Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиши 27 май кунига тўғри келади

%image_alt%

2017 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори имзоланди.

Қарорда таъкидланишича эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида мазкур қарор қабул қилинган.

Қарорга кўра, 2017 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 27 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Мазкур тадбирларни ўтказишда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, тотув ва баҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган савобли амаллар ва тарғибот ишлари ташкил этилиши белгиланди.

Республикамизнинг барча масжидларида 26 майдан Таровиҳ намозлари адо этилади.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!