Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг икки қиссаси Москвада чоп этилди

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» ва «Ойдинда юрган одамлар» қиссалари рус тилига таржима қилиниб, Моквадаги «РИПОЛ Классик» нашриётида «Тарлан» номи билан чоп этилди.

Ушбу қиссаларни Герман Власов, Вадим Муротхонов ва Суҳбат Афлотуний таржима қилишди.

Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» қиссаси ёзувчининг энг дилбар ва муаллифнинг ўз сўзи билан айтганда, «не кунларни кўрмаган», энг мураккаб тақдирли қиссаси илк маротаба «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида тилга олинади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов сўз бошиси билан «Ойдинда юрган одамлар» қиссасидан парча эълон қилинади («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1983, 1-сон). Орадан бир йил ўтгач, қисса «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилинади («Шарқ юлдузи» журнали, 1984, 1-сон). «Ойдинда юрган одамлар» қиссаси 1985 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида нашр этилади. Шу йили бу китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги мукофоти билан тақдирланади. Йиллар ўтгач, Тоғай Мурод бу қиссага яна мурожаат қилади ва уни қайта ишлайди. Ниҳоят қиссанинг тўлиқ варианти чоп қилинади («От кишнаган оқшом», «Шарқ» нашриёт-матбаа концерни Бош таҳририяти, (1994).

«От кишнаган оқшом» қиссаси биринчи марта «Ёшлик» журналида эълон қилинган (1982 йил, 11-сон). Сўнгра қисса 1985 йилда «Ойдинда юрган одамлар» китобида нашр қилинади (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти). Адиб 1985—87-йиллар таҳсил олган Москвадаги Максим Горький номли Адабиёт институти Олий адабиёт курслари семинар машғулотларида «От кишнаган оқшом» қиссаси юксак баҳоланади ва катта шов-шувга сабаб бўлади; «Дружба народов» журналига чоп этиш учун тавсия қилинади. Бошқа асарлари сингари адиб унинг қайта таҳрири устида ҳам қаттиқ ишлайди ва «От кишнаган оқшом» китоби тўлиқ вариантда дунё юзини кўради («Шарқ» нашриёт-матбаа концерни Бош таҳририяти, 1994).

Тоғай Мурод (Менгноров Тоғаймурод) 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилоятининг Денов туманига қарашли Хўжасоат қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1999). Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1994). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1972). Ёзувчи 2003 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.