Ўзбек ёзувчисининг Аҳмад Яссавий ҳақидаги китоби Туркияда чоп этилди

Ёзувчи Саъдулла Сиёевнинг “Аҳмад Яссавий” номли романи Туркиядаги Cümle Yayınları нашриёти томонидан турк тилида нашр этилди. Роман таржимаси истанбуллик профессор, доктор Шуайб Қорақошга (Prof. Dr. Şuayip Karakaş) оиддир. 480 саҳифалик ушбу китоб буюк мутасаввуф Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди асосида ёзилган.

“Аҳмад Яссавий” романининг илк боблари 1993 йили “Шарқ юлдузи” журналида босилган. Иккинчи китоби “Яссавийнинг сўнгги сафари” номи билан 2002 йилда чоп этилган. 2012 йили “Ўзбекистон” нашриётида биринчи ва иккинчи китоблар “Аҳмад Яссавий” номи билан нашр этилган.

Саъдулла Сиёев 1939 йилда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинидаги Қарноқ қишлоғида оиласида туғилган. «Қасам ичмаган йигит» (1970), «Садағанг кетай» (1972), «Тўйлар муборак» (1975), «Ой бориб, омон келинг» (1976), «Оғир вазнли жанжалкаш», «Эркаклар учун эртаклар», «Ёруғлик» (1986), «Бепарво бўлмоқчиман» (1990), «Аваз» (1987), «Яссавийнинг сўнгги сафари» (2002) каби китоблари чоп қилинган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!