Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни сайловдаги ғалабаси билан табриклади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Президенти этиб сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.

Давлат раҳбари ўз мактубида “яқинда бўлиб ўтган сайлов натижалари Туркманистоннинг фаровонлиги, жадал ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун Сизнинг узоқни кўра биладиган раҳбарлигингиз остида олиб борилаётган чуқур ўйланган ва самарали ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларга туркман халқи томонидан юқори ишонч билдирилганининг ва тўлиқ қўллаб-қувватланишининг яна бир ёрқин ифодаси” эканини қайд этди.

Бугун вақт ва ҳаёт синовидан ўтган Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ва тотув қўшничилик ришталари халқларимизнинг кўп асрлик яқин муносабатлари асосида муваффақиятли ривожланиб ва мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мустаҳкам соғлиқ, саломатлик ва масъулиятли давлат лавозимида янги ютуқлар, биродар туркман халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 феврал йил 12 февраль куни Туркманистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Мамлакат Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, сайловда амалдаги давлат раҳбари Г.Бердимуҳамедов сайловчиларнинг  97,69 фоиз овозини олиб ғалаба қозонди.

МСКга кўра, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга 3,22 миллион фуқароларнинг 3,14 миллион нафари ёки 97,27 фоизи қатнашган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!