Туркманистонда Президент сайлови якунланди

12 февраль куни Туркманистонда ўтган Президент сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 3 140 865 нафари – 97,27 фоизи қатнашди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар беради.

Туркманистон Марказий сайлов комиссияси мамлакат ичида 2586 та сайлов участкаси ташкил этган. Чет элдаги фуқаролар эса хориждаги дипломатик ваколатхоналарда ташкил этилган 39 та сайлов участкасида овоз берган.

Мустақил Туркманистон тарихидаги бешинчи сайловни 3223 нафар миллий ва 151 нафар халқаро кузатувчи мониторинг қилиб борган.

Сайловда Демократик партия, Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси ҳамда Аграр партия томонидан кўрсатилган 9 нафар номзод мамлакат олий лавозими учун курашмоқда.

Демократик партия Туркманистоннинг амалдаги раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни, Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси “Рисгал” акциядорлик тижорат банки бошқарув раиси Бегмират Аталиевни, Аграр партия эса Мари вилояти қўмитаси раиси Дурдигилич Оразовни президентликка номзод сифатида кўрсатган.

Шунингдек, сайловда қатнашиш учун фуқароларнинг ташаббус гуруҳларидан яна олти нафар номзод рўйхатга олинган.

Мамлакатнинг амалдаги раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов оила аъзолари билан Ашхободдаги 68-мактабда ташкил этилган 48-сайлов участкасида овоз берган.

“Халқимиз бугун ўз тақдирини ҳал этиш учун сайловда иштирок этмоқда. Миллионлаб кишилар конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзи истаган номзодга овоз бермоқда. Улар келажак олдидаги залворли масъулиятини ҳис этиб, кейинги етти йилда давлатни бошқарадиган номзодни танламоқда”, – деган Г.Бердимуҳамедов.

Хабарларга қараганда, қолган 8 номзод ҳам кун давомида сайлов участкаларига бориб овоз берган.

Таҳлилчилар сайловда асосий номзод амалдаги Президент Г.Бердимуҳамедов эканини таъкидлаб, унинг ғалабасига шубҳа билдирмаётир.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, Туркманистонда туғилган ва сўнгги 15 йил давомида шу ерда яшаб фаолият юритган, 40 ёшдан кичик бўлмаган ва давлат тилини мукаммал биладиган фуқаролар президентликка номзод сифатида кўрсатилади.

2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган мамлакат Конституциясига мувофиқ, президентлик ваколати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган ҳамда давлат раҳбарлиги учун 70 ёшлик юқори ёш чеклови бекор қилинган.

Мамлакатда сўнгги президентлик сайлови 2012 йил февралда ўтказилган.

С.Салим