Ўзбекистон ва Туркия савдо айланмаси 3 миллиард долларга етказилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик янада тараққий этади. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен Тошкентда ўтган ифтор тадбирида маълум қилди.

Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси (UTİD) уюштирган ифтор  тадбирида турк дипломатлари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари қатнашди.

Элчи Аҳмет Башар Шен меҳмонларни ойлар султони – Рамазони шариф билан қутларкан, муборак ойда ҳам Сурия, Ироқ, Афғонистон, Яман ва бошқа мусулмон мамлакатларда уруш ҳаракатлари давом этаётганини афсус ила қайд этди ва ушбу ўлкаларда тинчлик ҳукм суришини тилади.

Кейинги йилларда киндик қони тўкилган ватанини тарк этиб, ўзга эллардан бошпана қидиришга мажбур бўлаётган қочқинлар масаласи глобал муаммога айланмоқда. Ушбу масалага эътибор қаратган турк дипломати Туркия кейинги йилларда 3 миллиондан ошиқ қочқинни қабул қилиб, бу борада бошқа давлатларга ўрнак бўлганини қайд этди.

2016 йил ноябрь ойида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон Самарқандда музокаралар ўтказди. Аҳмет Башар Шеннинг таъкидлашича, ушбу учрашувдан кейин давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ила икки қардош халқ ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очилди.

Туркия  иқтисодий тараққий бўйича дунёда 17-ўринни эгаллаб турибди, мамлакат ялпи ички маҳсулоти барқарор равишда ўсмоқда.

Ўзбекистон ҳам Марказий Осиёнинг иқтисодий салоҳияти юқори давлати саналади. Туркия элчисига кўра, бу жиҳатдан, икки қардош мамлакат бир-бирини тўлдиради.

Аҳмет Башар Шен бундан кейин ҳам ўзаро ҳурмат, тенглик ва биродарлик тамойилларига асосланган ҳамкорликни икки халқ дўстлигига муносиб даражага кўтариш йўлида барча имкониятлар ишга солинишини таъкидлади.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси бошқаруви раиси Эржан Булут сўнгги вақтларда иқтисодий ҳамкорликни янади кенгайтириш учун кенг имкониятлар эшиги очилаётганини маълум қилди.

Айни пайтда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил этмоқда. Эржан Булутнинг таъкидлашича, ушбу кўрсаткич яқин муддатда 3 миллиард долларга етказилади. Бу йўлда Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси ҳам жонбозлик кўрсатишга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 16 декабрда тан олган. 1992 йил 4 мартда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро 90 дан ошиқ ҳужжат, жумладан, Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.

Айни вақтда юртимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Тўқимачилик, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фаолият юритаётган турк ширкатларида 50 мингга яқин ишчи ўрни яратилган.

С.Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!