Ziyouz портали Истанбулда «Турк дунёси ёш ёзувчилари учрашуви»да иштирок этди

14-18 август кунлари Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси ташкил этган «Турк дунёси ёш ёзувчилари учрашуви»да Ziyouz маърифий портали ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон Қозоғистон, Қирғизистон, Кипр, Косова, Македония, Ироқ, Эрон каби давлатлар ҳамда Олтой, Бошқирдистон, Татаристон, Чувашистон, Гагаузия, Хакасия, Қорачой-Черкесия, Қрим, Доғистон каби ўлкаларидан жами 58 нафар ёш ёзувчи ва шоирлар, мутахассислар қатнашган ушбу учрашувда туркий дунё ёш ёзувчилари бир-бирлари билан танишиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбирни Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси раиси Ёқуб Умарўғли очиб, учрашув дастури билан таништирди. Туркия Республикасининг эски Маданият ва туризм вазири, профессор, доктор Наби Овчи иштирокчиларни табриклади.

Тадбирда турк дунёсининг уста шоир ва ёзувчиларидан Али Оқбош (Туркия, 2012 йил турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси), Анор (Озарбайжон, 2013 йил турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси), Тўлен Абдик (Қозоғистон, 2014 йил турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси), Исмоил Бўзқурт (Кипр, 2015 йил турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси), Усмон Чевиксўй (Туркия) иштирок этиб, ёш ижодкорларга маҳорат дарслари ўтдилар. Доктор Рамазон Қўрқмас (Туркия), доктор Мустафо Курт (Туркия), доктор Комил Оқарсув (Туркия), доктор Ҳусайн Ўзбай (Туркия), доктор Танер Гучлутурк (Косова) маъруза билан қатнашишди.

«Турк дунёси ёш ёзувчилари учрашуви» очилиш маросимида нутқ сўзлаган Ziyouz.com муҳаррири Давронбек Тожиалиев портал ҳақида маълумот бериб, барча ижодкорларни ҳамкорликка чақирди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!