Омонулла Файзуллаев. Аҳмад ал-Фарғонийнинг фанний олами

Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний(798—861) Фарғонада туғилди, шу ерда илмий таълим олди, вояга етди ва, ниҳоят, Бағдоддаги «Байт ал-ҳикма» номли академияда илмий ишлар билан шуғулланди. Бу илм маконида ал-Фарғоний бошқа атоқли олимлар, жумладан, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий билан биргаликда хизмат қилган. Ал-Фарғонийнинг Мисрда, Нил дарёси бўйларида илмий-назарий ва илмий-амалий соҳаларда ижодий фаолият кўрсатганлиги ҳам жаҳонга маълум.

1. Ал-Фарғоний асарлари.

Аҳмад ал-Фарғонийнинг 8 асари маълум. Шу билан бирга, таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ризоуллоҳ Ансорийнинг далолат беришича, унинг қолдирган асарлари сони ўн битта. Бу китобларнинг ҳар бирида астрономияга оид янги, қимматли фикрлар айтилган. Уларнинг айниқса иккитаси жаҳон астрономларига маълум ва машҳурдир. Биз бу ўринда ал-Фарғоний асарларининг мазмуни билан чегараланамиз.

«Астрономия илми асослари» — «Самовий ҳаракатлар ва умумий астрономия китоби» («Китоб фий ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум»). Рисоланинг асл қўлёзмалари матни бир хил бўлса-да, беш ном остида сақланиб келмоқда, яъни: «Ал-Мажистийга бағишланган фалакиёт рисоласи», «Фалак сфералари сабабияти», «Ал-Мажистий ҳақида», «Илм ал-ҳайъа» деб ҳам аталади.

Яна бир китоби — «Астурлоб ясаш ҳақида китоб»(«Китоб ал-комил фий санъа ал-астурлоб»).

Ал-Фарғонийнинг қўлёзмалари Англия, Франтсия, АҚШ, Марокаш, Миср, Ҳиндистон, Германия, Эрон(Теҳрон), Россия(Петербург) ва бошқа бир қанча мамлакатларнинг йирик илмий кутубхоналарида асрлар бўйи сақланиб келмоқда.

Ал-Фарғоний китоблари 1145 йилдан шу вақтгача, яъни ХII асрдан ХХI асргача лотин, италян, франтсуз, немис, инглиз, иброний, испан, араб, форс тилларида Англия, Белгия, Германия, Голландия, Миср, Италия, Марокаш, Сурия, АҚШ, Тунис, Франтсияда бир неча бор нашр этилган. «Астрономия илми асослари» Б.Розенфелд, И.Доброволский ва Н.Сергеева таржимасида рус тилида биринчи марта 1998 йили Тошкентда нашр қилинди. Бу таржима қўлёзмасининг айрим парчаларини таржимонлар рухсати билан О.Файзуллаев 1976 йили нашр эттирган эди. Русча ва ўзбекча тўла нашрини амалга оширишда эса А.Аҳмедов ва А.Абдураҳмонов анча хизмат қилдилар.

2. Илмий ғояни фикрий эксперимент усули билан исботлаш мумкин

Одатда, илмий ғоя, аввало, гипотеза шаклида таърифланади, дейилади. Бу гипотеза тўқми ёки пучми, бу масалани амалиёт ҳал қилиб беради. Агар тўқ бўлса, гипотеза назарияга айланади, пуч бўлса — чиппакка чиқади. Фалсафада назария билан практика орасидаги муносабат қадимдан шу вақтгача қизиқарли муаммолардан ҳисобланиб келинмоқда. Бу соҳада ҳар хил «изм»лар ҳам пайдо бўлган. Позитивизм, ратсионализм, ирратсионализм, эмпиризм шу жумладандир. Лекин ал-Фарғонийда масаланинг ҳал этилиши бошқачароқ: практика фикран ҳам бўлиши мумкин ва у ҳақиқатлиги исботланган ғоядан бошланади.

Олимларнинг масалага қарашлари ҳар хил бўлиши мумкин, лекин ҳақиқат битта. Мана шундай ҳақиқий ғоялардан бири Ер ва осмоннинг сфера шаклидалигидир. Ал-Фарғоний айтади: «Осмоннинг сфера шаклида эканлиги ҳақида олимлар орасида келишмовчиликлар мавжуд эмас. Ҳақиқатан, осмон ўзидаги барча ёритгичлар билан бирга, бири — шимолнинг бошида, иккинчиси жанубнинг охирида бўлган икки ҳаракатланмайдиган қутб атрофида айланма ҳаракат қилади»(1, 13). Бу фикр осмон ҳақида. У давом этади: «Шундай қилиб, барча олимлар Ернинг қуруқлик ва денгизга тегишли ҳамма қисмлари билан биргаликда сфера шаклида эканини тан олганлар»(1, 15). Бу эса ҳақиқатга назарий жиҳатдан ёндашиш эди. Амалиётда қандай? Бу саволга жавоб бериш учун ал-Фарғоний, аввало, қисман кўринадиган нарсани умумлаштириш усулидан фойдаланди. Ал-Фарғоний Ўрта Осиёда(Ўзбекистонда), Ироқда, Мисрда ўз кўрганларини бутун Ер курраси миқёси қадар умумлаштиради.

Кўриш воситасининг умумлаштирилиши: «Унинг далили шуки, Қуёш, Ой ва ҳамма ҳаракатланувчи ёритгичлар Ернинг турли тарафларида бир вақтда чиқмайди ҳам, ботмайди ҳам. Ердан қараганда, улардан шарқий вазиятда бўлганлари ғарбий вазиятда бўлганларидан олдинроқ чиқишини кўрамиз» (1, 15). Бу фикрнинг асосида кўриш сезгиси ётади. Лекин бу сезги фикран эксперимент туфайли айтилган сезги. Кейинчалик бу фикран сезги соф сезгига айланди: Колумб (ХВ аср) ва Магеллан (ХВИ аср) ал-Фарғоний тусмол билан айтганларини амалда ўз кўзлари билан кўрдилар.

Фикран умумлаштириш: «Шимол ва жанубдаги бир-биридан узоқликда жойлашган вазиятлар орасида ҳам худди юқоридаги каби ҳодиса мавжуд. Агар Ерда жанубдан шимолга қараб юрилса, кишига унга шимол томонда ботувчи бўлган баъзи ёритгичлар чиқувчи бўлиб кўринади ва ботмайдиган бўлиб қолади. Худди шу сингари жануб томонда унга кўринадиган баъзи ёритгичлар кўринмайдиган бўлиб қолади ва доим бир хил тартибда ботади. Биз баён этганларнинг ҳаммаси Ернинг шар шаклида ва ер сиртининг думалоқ эканини исботлайди»(1, 16).

3. Педагогик маҳорат.

‘Ал-Фарғоний астрономия тарихида биринчи педагог бўлган дейилса, муболаға бўлмайди. Бундай хулосанинг икки жиҳати бор: а) ал-Фарғонийдан аввал ўтган астрономлар ёзган китобларнинг мақсади, асосан, геотсентризм таълимотини тушунтириш бўлган. Ахир астрономияда бу таълимотдан бошқа нарсалар ҳам бор-ку. Масалан, тушунчалар, траекториялар, тезликлар, тезланишлар, проектсиялар… Шу нуқтаи назардан қаралса, ал-Фарғонийнинг «Астрономия илми асослари» номли китобида астрономия бир бутун фан сифатида, унинг объекти, предмети, мазмуни ва моҳияти нималардан иборатлиги қатъий бир системада баён этилган; б) ал-Фарғонийнинг бу китоби ХИИ асрдан бошлаб Оврупода асосий дарслик сифатида хизмат қилган, яъни келгуси буюк астрономлар астрономия қандай фан эканини шу китобни ўқиб билиб олганлар ва уни ривожлантира бошлаганлар.

Ал-Фарғонийнинг педагогик фаолиятини намойиш қилиш мақсадида бир мисол келтирамиз. Бир савол қўяйлик: нима учун баъзи жойларда самовий жисмлар ҳар хил жойда ҳар хил вақтда ҳар хил кўринади? Бу саволга ҳозир, ХХИ асрда ҳам ҳамма тўғри жавоб бера олади, дея олмаймиз. Ал-Фарғоний эса бу саволга бундан ўн икки аср илгари моҳир муаллим сифатида ва ишонарли қилиб жавоб берган:

1. «Аммо шундай бир жой борки, унда қутб тўқсон даражага кўтарилади ва у зенит бўлиб қолади. Унда экватор доираси ҳамма вақт Ернинг уфқ доираси билан устма-уст тушади. Осмон сферасининг айланиши соққа ё пилдироқнинг айланиши каби уфққа параллел бўлади. У ҳолда осмоннинг экваторга нисбатан шимолий ярми Ер устида абадий кўринади, жанубий ярми эса абадий кўринмайди. Шунинг сингари, агар Қуёш шимолий буржларда бўлса, у айланаётиб уфқ яқинида чиқади ва унинг уфқдан энг катта баландлиги унинг осмон экватори доирасига оғишига тенг бўлади. Агар у жанубий буржларда бўлса, у ботади. Бу ерларда бир йилнинг ҳаммаси бир сутка бўлиб, унинг олти ойи тун, олти ойи эса кун бўлади» (1, 29). Дарҳақиқат, осмоннинг шимолий ярми горизонтда қутб атрофида айланади.

2. «Агар Қуёш Саратоннинг бошида бўлса, кун 24 соат бўлиб, тун бўлмайди. Агар Қуёш Жадийнинг бошида бўлса, тун 24 соат бўлиб, ўн кун бўлмайди. Бу жойларда эклиптика қутби зенитга мос келади, чунки эклиптика уфқ доираси билан устма-уст тушади. У ҳолда Ҳамалнинг боши шарқда, Мезоннинг боши ғарбда, Саратоннинг боши шимолий уфқда бўлади» (1,27).

3. «Қутбнинг баландлиги эклиптиканинг экваторга оғишига тенг бўлган жойларда Қуёш зенитдан бир йилда бир марта ўтади. Бу Қуёш Саратоннинг бошида бўлганида рўй беради» (1, 27).

4. «Қуёш иккала тенгкунлик нуқталарида бўлганида рўй бериши ҳам мумкин. Бу нуқталар Ҳамал билан Мезоннинг бошида бўлиб, унда Ернинг ҳамма жойида тун ва кун тенг бўлади. Шу кунларда Қуёшнинг параллели уфқда тенг иккига бўлувчи осмон экваторининг ўзи бўлади. Агар Қуёш шимолий буржда бўлса, куннинг вақти туннинг вақтидан узун бўлади. Шунингдек, Қуёш осмон экваторидан шимол томонга узоқлашса, кун тундан ортиб боради, бу ортиш Қуёш осмон экваторидан энг катта оғиш миқдорига узоқлашгунича давом этади. У Саратоннинг бошида бўлганида куннинг узайиши ва туннинг кисқариши ниҳоясига етади. Агар Қуёш жанубий буржда бўлса, аҳвол биз тасвирлаганнинг акси бўлади, яъни кун тундан қисқа ва бу қисқариш Қуёш Жадийнинг бошига етгунча давом этади. Кейин куннинг қисқариши ва туннинг узайиши тугайди. Агар икки параллел осмон экваторининг турли томонида бўлиб, ундан масофалари тенг бўлса, у ҳолда улардан бирининг Ер устидаги бўлаги, иккинчисининг Ер остидаги бўлагига тенг бўлади ва улардан бирининг куни иккинчисининг тунига тенг бўлади; тунлари кунларига тенг бўлади. Энг узун кун Қуёш Саратоннинг бошида бўлиб, у Жадийнинг бошида бўлгандаги энг узун тунга тенг бўлади; Саратоннинг тунлари Жадийнинг кунлари каби бўлади. Ернинг аҳоли яшайдиган жойларида содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисаларнинг барчаси мана шулардан иборат»(1, 25).

Шундай қилиб, табиатнинг бу қизиқ ҳодисаю воқеаларини астрономия тарихида биринчи бўлиб ҳам илмий, ҳам тадрижий равишда, ҳам педагогика жиҳатидан моҳирона тушунтириб берган астроном ва мутафаккир Аҳмад ал-Фарғоний бўлган.

4. Табиатдаги инъикос ҳақиқатми, ёлғонми?

Қуёш осмонда ўз нурларини атрофга, ҳамма ёққа баб-баравар тарқатади. Бу нурларнинг тақдирлари бир хил эмас, унинг ҳар хиллиги йўлда тўсиб қоладиган жисмларнинг табиатига, яъни таъсирига акс таъсир ҳосил бўладики, бу акс таъсир ҳаво, чанг, сув, тупроқ, ойна, ўсимлик организм хусусиятларининг ҳар хиллигига боғлиқ. Одам эса Қуёш нурининг организмга таъсирини ўз ақл-идроки билан идора этиш имкониятига эга. Умуман, Қуёш нури жисмнинг ичидан ўтиб кетиши мумкин ёки жисм унинг йўналишини ўзгартириб юбориши мумкин. Нурнинг қайтиши натижасида жисмнинг ҳажми ҳақиқатдагига қараганда бошқачароқ кўринади, яъни одам сезадиган нарса ноҳақиқат бўлиб чиқиб қолади.

Ал-Фарғоний тушунтиради: «Қуёш ва Ойнинг шарқ ва ғарбдаги миқдорлари осмоннинг ўртасидаги миқдоридан катта кўринади, биз Қуёшни ботаётганида, яъни жисмнинг боши уфққа яқинлашиб оз-оздан кўринмай қолаётганида кўра оламиз. У уфқни жисмнинг охирги қисми ботгунча кесиб ўтади. Ой ҳам шундай: уфқнинг шарқи ва ғарбида меридиандагидан каттароқ кўринади. Чунки унда Ой меридиандагидан бизга яқинроқ кўринади. Лекин денгиз сатҳи доимо математик уфқдан баланд туради, шунинг учун бизнинг кўзимиз турган сатҳ билан математик уфқ орасида фарқ бор. Уларни совуқ кунлари ёки ёмғир туфайли, баҳор ҳавосида, намлик катта бўлганда, қиш кунларида каттароқ кўрамиз. Шундай кунларда Қуёш ва Ой чиқиш ва ботиш олдидан жуда катта бўлиб кўринади. Худди шу сингари одам тоза сувнинг қаърида бирор нарсани кўрса, у нарсанинг ҳақиқий шаклидан катта кўради. Соф сувдаги нарсалар чуқурроқда кўринади. Ёритгичларнинг уфқ яқинида катта бўлиб кўринишининг сабаби ҳам худди шундай»(1, 14).

Ал-Фарғоний изоҳлаган бу ҳодиса илми кейинчалик геометрик оптика, ундан кейин физик оптика ва ҳозир опталмология фанларининг тарихий замини бўлиб қолди.

Ҳйп бор — соя бор. Қуёш ва Ой тутилишининг сабаби мана шу зиддият. Ал-Фарғоний буни ҳаммабоп қилиб тушунтиради: «Агар Ой Қуёшга рўбарў бўлиб, бош ва думга яқин бўлса, у ҳолда Ойда Ернинг соясидан шимолга ҳам, жанубга ҳам узоқлаша оладиган ҳеч қандай кенглик йўқ. Агар Ой Ернинг соясига кирса, Ер уни Қуёш нурларидан тўсиб қўяди ва ундан чиққунча тутилади, чунки Қуёш билан бир вақтда ҳаракат қилади» (1, 90). Сўнгра айтилади: «Аммо Қуёш тутилишларига келсак, бу ҳодиса Ой Қуёш билан бирлашганда рўй беради. Агар Ой бош ва думда бўлса, Қуёш йўлидан четга узоқлаштирадиган кенгламаси бўлмайди. Ой бизнинг кўзимиз билан Қуёш оралигида бўлганда, биз унинг тутилганини кузатамиз»(1, 91).

Демак, ал-Фарғоний уқдириб ўтмоқчики, осмондаги иккита катта ёритгич, аслида, уларнинг бири ёритувчи, иккинчиси ёритилувчи, яъни ҳақиқат биз кўриб тургандек эмас. Ҳа, нур манбаи ҳам, соя манбаи ҳам ҳаракатда. Бу масалалар билан ҳозир осмон механикаси, космик динамика шуғулланади. Шуниси қизиқки, осмон жисмларининг ҳар иккитасини биргаликда олиб қараганда, бир-бирининг таъсирини билиб олиш мумкин, лекин система учта жисмдан иборат деб қаралса, уни ҳозирча билиш мумкин бўлмаяпти. Бу эса, фалсафадаги билиш назарияси муаммоларига киради.

5. Олам манзарасининг ривожланиши.

Олам, космос манзараси ва у ҳақдаги фан доимо ўзгариб туради. Ерни ўз таркибига олган Қуёш системасининг пайдо бўлганига ўртача ҳисоб билан олти миллиард йил бўлди. Йигирма миллиард йил илгари юлдузлар, галактикалар, пулсарлар, квазарлар ҳам йўқ эди. Лекин улар ўрнида материянинг бошқа кўринишлари бор эди. Ал-Фарғоний замонида осмон манзараси қандай эди? У айтади: «Ҳақиқатан, барча ёритгичлар ҳаракатларини ўз ичига олувчи сфералар сони саккизта. Уларнинг еттитаси ҳаракатланувчи ёритгичлар учун, саккизинчиси эса олий сфера бўлиб, барча қўзғалмас ёритгичларни ўз ичига олади, яъни бу эклиптика сферасидир. Улар шар шаклида бўлиб, бир-бирларининг ичига жойлашган. Уларнинг энг кичиклари Ерга энг яқинлари бўлиб, улар Ой сфераси, иккинчиси — Меркурийники, учинчиси — Венераники, тўртинчиси —Қуёшники, бешинчиси — Марсники, олтинчиси — Юпитерники, еттинчиси — Сатурнники, саккизинчиси — қўзғалмас юлдузларники»(1, 46—47).

Бу фикр ҳаммага маълум эди. Лекин қуйидаги фикрни ал-Фарғоний айтган: «Аммо қўзғалмас ёритгичлар сфераси бу эклиптика сфераси бўлиб, унинг маркази Ернинг ҳам маркази. Аммо ҳаракатланувчи ёритгичларнинг еттала сфералари марказлари Ер марказидан четда, турли тарафда жойлашган. Мана шу сфераларнинг ҳаммасидан энг каттаси — саккизинчисидир»(1, 47). Бу — ажойиб фикр, яъни илгарилари оламнинг маркази Ер, бинобарин, Ернинг маркази оламнинг маркази, дейилар эди. Ваҳоланки, ал-Фарғоний фикрича, энди марказ иккита, ҳатто ундан ҳам кўп.

У яна давом этади: «Етти сфера ҳар бирининг қарама-қарши икки вазияти мавжуд. Улардан бири сферанинг Ердан энг узоқ масофаси, иккинчиси энг яқин масофасидир. Улардан энг узоғи ёритгичларнинг апогейи, энг яқини эса перегейи дейилади. Агар ёритгичлар ўз сфераси энг узоқ масофасининг ярмида, яъни апогейли қисмида бўлса, унинг эклиптикадаги кўринма ҳаракати секин бўлади. Агар унинг Ердан узоқлиги ортса, сферадаги ўртача ҳаракати камаяди. Агар у сферанинг энг яқин ярмисида бўлса, унинг эклиптикадаги кўринма ҳаракати тезлашади, ўртача ҳаракати эса ортади. Ўзгармас ўртача ҳаракат ёритгичнинг бир хил ҳолатдаги ҳаракатидир. Ёки ёритгичнинг деферентдаги текис ҳаракатидир. Тйпғйн ҳаракат эклиптикада рўй берадиган кўринишдир» (1, 47). Мана бу ерда ҳаракатнинг миқдори ҳар хил эканлиги аниқланиб қолди: самовий жисм вақт ўтиши билан ўз жойини ўзгартиради, яъни, ҳаракат қилади деган фикр бойиди. Ҳаракатнинг ҳам катта-кичиги бўлар экан! Улар: «секин ҳаракат», «ўртача ҳаракат», «тезланишли ҳаракат», «текис ҳаракат», «турғун ҳаракат». Уларнинг ҳар хиллигини кейинчалик кинематика текшира бошлаган, сабабини эса Нютон динамикаси аниқлаган.

Ал-Фарғоний замонида юлдузлар бир қўзғалмас саккизинчи сферада ўрнашган деб тасаввур қилинган бўлса, ҳозир у сферага кирувчи юлдузлар миллиардлаб галактиканинг фақат вакиллари бўлиб, галактикалар марказлари санаб бўлмайдиган даражада ҳар хил сфераларга эга.

6. Оламдаги жисмлар сифати ва миқдори.

Ал-Фарғоний замонида самовий жисмлар сифати тўрт хил деб тасниф этилган: 1) Қуёш; 2) Ой; 3) сайёралар; 4) юлдузлар. Ал-Фарғоний юлдузларни ҳам сифатларга ажратган: «Биринчи катталикдаги юлдузлар ўн бешта, иккинчи катталикдагилари — қирқ бешта, учинчи катталикдагилари — икки юз саккизта, тўртинчи катталикдагилари — тўрт юз етмиш тўртта, бешинчи катталикдагилари — икки юз ўн еттита, олтинчи катталикдагилари — олтмиш учта экан. Уларнинг хиралари тўққизта, булутсимон жуфтлари эса бешта. Булутсимон жуфтлари — «Ҳақъа» билан «Насра» бир жуфтга ўхшашдир, чунки улар кичик юлдузлар бўлиб, булутга ўхшаш тўпланган»(1, 67). Демак, ал-Фарғоний катта-кичикни, ёруғ-хирани, ўхшашликни сифат сифатида кўради. Ўша вақтда, ҳатто ҳозир ҳам кўзга кўринадиган юлдузларнинг сони 1022та бўлиб, ёруғлик даражаси аниқланмай қолганлари йўқ. Эслатиб ўтамиз: ҳозир радиотелескоп ва шунга ўхшаган электрон асбоблар ёрдамида билинган юлдузлар сони бениҳоя кўп, яъни ҳозир оламда нечта юлдуз борлигининг ҳеч қандай астроном адоғига етган эмас. Ал-Фарғоний ҳисоб-китобига қараганда, энг хира юлдузларнинг сони энг ёпйғ юлдузларга қараганда тўрт марта кўп. Эҳтимолият назарияси нуқтаи назаридан қаралганда, ҳозир ҳам шундай бўлиши ажаб эмас.

Энди миқдор ҳақида ган кетар экан, узоқликни ўлчаш ҳам миқдорни аниқлашга киради. Ал-Фарғоний ёзади: «Юлдузларнинг катталиклари бўйича саноғини баён этганимиздан сўнг уларнинг Ердан узоқликлари миқдорини баён этамиз. Аммо Птолемей ўз китобида фақат Қуёш билан Ойнинг Ердан узоқлиги миқдорини баён этган. Унда олдин биз кўрган сфералар марказларининг Ер марказидан узоқликлари ва эпитсиклларининг миқдорларидан ташқари, ўзга ёритгичларнинг узоқликлари ҳақида эслатма мавжуд эмас. Агар Ойнинг икки сфераси, яъни деференти ва эпитсиклдаги энг узоқ масофаларининг ҳаммасини олсак, у ҳолда Меркурийнинг Ердан энг яқин масофаси ҳосил бўлади. Бу қоидани Меркурийга татбиқ қилсак, Зуҳронинг иккала сферадан энг узоқ масофасининг ҳаммаси ҳосил бўлади»(1, 73).

Демак, ал-Фарғоний Птолемейда йўқ нарсани аниқлади, тўлдирди ва Ой, Меркурий ва Венерага тегишли миқдор ўлчаш усулини яратди. Ал-Фарғоний давом этади: «Ойнинг Ердан энг яқин масофаси Ер ярим диаметрининг 33 мартаси, ярми ва ярмининг ўндан бири, у юз минг ва тўққиз минг мил ва йигирма олти мил. Ойнинг Ердан энг узоқ масофаси Меркурийнинг Ердан энг яқин масофаси бўлиб, у Ер ярим диаметри 64 мартаси ва еттидан бири. Бу икки юз минг ва саккиз минг беш юз қирқ икки мил» (1, 74). Бундан ўн икки аср илгари ўлчанган бу миқдорлар ҳозирги ўлчамлардан фарқ қилиши мумкин. Лекин ал-Фарғоний бу ерда келтирган рақамларнинг ажойиб томони бор: бу — қиёсий усул, миқдорлар муносабати. Бу эса, билиш методларида катта аҳамиятга эга. Яна: «Агар оламдаги жисмларни катталиклари бўйича тартибласак, аввал Қуёш, иккинчи ўринда ўн бешта катта турғун юлдузлар, учинчи — Меркурий, тўртинчи — Сатурн, бешинчи — тартиб бўйича қолган турғун юлдузлар, олтинчи — Марс, еттинчи — Ер, саккизинчи — Зуҳро, тўққизинчи — Ой, ўнинчи — Меркурий туради» (1, 77). Ҳа, бу ҳам бир қиёслаш усулининг намоён бўлишидир.

Ҳозирги замон осмон механикасида ҳар бир самовий жисм нуқта деб қабул қилинади ва унинг ҳажмидан кўз юмиб, масса шу нуқтада жойлашган деб абстрактсия қилинади. Ал-Фарғоний: «Ер шари осмон сферасига нисбатан нуқтадек ва осмондаги кичкина ёритгич қўзғалмас юлдуздек, нуқтадек кўринади, аслида эса улар Ердан катта. Агар ўрганилса, Ернинг жисми кичкина ёритгичлар жисмидан ҳам кичкина, осмоннинг ўлчами олдида унинг ўлчами ҳисобга олинмаслик даражада экани билинади… Ернинг ўлчами осмон ўлчамига нисбатан кичкина доирадан нуқта» (1, 17). Ал-Фарғоний бу билан нуқтадек юлдузлар катта Ердан ҳам анча катта эканлигига иқрор бўлган. Бу фикрни минг йил илгари ҳамма айтавермаган ва шундай тасаввур қила олмаган.

7. Самовий жисмлар ҳаракати муаммоси.

Ал-Фарғоний астрономиясининг бош масаласи ёритгичлар ҳаракатини ўрганиш бўлган. Албатта, геометрия-кинематика доирасида, ҳали динамика йўқ эди. У Қуёш ҳаракатини сайёралар ҳаракатидан фарқ қилар эди: «Қуёш эклиптика бўйлаб осмон сферасининг суткалик ҳаракати йўналишига тескари, яъни СҲарқ тарафга ҳаракат қилади» (1, 44). Сайёралар эклиптика қутблари атрофида Ғарбдан Шарққа махсус ҳаракат қилгани ҳолда, қолган ёритгичлар фақат Шарқдан Ғарбга айланади. Яъни Қуёш билан сайёрани ҳаракат йўналишларидан ҳам фарқлаш мумкин.

Ал-Фарғоний яна давом этиб, тезликлар йўналишига эътибор беради: «Олдин осмон шакли ва Ер ҳақида гапирган эдик. Мана шу баённи осмоннинг биринчи ҳаракатидан ҳосил бўладиган нарсаларга ҳам татбиқ этиш мумкин. Биринчи хил ҳаракатлар, улар осмонда икки хил кўринади. Улардан биринчиси умумий ҳаракат бўлиб, унинг натижасида тун ва кун рўй беради. Унда Қуёш, Ой ва барча ёритгичлар ҳар кеча-кундузда Шарқдан Ғапбга қараб тўла бир марта ва бир хил ҳолатда, иккала қўзғалмас қутб атрофида бир хил тезликда айланиб чиқади. Биринчи ҳаракатнинг қутбидан бири — шимолдагиси шимолий қутб деб, олдин эслатганимиздек, унга қарама-қарши иккинчиси — жанубдагиси жанубий қутб деб аталади. У биринчи ҳаракат минтақаси ҳам дейилади, чунки у осмон сферасини тенг икки бўлакка ажратади. Минтақанинг ҳар иккала қутбдан масофаси айни бир хил бўлади. Иккинчи ҳаракат шуки, бунда Қуёш ва ёритгичлар биринчи ҳаракат йўналишига қарама-қарши ўлароқ Ғарбдан Шарққа, биринчи ҳаракат қутбларидан бошқа иккинчи жуфт қутблар атрофида ҳаракатланади. Мана бу бошқа қутблардан баравар узоқликдаги катта доира иккинчи ҳаракат минтақаси бўлиб, буржлар ўрталари доираси деб аталади» (1, 19).

Ал-Фарғоний бу билан осмон экватори ва эклиптика тушунчалари мазмунини бойитди.

Ал-Фарғоний ҳар хил қутбларнинг ўзаро ҳаракатлари ҳақида қизиқ фикрни айтади: «Ҳаракатланувчи ёритгичлар эклиптика қутблари атрофида Ғарбдан Шарққа ўзига хос тезликда ва барча тебранишлар билан айланади. Қолган ёритгичлар Шарқдан Ғарбра биринчи тур ҳаракатда бўладилар. Қутблардан ўтувчи доира биринчи тур ҳаракатда қўзғалмас, яъни ҳаракатланмайди. Эклиптиканинг қутблари экватор қутблари атрофида биринчи тур ҳаракатда бўладилар ва уларнинг иккаласи ҳам, яъни эклиптика билан экватор икки сфера қутбларидан ўтган чегараловчи доирада, яъни меридианда жойлашади»(1, 20). Бу фикр механикада ва астрономияда рўй берадиган претсессия ва мутатсия ҳодисалари ҳақидаги дастлабки тасаввурдир.

8. Объект ва унинг ҳар хил намоён бўлиши.

Гап битта объектнинг ҳар хил проектсиялари устида кетаётир. Ал-Фарғоний шундай проектсияларнинг бири бўлган стереографик проектсия назариясини кашф этган. Бу назария унинг устурлоб ҳақидаги китобида ёзилган.

Аҳмад ал-Фарғонийнинг «Устурлобни ясаш ҳақида китоб»ининг қўлёзмаси Берлинда сақланмоқда. У ҳақда В.Алвардт ва Э.Видеман тадқиқот олиб борганлар ва асарни немис тилига таржима қилганлар. Ал-Фарғонийнинг бу китобининг асосий мазмуни стереографик проектсия назариясидир.

Ал-Фарғоний ёзади: «Устурлоб конструктсияси қадимдан бор. Лекин унинг назарияси ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса ёзмаган. Асбоб ёрдамидаги ҳисоблар тўғрими, нотўғрими — ҳеч ким билмайди. Шунинг учун мен бу китобни ёздим, бундан мақсад — осмон сферасидаги барча доираларни Ердаги устурлоб текислигида тасвирлаш»дир. Китоб етти бобдан иборат, биринчиси стереографик проектсия назариясига бағишланган.

Ал-Фарғоний конус қирқимлари ҳақида гапиради. Бу соҳадаги Аполлонийнинг фикрлари борлиги ал-Фарғонийга маълум эмаслиги билиниб турибди. Таъкидлаш лозимки, ал-Фарғоний конус қирқимлари назариясини ўзининг ёндашиши билан ривожлантирган. Ал-Фарғоний Евклид геометрияси мазмунини муайян даражада такомиллаштирди.

Бу ҳақда ҳатто Х асрда Иброҳим ибн Синон айтган: Птолемей китобида устурлоб масаласи тушунарли эмас. Ал-Фарғоний асарида назарияни тушунтириш учун ҳамма заруриятлар эътиборга олинган.

Қадим замонда назарий механика, осмон механикаси, астрофизика бўлган эмас, лекин самовий жисмлар ҳаракатининг геометрик-кинематик тасаввурлари бўлган. Бунинг номи, умуман, космография. У кузатишлар, ўлчов асбоблари ва дунёқарашга асосланган. «Қадимда олимлар юлдузлар ўлчами билан шуғулланиб, осмон сфералари ҳаракатларини кузатишда ўлчов воситаларидан фойдаланишган. Асосий асбоб армилляр сфера бўлган»(1, 81). Дарҳақиқат, Қуёш, Ой, сайёраларнинг сфералардаги ҳаракатларини текисликка проектсия тушириш ёрдамида ифодаланган. Лекин ҳали бу соҳада проектсиянинг математик тасвири йўқ эди. Ал-Фарғоний давом этади: «Осмон сферасидаги доиралар астролябия текислигида доира ва тўғри чизиқ шаклида кўринади»(1, 88). Мана шу проектсия усули ҳақидаги ғоя астрономия, геодезия, картографияда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу назарияни ал-Фарғоний кашф этди ва кейин ундан илм аҳли фойдалана бошлади.

Б.А.Розенфелд ва Н.Д.Сергеева бу масала тарихини чуқур ўрганиб, қуйидаги хулосага келишди: «Стереографик проектсия назариясини жаҳонда биринчи бўлиб Аҳмад ал-Фарғоний кашф этган» (2, 320). Бу назариянинг асоси — сферада ётган айланаларнинг текислигидаги проектсияси айлана шаклида, агар сферадаги айланалар проектсия марказидан ўтган бўлса — тўғри чизиқ шаклида бўлади.

Сферанинг унинг нуқталари, эгри чизиқларининг текисликка тушириладиган проектсияларини амалга оширишнинг қийинлиги, аввало, шундан иборатки, унинг негизида эгри чизиқни тўғри чизиқ шаклида ифодалаш муаммоси бор: илгари ҳам, ҳозир ҳам. Бу масала Пи сонига бориб тақалади. Бу миқдор чексиздир. Ахир, Ер глобусидаги нуқталарни географик харитага туширишни кўз олдингизга келтиринг: глобусдаги А, В, С нуқталари орасидаги муносабат уларнинг проектсиялари а, в, с ораларидаги муносабатнинг айнан ўзи эмас-да. Лекин, буюк математик Эйлер (1707—1783) ал-Фарғонийнинг стереографик проектсия назариясини қўллагани туфайли «Россия империясининг бош харитаси»ни тузишга муваффақ бўлди.

Ҳозир ХХИ асрда проектив геометрия, олий геометрия, олий геодезия, космик геодезия масалаларини ечишда Аполлонийнинг конус қирқимлари назарияси каби ал-Фарғонийнинг стереографик проектсия назариясидан ҳам унумли фойдаланилмоқда.

9. Жадвал — қонуниятнинг шакли.

Ал-Фарғоний устурлобга бағишланган китобида ҳар хил жадваллар тузган. Жадвалнинг моҳияти қонуниятдир. Фаннинг асосий вазифаларидан бири воқеа ва ҳодисаларнинг сабабияти ва келажакда қандай бўлишини ифодаловчи қонун-қоидаларни кашф этиш, яратишдир. Самовий жисмлар ҳаракатини Кеплер геометрик-кинематик йўсинда, Нютон ва Лаплас масса ҳаракатининг динамикаси шаклида баён этишган бўлса, ал-Фарғоний жадваллар шаклида изоҳлаган. Азимутлар, адмунтаратлар, параллеллар радиуслари, эклиптика, сферик фалакиёт ва сферик тригонометрия жадваллари шулар жумласидандир. Ўша вақтларда олам манзараси келгусида қандай бўлишини, Ой ва Қуёш тутилишларини олдиндан айтиб беришнинг ягона усули мана шу жадваллар эди. Жадвалнинг фазилати — унинг жонли мулоҳазага ундовчи табиатидир.

Х. Назария ва амалиёт. Бунга мисол — ниломер. Ал-Фарғоний Мисрнинг Нил дарёсида сув оқимининг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган асбобни юксак билимдонлик билан таъмирлайди. Унинг номи ниломер деб аталади, у миқёс ан-Нил ёки Миқёси жадид ҳам дейилади.

А.Муҳаммаджонов: «Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, агар Нил дарёсида суғориш мавсумида сув сатҳи фақат 12 тирсаккача кўтарилса, деҳқончиликда ҳосил мутлақо бўлмай, мамлакатда очарчилик бошланган; 13 тирсакда буғдой ҳосил бермаган; 14да ўртача ҳосил етиштирилган; 15 тирсакда экинлар яхши ҳосилга кирган; 16 тирсакда эса ҳосил ниҳоятда кўп бўлиб, мамлакатда маъмурчилик бошланган. Хуллас, Нил дарёси оқимидаги мавсумий ўзгаришлар ва уларнинг даражотлари муттасил кузатилиб, оқим сатҳини белгилаш, шубҳасиз, Миср деҳқончилиги билан чамбарчас боғлиқ бўлган».

Деҳқонлардан солиқ олиш мана шу кўрсаткичларга асосланган.

А.Ўролов: «Ниломер жойлашган жойда араб тилида тошга ўйиб ишланган ёзувлар жойлаштирилган. Унда ушбу ниломернинг Аҳмад ал-Фарғоний томонидан бунёд этилгани ҳам кўрсатилган бўлиб, ёзувлар бизгача сақланиб қолган…, ниломер ўта нозик дид билан ишланган меъморий безакларга бой моддий санъат асари ҳамдир. Ўлчагич устуннинг нозик ўлчамлари, устун бошаси(капители)нинг жимжимадорлиги, безаклари… ўз даврининг юқори профессионал савиясида ишланган меъморий ёдгорлиги тарзида ҳам сақланиши зарур бўлган ноёб иншоотдир».

Ниломер дарё сувининг оқишини ўлчайди, деган сўзнинг маъноси, аввало, сув ҳажмининг ўзгариши қонуниятини аниқлаш демакдир. Яъни у борган сари кўпаймоқдами ёки камаймоқдами, тақдири нима бўлади? Деҳқончиликнинг, бинобарин, аҳолининг иқтисодий тақдирини олдиндан билиш имкониятларидан биридир бу ўлчаш воситаси.

10. Фарғонийшунослик ривожланмоқда.

Ал-Фарғоний асарларини илмий тадқиқ қилган, унга баҳо берган олимлар жаҳонда ҳам, республикамизда ҳам кўп. Биз бу ерда ал-Фарғоний ижоди билан махсус шуғулланган тадқиқотчиларнинг номларини санаб ўтмоқчимиз. Улар: Беруний, Ионн Севил, Херард Кремоний, Гоол, Регимонтан, Шёнер, Христман, Кампани, Данте, Эйлер, Крачковский, Қори Ниёзий, И.Мўминов, Юшкевич, Розенфелд, С.Сирожиддинов, Матвиевская, Доброволский, Н.Сергеева, Рожанская, П.Булгаков, А.Носиров, Ҳ.Ҳикматуллаев, М.Хайруллаев, А.Аҳмедов, М.Мамадазимов, Ш.Эгамбердиев, А.Абдураҳмонов, Ф.Сулаймонова, А.Қаюмов, А.Муҳаммаджонов, Н.Комилов, А.Аъзамов, О.Файзуллаев ва бошқалар.

Энди ал-Фарғоний илмий ижодига доир фикрларга келсак, бу ҳақда чет элларда ҳам, ўзимизда ҳам кўп ёзилганлиги мутахассисларга маълум. Биз қуйида улардан баъзиларининг улуғ бобокалонимизга муносабатини мисол сифатида келтирамиз:

Л.Торндайк: Агар биз Алфраганус ва Сакробосконинг мавжуд қўлёзмалари сонини ёхуд «Астрономия элементлари» ва «Сакробоско сфералари»га тегишли лотинча шарҳларининг сонларини ўзаро солиштирсак, унда биз бу маълумотлардан қайси бири кўп ўқилгани ва ўрганилганига аниқ баҳо бера оламиз. Шубҳасиз, Алфраганус асарлари севилиялик Жон ва кремонлик Жерар таржималаридан сўнг ХИИ асрда кенг ўрганилган.

Ризоуллоҳ Ансорий (Ҳиндистон): ал-Фарғоний — ўз даврининг даҳосидир.

Рашид Рушдий (Франтсия): ал-Фарғонийнинг стереографик проектсия назарияси бу соҳани астрономиядан ажратиб, геометриянинг бир соҳасига айлантириб юборади.

Франсуа Шаретт (Германия): ал-Фарғоний ўзининг устурлобга оид асарида фақат стереографик проектсиянинг фундаментал теоремаларини илк бор математик кўринишда таърифлаб берибгина қолмай, балки у устурлоб қурувчиларни тригонометрик жадваллар билан таъминлади… Ал-Фарғоний бундай жадваллар билан ислом дунёсида асбоблар қуриш соҳасида жуда муҳим ва мустаҳкам анъана яратди.

Ж.Салиба (АҚШ): Аҳмад ал-Фарғоний астрономияда ўзининг методига эга ташаббускор олимдир.

Ли Қибин ва Ли Бинг (Хитой): ал-Фарғонийнинг «Астрономия асослари» асари Хитойда ИХ—Х асрларда кенг тарқалган.

“Marifat” gazetasidan