Устаси фаранглар Тошкентда томоша кўрсатди

21 май куни Тошкентнинг Хадра майдонида Франция, Германия ва Ўзбекистон цирк усталарининг ҳамкорликдаги дастури намойиш этилди. Тадбир Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Фотиҳ Жалолов ҳамда Франция ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчилари Жак-Анри Эльс ва Найтхарт Ҳёфер-Виссинг томонидан очиб берилди.

Франциялик дорбозлар (Хлое Мура, Марио Колле, Матье Ибон), германиялик акробатлар (Кира Паас, Андерс Йенсен), шунингдек, Тошкент цирки вакилларининг очиқ осмон остидаги томошасига бир неча юз чоғли издиҳом йиғилди. Дорбозлик, акробатика, раққослик ва бошқа жанрлардаги қизиқарли чиқишлар томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Айниқса, француз ва олмон цирк усталарининг абжирлик, чапдастлик, айни чоқда, нафосат ва ўзига хос фалсафий мазмун билан йўғрилган томошалари ўзбек аудиториясига чинакам янгилик бўлди.

Европа ва Ўзбекистон цирк усталарининг салкам бир ҳафталик муттасил машқ-машғулотлари меваси бўлган “Sirk.uz” дастурида Ғарб ва Шарқ цирки анъаналари уйғунлигини кўриш мумкин эди.

Франция ва Германия цирк усталари иштирокидаги халқ томошалари 23 май куни Фарғона шаҳридаги “Кимёгар” маданият ва истироҳат боғида, шунингдек, 24 май куни Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида намойиш этилиши  режалаштирилган.

Дастурга кўра, франциялик ва германиялик дорбоз ҳамда акробатлар Ўзбекистон эстрада ва цирк коллежи ўқувчиларига цирк санъати борасида маҳорат дарслари ўтади.

Очиқ осмон остидаги цирк томошалари Франция ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Тошкентдаги Гёте институти ҳамда “Ўзбекцирк” республика бирлашмаси билан ҳамкорликда, Елисей шартномаси фонди дастурлари доирасида ташкил этилди.  

1963 йил 22 январда Франция ва Германия ўртасида имзоланган Елисей шартномаси икки қўшни давлат ҳамкорлигида янги саҳифа очди. Француз давлат раҳбари Шарль де Голль ва олмон канцлери Конрад Аденауэр имзолаган мазкур тарихий ҳужжат асосида сиёсат, иқтисод ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар қайта жонланди.

2003 йилда мазкур шартнома имзоланганининг 40 йиллиги муносабати билан Франция ва Германия ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Учинчи давлатларда маданий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш фондига асос солинди. Мазкур фонд томонидан ташкил этилаётган очиқ осмон остидаги цирк томошаси сингари дастурлар француз-олмон дўстлигини янада мустаҳкамлаш, икки халқ маданияти ва анъаналарини намойиш этишга хизмат қилади.

Собир Салим
Юрий Корсунцев олган сурат