Ziyouz кутубхонаси “Туркий тилли ўлкалар миллий кутубхоналари конференцияси”да иштирок этди

2016 йил 14-17 ноябрь кунлари Анқара шаҳрида бўлиб ўтган “4. Туркий тилли ўлкалар миллий кутубхоналари раҳбарлари конференцияси”да Ziyouz электрон кутубхонаси ҳам иштирок этди.

Туркия жумҳурияти маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Туркия миллий кутубхонаси ташкил этган конференцияда Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Бошқирдистон, Татаристон, Кипр, Гагаузия кутубхоналари қаторида, Ziyouz электрон кутубхонаси ҳам тақдимот ўтказди.

Туркий тилли давлатлар Мустақиллигининг 25 йиллиги ҳамда Туркия миллий кутубхонаси ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан ўтказилган конференцияда мамлакатлар кутубхоналари орасида ҳамкорликни ривожлантириш, янги технологиялар ва манбалар алмашишда кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференциянинг расмий очилиш маросимида нутқ сўзлаган Туркия жумҳурияти маданият ва туризм вазири Наби Авжи шундай деди: “Миллий кутубхоналар туркий тилли ўлкалар орасидаги ҳамкорлигимизнинг энг муҳим нуқталаридан биридир. Ҳар бир миллий кутубхона, аввало, ўша миллатнинг миллий хотирасидир. Бир-бирига яқин, боғлиқ бўлган бу миллий хотираларни биргаликда жонлантириш, ривожлантириш давр талабидир. Тўртинчи марта ўтказилаётган ушбу конференция давомида барчамиз учун фойдали қарорлар қабул қилинади, деган умиддаман”.

Туркий тилли ўлкалар миллий кутубхоналари раҳбарларининг илк конференцияси 2006 йили Анқара шаҳрида ўтказилган. Иккинчи ва учинчи конференцияларга Боку ва Бишкек меҳмонлик қилган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!