Ўзбекистон–Туркманистон: стратегик ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 23 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар беради.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистон раҳбарини Ўзбекистон заминида самимий қутлаб, ушбу ташриф мамлакатларимиз муносабатлари ривожида муҳим сиёсий воқеа, яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бораётганининг далолати эканини таъкидлади.

– 2017 йил мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида тарихий йил бўлди. Ўзбекистон Президенти Туркманистонга уч маротаба ташриф билан борди. Бу мамлакатларимизнинг стратегик даражадаги муносабатларига янги суръат бахш этди, эришилган келишувлар амалга оширилишига жиддий туртки берди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоиз ўсди. Бу, албатта, ўтган йилги келишувларимиз натижасидир. Олий даражадаги бу галги музокаралар ушбу суръатни янада ошириш йўлида жиддий қадам бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Гурбангули Бердимуҳамедов давлатимиз раҳбарига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда муттасил тараққий этаётганини мамнуният билан қайд этди.

– Туркманистон ва Ўзбекистон тинчликсевар давлатлар, яхши қўшнилар сифатида танилган. Мамлакатларимиз халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокаралар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун яхши имкониятдир. Туркманистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга тайёр, – деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, мулоқотда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникаси, сархил ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, кимё, тайёр текстиль маҳсулотлари, турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан юртимизга нефть ва нефть маҳсулотлари, механик ускуналар, пропилен полимерлари, бошқа кимёвий товарлар келтирилади.

Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиётида ҳали тўла ишга солинмаган кўплаб имкониятлар мавжуд. Улардан фойдаланиб, ўзаро савдо айланмасини жадал ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат бозорларига харидоргир маҳсулотлар етказиб бериш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. 2020 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.

Музокаралар давомида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, бу орқали мамлакатларимизнинг ушбу йўналишдаги рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобиллар, электр техникаси ускуналарини ҳамкорликда ишлаб чиқариш, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш, чегараолди ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқни ошириш, хизматлар кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича келишувларга эришилди. Ўзбекистоннинг Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон газ қувури қурилиши лойиҳасида иштирок этиши қайд этилди.

Шу куни икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар.

Икки томонлама ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, таълим ва спорт соҳаларида янада мустаҳкамлашга ва ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришга доир 17 ҳужжат имзоланди.

Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, 2018-2020 йилларга мўлжалланган транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро дастурлар, Ўзбекистон ва Туркманистонда савдо уйларини ташкил этиш, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида битимлар, Ўзбекистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Икки томонлама ҳамкорликни қишлоқ хўжалиги, ёшлар, хотин-қизлар масалалари, фан-техника, касаба уюшмалари ва бошқа соҳаларда янада мустаҳкамлашга доир ҳужжатлар қабул қилинди. Ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим, икки мамлакат касаба уюшмалари ва хотин-қизлар қўмиталари ўртасида Англашув меморандумлари, ёшлар ташкилотлари ўртасида Англашув меморандуми шулар жумласидандир.

Шунингдек, ташриф доирасида олий ўқув юртлари ўртасида ва ахборот-коммуникация соҳаларига оид 15 ҳужжат имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар очиқ, самимий, ишчанлик руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатлари йўлидаги серқирра ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этдилар.