Ўзбекистон ва Озарбойжон туризм бўйича ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Озарбойжон туристик уюшмалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази хабарига кўра, ушбу ҳужжатни имзолаш маросими Тошкентда ташкил этилган “Дам олиш дунёси–2017” V халқаро сайёҳлик кўргазмаси доирасида ўтказилган.

Меморандумни Ўзбекистон томонидан туристик уюшма раҳбари Набижон Қосимов, Озарбойжон томонидан эса туристик уюшма етакчиси Ноҳид Багиров имзолаган.

Ҳужжатда сайёҳлик бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ўзаро тажриба ва ахборот алмашувини кенгайтириш, ҳамкорликда сафар ва тадбирлар уюштириш, соғломлаштириш туризмини рағбатлантириш ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтириш кўзда тутилган.

Тадбир доирасида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ҳозирлаган концерт дастури ҳам намойиш этилган.

“Дам олиш дунёси–2017” V халқаро сайёҳлик кўргазмаси якунида  Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Равшан Усмонов Озарбойжон билан сайёҳлик соҳасида меморандум имзоланганини алоҳида таъкидлаган.

“Дам олиш дунёси–2017” V халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ушбу мамлакатнинг туристик салоҳиятини намойиш этди. Кўргазма меҳмонларига Озарбойжон томони тайёрлаган нашрлар тарқатилди, видеоролик кўрсатилди. Шунингдек, кўргазма доирасида Озарбойжоннинг Нафталан шаҳри вакиллари ҳам иштирок этди.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов марказ томонидан сўнгги йилларда олиб борилган тарғибот тадбирлари ўзаро ҳамкорликка ижобий таъсир этгани, сайёҳлар алмашуви кенгайганини қайд этган. Дипломат Тошкент ва Боку ўртасида ҳафтада икки бора авиақатновлар амалга оширилаётгани, ўзаро визасиз режим амал қилаётгани бу борада ижобий таъсир этаётганини билдирган.

Қайд этилишича, яқин кунларда Тошкентнинг марказий кўчаларида Озарбойжоннинг туристик салоҳиятини намойиш этувчи реклама баннерлари ўрнатилади, етакчи телеканаллар орқали тарғибот дастурлари намойиш этилади.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!