Ziyouz кутубхонаси «Ўқиётган дунёда китобхон миллат» халқаро симрозиумида иштирок этди

Қозоғистон Республикасининг пойтахти Астана шаҳрида Expo-2017 доирасида 26-27 июнь кунлари бўлиб ўтган «Ўқиётган дунёда китобхон миллат» («Readning nation in the reading world» — «Оқу әлеміндегі оқырман ұлт» | «Читающая нация в читающем мире») халқаро симпозиумида Ziyouz электрон кутубхонаси маъруза билан иштирок этди.

Бутун дунёдан 400 нафар зиёлиларни жамлаган ушбу анжуманни Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси ва Қозоғистон маданият илмий-тадқиқот институти ташкил этган.

Анжуманнинг биринчи кунида «Мутолаа ва тафаккур», «Болалар ва ёшлар орасида китобхонликни тарғиб этиш», «Биз нега ўқиймиз?», «ХХ асргача бўлган туркий манбалар» каби мавзуларда қизиқарли маърузалар бўлиб ўтди. Шундан сўнг иштирокчилар Астана шаҳрида бўлиб ўтаётган Expo-2017 халқаро кўргазмасига таклиф қилиндилар.

Симпозиумнинг иккинчи кунида қатнашчилар 8 та сессияларга бўлиниб, «Миллий ахорот сиёсати ва халқаро ҳамкорлик жараёнида миллий кутубхоналар», «Кутубхоналар ва музейлар: уларнинг жамиятдаги роли», «Болалар адабиёти ва замонавий таълим: тенденциялар ва истиқболлар», «Жаҳон ахборот тармоғидаги манбалар интеграцияси», «Туркий халқлар маданий алоқалари» мавзуларида муҳокамаларни давом эттирдилар.

«Ўқиётган дунёда китобхон миллат» халқаро симрозиуми доирасида “5-Туркий тилли ўлкалар миллий кутубхоналари раҳбарлари халқаро конференцияси” ҳам бўлиб ўтди. Ушбу конференцияда Ziyouz электрон кутубхонаси раҳбари Давронбек Тожиалиев «Электрон кутубхона маълумотлар базасини сақлашнинг муҳим хусусиятлари» мавзусида маъруза қилди ва Ziyouz электрон кутубхонаси ҳақида тақдимот ўтказди.

«Dinara & Co» нашриёт уйи директори Динара Дўлтаеванинг «Welcome to Uzbekistan» сериясидаги китоблари тақдимоти ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Татаристон, Бошқирдистон, Гагаузия, Саха Республикаси миллий кутубхоналари китобхонликни ривожлантириш бўйича ўзларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

«Ўқиётган дунёда китобхон миллат» халқаро симрозиуми доирасида «Туркий дунё ранглари» фотокўргазмаси ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистондан Муҳиддин Алининг 10 та сурати ҳам намойиш этилди.