Халқаро гуруҳ Ўзбекистон Миллий радиоактив чиқиндиларни кўмиш корхонасида хавфсизлик чораларини кўрди

15 ноябрь куни АҚШ Энергетика департаменти/Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти, Буюк Британиянинг Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси департаменти ҳамда Ўзбекистон ҳукумати биргаликда Республика радиоактив чиқиндиларни кўмиш корхонасида радиоактив материалларни хавфсиз сақланишини ошириш мақсадида амалга ошириладиган жисмоний ҳимоя дастурларини якуний текширувдан ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

Қиймати 330 минг доллар бўлган ушбу қўшма лойиҳа ядро ва радиоактив моддалар террористлар қўлига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича қилинаётган кенг кўламдаги умумий саъй-ҳаракатларда муҳим бир босқич саналади. 

Ўзбекистон Республикаси Радиация хавфсизлиги маркази раҳбарияти мамлакатдаги радиоактив чиқиндиларни кўмиш корхонасидаги якуний тадбирда қатнашди. Унда Марказ раҳбарияти корхона учун ядровий ва радиологик терроризмнинг олдини олиш мақсадида АҚШ, Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги давомий ҳамкорлик намунаси сифатида асосий хавфсизлик масалаларига эътибор қаратиш ўта муҳимлигини таъкидлаб ўтди. 

“Радиологик терроризм хавфини юмшатиш йўлида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам бўлиб, биз келгусида ҳам бундай зарур фаолиятни давом эттириш тарафдоримиз”, – деди Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти қошидаги ядро қуролини тарқатмаслик бўлими раҳбари ўринбосари Энн Ҳеррингтон.

Ядро хавфсизлиги идораси орқали Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти юқори фаолиятли радиоактив материлларни терроризм йўлида ишлатишнинг олдини олишда глобал хавфсизликни кучайтиради. Радиация хавфсизлиги идораси бутун дунёдаги ҳукуматлар, саноат корхоналари ҳамда тиббиёт муассасалари билан биргаликда иш олиб боради, уларни жаҳон андозаларига мос технология, махсус билим ва тажриба, тренинг, манбаларни қайта тиклаш, шунингдек, радиологик материаллардан фойдаланувчиларни муқобил ўриндош стратегиялар билан таъминлайди. Ядро хавфсизлик идораси муҳим тиббий, тадқиқотга оид ва тижорий мақсадларда қўлланиладиган радиоактив манбаларни ҳимоя қилиш, ишлатишга яроқсиз радиоактив манбаларни олиб чиқиш ва тасарруф этиш ҳамда норадиоазотопик муқобил технологияларни қабул қилиш ва ривожлантиришни рағбатлантириш воситасида юқори фаолиятли радиоактив манбаларга бўлган глобал қарамликни камайтириш мақсадида фаолият юритади.