Ziyouz — “MIT.uz” миллий интернет-танлови ғолиби

24 сентябр куни “Туркистон” саройида “InfoCOM – 2013” – ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ёшлар ўртасида “MIT.uz” миллий интернет-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу танлов “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида шу йилнинг 1 мартидан 1 августигача давом этди. “MIT.uz” миллий интернет-танлови мамлакатимиз ахборот ресурслари ва сервисларини яратиш ҳамда ривожлантириш, ёшлар учун мўлжалланган, шунингдек, ахборот маданиятини шакллантиришга кўмаклашадиган сифатли интернет-лойиҳаларни оммалаштириш, хавфсиз интернет маконини таъминлаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, ёш веб-дизайнерлар ҳамда дастурчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, интернетда ёшлар сегментини янада кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган.

Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган минг нафардан ортиқ йигит-қиз қатнашди. UZ домени веб-ресурсларидан ташқари хорижий доменларда жойлаштирилган сайтлар ҳам намойиш этилди.

Танловга ижодий ишлар билан бир қаторда 225 интернет-сайт, 700 ариза – фотосуратлар, видеороликлар ва фотоколлекциялар ҳам тақдим этилди. Тақдим этилган сайтларнинг 60 фоиздан ортиғи шу йил ишга туширилган.

Танловга келиб тушган жами 1002 ижодий ишнинг энг яхшилари тўққизта асосий ва бешта қўшимча номинация бўйича танлаб олинди. Хусусан, “Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати, тарихи ва мустақиллик ғоясини акс эттирадиган энг яхши сайт”, “Маҳалла, қишлоқ ва шаҳарнинг энг яхши фотосурати”, “Ўзбек мумтоз шеърияти ва адабиётини тарғиб қилувчи ва ёшлар иштирокида тайёрланган энг яхши ролик”, “Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи энг яхши сайт”, “Энг яхши янгиликлар сайти”, “Фойдаланувчилар фикри бўйича энг яхши сайт” ва бошқа номинациялар бўйича учтадан совриндор аниқланди.

Танловнинг “Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати, тарихи ва мустақиллик ғоясини акс эттирадиган энг яхши сайт” номинациясида Ziyouz портали иккинчи ўринни эгаллади. Бир кун олдин бўлиб ўтган UZ Миллий домени-2013 интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали биринчи ўринни қўлга киритган эди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!