Хожали қирғини қандай содир этилганди?

26 февраль куни замонавий Озарбойжон тарихидаги мудҳиш фожиа – Хожали қирғинига 25 йил тўлди. Ушбу сана муносабати билан Озарбойжон матбуотида қатлиом куни Арманистон ҳарбийлари томонидан содир этилган жиноятларга оид бир қатор мақолалар эълон қилинди. Улар орасида қирғинда бевосита иштирок этган шахсларнинг ўз иқрорлари ҳам мавжуд.

2000 йил 15 декабрда “Халқаро тинчлик йўлида” Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Томас де Ваалга берган интервьюсида Арманистон мудофаа вазири Серж Саргсян (айни пайтда Арманистон президенти) Хожали қамалида Россиянинг 366-полки ёрдам берганини тан олган эди.

“Мен 366-полк офицерларининг иштирокини рад этмайман. Аммо, биринчидан, полк бизга эмас, аввало ўзига ёрдам берган эди. Негаки, озарбойжонликлар нафақат бизга, 366-полкка ҳам зарба берган эди… Иккинчидан, 366-полкда кўплаб армани офицерлар хизмат қилар эди ва улар қўмондонлари буйруғисиз ҳам бизга ёрдам беришга тайёр эди.  Улар шундай қилишди ҳам”, – деган С.Саргсян.

Таҳлилчи Томас де Ваалнинг Хожалида тинч аҳоли ҳам қурбон бўлгани ҳақидаги саволига Арманистон расмийси бундай жавоб берган: “Бундай масалалар ҳақида очиқ-ошкора гапирилмайди. Рухсат этилганича гапирилади. Мен ҳам шундай қилақолай… Хожали ўз вақтида бутун Қорабоғнинг ғашига тегар эди. Хожалига қадар озарбойжонликлар барини ҳазил деб фаҳмлаган ди. Қолаверса, озарбойжонликлар арманилар тинч аҳолига қўл кўтара олмайди деб ўйлаган эди. Бу қарашни йўққа чиқариш керак эди. Шундай бўлди ҳам”, – деган С.Саргсян.

Арманистонлик ёзувчи Зорий Балаян “Қалбимизнинг қайта уйғониши” деб номланган китобида 1992 йилнинг 26 февралида Хожали содир этилган мудҳиш жиноятларни оқлаб ёзади. Муаллиф 13 ёшли ўсмирнинг шафқатсизларча қатл этилганини тасвирларкан, “Шундан кейин қалбим қувончга тўлди. Сўнгра Хачатур жони узилган боланинг танасини бўлакларга ажратди ва кўппакларга ташлади. Кечқурун яна уч турк боласини шундай қилиб ўлдирдик”, – деб ёзади.

Бошқа бир арман ёзувчиси, айни пайтда Ливанда истиқомат қилувчи Давид Хердиян “Салиб йўлида” деб номланган китобида аскарлар юзлаб инсон танасидан ҳосил қилинган кўприкдан ўтгани, Гафлан армани гуруҳи 2000 га яқин озарбойжон жасадини бўлиб-бўлиб ёққани ҳақида ёзади.

“Охирги юк машинасида бошидан ва қўлидан яраланган 10 ёшли қизчани кўрдим. Диққат билан қараб, унинг ҳали ҳам нафас олаётганини билдим. Қаҳратон, очлик ва жароҳатларга қарамай, бола ҳали тирик эди. Мен қизчанинг ўлим билан олишаётган ўша нигоҳини ҳеч қачон унутмайман!” деб ёзади муаллиф.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 1992 йил февралда “Хожали болаларига” деб номланган шеър ёзган эди. “Мен бу шеърни кўзда ёш билан ёзганман. Рамзий эмас, том маънода айтаяпман.  Ўша куни (1992 йил 27 феврали) Москванинг “Время” ахборот дастурида озарбойжон гўдакларининг музлаб ётган  бепоён далада сочилиб ётган ўликларини кўрсатганда кўзларимдан тирқираб ёш оққан ва кечаси билан ухлолмасдан “Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга”  сарлавҳали 3  варақли мақола ва унга илова тарзда  бир шеър ёзганман”, – деб эслайди Х.Даврон.

 

Эй озари болаларим,

Юрагимда нолаларим,

Кўзларимда жолаларим,

Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Бу жаллодлар инсон эмас,

Бу саллотлар инсон емас,

Инсон инсон гўштин емас,

Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Ўтар кунлар, ўтар тунлар,

Қонингиздан гуллар унар,

“Интиқом!” – деб ханжар сунар,

Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Эслатиб ўтамиз, 1992 йилнинг 25-26 февраль кунлари Арманистон қуролли кучлари Россиянинг Хонкендидаги 366-мотоўқчи полки ёрдамида Озарбойжоннинг Хожали шаҳрида оммавий қирғин жиноятини содир этди. Ўшанда 613 нафар тинч аҳоли қатл этилди, 487 киши жароҳатланди ва 1275 киши асир олинди. Асир олинганларнинг кўпи яқинлари бағрига қайтмади, уларнинг тақдири ҳали-ҳамон номаълум қолмоқда.

С.Салим