деб улар ишонар.
Улар ишонмайди Адабиётга.
Улар Санъат бўрттиради, деган фикрда.
Аммо улар конькида яхши учарлар.
Ораларида бир нечта бойлари ҳам бор.
Аммо уларнинг бойлари автомобил сотиб олмайди,
Кўпроқ сотиб олар асов от.
Чикаго Торонтони сиполар шаҳри деб билади.
Аммо бокс ва от пойгаси ман қилинган
Чикагода.
Якшанба куни ҳеч ким ишламас.
Ҳеч ким.
Бу менинг жинимни қўзитмас.
Фақат би хил папирос бор – Woodbine.
Сиз қачондир Мовий Шляпа кентида бўлганмисиз?
Агар сиз енгил мошинангиз билан Онтариода кимнидир ўлдирсангиз,
Қамоққа тушишингиз мумкин.
Шундоқ, албатта.
Шу йилнинг ўзида
Чикагода
500 инсон енгил автомобиллар тагида ўлди.
Канадад пул топиш осон,
Аммо бой бўлиш қийин.
Қандолатчилар, ошхоналар кўп.
Аммо бунда кабарелар йўқ.
Хизматчига чорак цент қўл ҳақи берсангиз ҳам
У сизга ‘Раҳмат’ айтади.
Аслида сизна ҳайдаб солиши керак эди.
Улар трамвайларда аёлларга жой бўшатишмас.
Гўзал аёлларга ҳам, жуда гўзал бўлса ҳам.
Улар кечки овқат учун уйга шошилишар,
Ресторанлар, жононлар пойлаб турса ҳам.
Улар радио эшитадилар доим.
Ажойиб одамлар – канадаликлар.
Менга жуда ёқар, ўлай агар…
1918 ЙИЛ 8 ИЮЛДА ПАЙВДА ҲАЛОК БЎЛГАНЛАР
Мен сиз билан орзу қилганман,
Армонларга кўмилганман, оғринганман,
Жанг қилганман,
Яраларимизни боғлаганмиз бирга.
Сизлар билан эдим,
Кейин кетдингиз қоронғу ерга.
Энди тунда келасиз Сиз,
Кулгу йўқ юзингизда,
Ёнимда ётасиз узала,
Ҳорғин, совуқ, тиғингиз кескир,
Қайноқ юрагимни кесасиз, дилни тиласиз тонггача,
Пайвда ҳалок бўлган дўстларим…
ШЕЪР
Мени қачондир астойдил севган ягона одам
“Алвидо” деди
Ва кетди.
У қуёшли бир кунда
Пикардияда ҳалок этилди.
ЙИГИТЛИК ТАЛАБИ
Йигитлик биздан куйлашни талаб этарди,
Аммо кесдилар тилимизни.
Йигитлик биздан югуришни талаб этарди,
Аммо тўсдилар йўлимизни.
Йигитлик сўрарди уйнаб-кулишни,
Аммо жўнатдилар урушга.
Биз истамаган эдик асло ўлишни,
Тўғри келди,
Қаримасдан,
Гўрга киришга…
ҲАЛОК БЎЛГАН ЗЎР ЙИГИТЛАРГА
Улар бизни симириб чайнадилар,
Туфлаб ташладилар;
Қирол ва давлат,
Исои Масиҳ
Ва бошқалар.
Ватанпарварлик,
Демократия,
Бурч –
Сафсаталар ва ясама нутқлар,
Улар бизни бузди ва ўлдирди, йигитлар…
ВА НИҲОЯТ
У ҳақиқатни айтишга чоғланди;
Томоғи қуриди, қичиди бешафқат,
Кейин сўлаги оқди, тиқилди ниҳоят;
Бўғзини йиртди Ҳақиқат….
ҲАММА АРМИЯЛАРДА ШУ ҲОЛ…
Ҳамма армияларда – шу ҳол.
Ташвиқот – шон, шараф.
Замбараклар шовқин кўтарар аввал,
Йигитлар – оташга ўзини отар
Ва қонга беланиб тупроқда ётар.
Кекса аскарларнинг кўзлари ҳорғин,
Уларни ишонтиролмас қадимий ёлғон…
Шон-шуҳратга давогар йигитларнинг
Ўликларини талайди,
Ялайди пашшалар…
Инглизчадан Карим Баҳриев таржимаси