Ўзбекистон ва Туркия дипломатик муносабатларига 25 йил тўлди

Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан икки давлат раҳбари бир-бирини табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар беради.

“Туркия Республикаси ва қардош Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларини ва қардош Ўзбекистон халқини шахсан ўз номимдан ва Туркия халқи номидан самимий табриклайман ва эзгу истакларимни йўллайман”, – дейилади Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг қутловида.

Туркия етакчиси 2016 йил 18 ноябрда Самарқандда ўтган олий даражадаги музокаралар чоғида ўзаро муносабатларни кенгайтириш борасида ҳамкорликда ишлаш тўғрисида эришилган келишувлар амалга оширилишига ишонч билдирган, Туркия мамлакатларимиз халқлари фаровонлиги йўлидаги ҳамкорликни ўзаро ишончли асосда икки томонлама, минтақавий ва халқаро миқёсда ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса ўз қутлов номасида “1992 йилнинг март ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан сўнг қисқа вақтда, яъни ўша йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида Туркия Республикаси элчихонаси очилган”ини алоҳида таъкидлаган.

“Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг шу йил 26 февраль – 2 март кунлари Туркияга ташрифи ўзаро келишувларимизнинг мантиқий давоми бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, менинг вакилим билан учрашганингиз ва алоҳида ҳурмат кўрсатганингиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман”, – дейилади Президент Шавкат Мирзиёевнинг табригида.

Ўзбекистон раҳбари икки мамлакат сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, ҳарбий-техник, сайёҳлик, логистика ва бошқа соҳаларда ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган ва бир-бирини тўлдирадиган улкан салоҳиятга эга эканини қайд этган. Шу нуқтаи назардан ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Ш.Мирзиёев томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 16 декабрда тан олган. 1992 йил 4 мартда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро 90 дан ошиқ ҳужжат, жумладан, Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.

Айни вақтда юртимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Тўқимачилик, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фаолият юритаётган турк ширкатларида 50 мингга яқин ишчи ўрни яратилган.

Шу мавзудаги мақолалар:

Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёвни Туркияга таклиф қилди. 07.12.2016

Ражаб Тоййиб Эрдўғон: “Туркия – Ўзбекистон ҳамкорлиги икки қардош мамлакатга ярашадиган савияга кўтарилади”. 19.11.2016