Ўзбекистон – Озарбойжон: маданий ҳамкорлик истиқболлари

Боку шаҳрида – Озарбойжон Президенти кутубхонасида “Озарбойжон адабиёти ўзбек тилида” номли лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчиси, элчихона кенгаши аъзолари, Озарбойжон Миллий Мажлиси депутатлари, Миллий Мажлиснинг икки мамлакат ўртасидаги дўстлик гуруҳи аъзолари, жамоат арбоблари, шоир-адиблар ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Анжуманни Президент кутубхонаси раҳбари Маил Аҳмедов очди ва “Озарбойжон адабиёти ўзбек тилида” лойиҳаси икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишини таъкидлади. Қайд этилишича, озарбойжон ва ўзбек халқларини кўп асрлик тарихга эга маданий-адабий алоқалар боғлаб туради. XX аср охирида, икки мамлакат мустақилликка эришганидан кейин эса ушбу алоқалар стратегик даражага кўтарилди. Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Ҳайдар Алиева номидаги Озарбойжон маданият маркази ўтказаётган кўплаб тадбирлар, жумладан, юқоридаги лойиҳа ҳам дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Қулиев ўз нутқида икки биродар халқ ўртасидаги ришталарни бундан-да мустаҳкамлаш учун амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар хусусида сўзлади.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов эса маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик борасида батафсил маълумот берди. Дипломатнинг қайд этишича, Ўзбекистондаги турли таълим ва маданият масканларида Озарбойжон маданият бурчаклари ташкил этилди. Масалан, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Озарбойжон адабиёти ва маданияти хонаси, Ўзбекистон давлат консерваториясида Узайр Ҳожибеков номидаги Озарбойжон-Ўзбекистон мусиқа маданияти хонаси ташкил этилди.

Самир Аббосовга кўра, Озарбойжон маданият маркази Ўзбекистонда ўтказаётган тадбирлар маҳаллий жамоатчилик томонидан қизиқиш билан қабул қилинмоқда. Бу борада оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ҳар йили ўтказилаётган “Озарбойжон ҳақидаги энг яхши мақола” ижодий танлови ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Озарбойжон маданият маркази ноширлик борасида бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Масалан, 2016 йилда “Замонавий ўзбек ва озарбойжон шеъриятининг ўзига хосликлари” номли китоб чоп этилди. Икки тилда нашр этилган китобда ўзбек ва озарбойжон шоирлари асарларидан намуналари берилган.

Бундан ташқари, ўзбекча-озарбойжонча, озарбойжонча-ўзбекча сўзлашув луғати, Озарбойжон халқ ёзувчиси Анорнинг танланган асарлари, улуғ шоир Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си (таржимон Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол) дунё юзини кўрди. Умуман, кейинги йилларда Озарбойжон маданият маркази “XX аср Озарбойжон шеърияти антологияси”, “Биродар Ўзбекистонда Озарбойжон маданияти”, “Озарбойжон адиблари ҳикоялари”, “Замонавий Озарбойжон шоирлари шеърлари”, “Озарбойжон маданий мероси” каби тўпламларни, Муҳаммад Фузулий, Бахтиёр Ваҳобзода асарларини чоп этди. Тарих фанлари доктори Али Ҳасановнинг “Геополитика”, адиб Юнус Ўғузнинг “Султон Алп Арслон”, “Амир Темур”, “Малика ва жодугар” китоблари ҳам ўқувчиларга манзур бўлди.

Тадбирда сўз олган Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор, Миллий Мажлис депутати Сиёвуш Наврўзов, адиб Юнус Ўғуз ва бошқа иштирокчилар икки дўст мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар.

С.Салим

Шу мавзудаги мақолалар:

Ўзбекистонда атоқли озарбойжон адиби Анорнинг янги китоби чоп этилди. 18.08.2016

Юнус Ўғуз: “Мақсадим – туркийларнинг дунё тамаддунидаги ўрнини кўрсатиш”. 16.11.2015


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!