Туркманистонда мустақилликнинг 24 йиллиги нишонланди

27 октябрь куни Туркманистон Республикасида Мустақиллик куни байрам қилинди. Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, ушбу сана муносабати билан мамлакат раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов ўз халқига табрик йўллади.

Табрикда мустақиллик туркман халқи асрлар бўйи орзу қилган неъмат экани, мазкур байрам жамият бирлиги ва жипслигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.

“Довюрак халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли демократик давлатимиз, инсон қадрини баланд тутган жамиятимиз турли соҳаларда улкан ютуқларга эришди, сайёрамизнинг қудратли, тинчликсевар мамлакатлари сафидан ўрин олди”, дейилади Президент Г.Бердимуҳамедовнинг табригида.

Қутловда меҳнатсевар туркман халқи бундан кейин ҳам ватан тараққиёти йўлида жонбозлик кўрсатишига ишонч билдирилган.

Миллий байрам муносабати билан пойтахт Ашхабод шаҳрида бир қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Конгресслар саройида ўтган тантанали маросимда мамлакат раҳбари иштирок этди. Туркманистон парламенти ва ҳукумати аъзолари, чет эл дипломатлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳозир бўлган байрам дастурида санъат усталари, халқ ансамбллари ва мусиқий жамоаларнинг театрлаштирилган томошаси намойиш этилди.

Мустақилликнинг 24 йиллиги муносабати билан Туркманистан Президенти амнистия ҳақидаги фармонга ҳам имзо чекди. Давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, афвномага мувофиқ 1020 нафар маҳкум жазодан озод этилади.

Мустақиллик куни Туркманистон Республикасининг бош байрами саналади. 1991 йил 26 октябрь кунги референдумда республика аҳолисининг 93 фоизи собиқ Иттифоқ таркибидан мустақил давлат сифатда ажралиб чиқишни ёқлаб овоз берган. 1991 йил 27 октябрда Туркманистон Мустақиллиги декларацияси қабул қилинган.

6,2 миллион нуфусга эга Туркманистон давлати ташқи сиёсатда бетарафлик тамойилига таянади. 1995 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 185 аъзоси бир овоздан мамлакатни доимий бетараф дея тан олган.

Минтақада энергия ресурслари экспорт қилувчи асосий давлатлардан бири саналган Туркманистон табиий газ захираси бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Мамлакатнинг табиий газ захираси 15-20 триллион кубометр, нефть захираси 1,5-2 миллиард тонна деб баҳоланади. Расмий статистикага кўра, 2012 йили 69 миллиард кубометр табиий газ ҳамда 11 миллион тонна нефть ва газ конденсати қазиб олинган.

Ўзбекистон–Туркманистон алоқалари 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома асосида олиб борилмоқда. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига кўра, икки мамлакат ўртасида яқин қўшничилик ва дўстона алоқалар қарор топган бўлиб, давлатлараро муносабатларнинг барча жабҳаларида ҳамкорлик юксалмоқда. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир.

Икки давлат раҳбарлари мунтазам учрашиб, алоқаларни янада кенгайтириш борасида фикр алмашиб келмоқда. Хусусан, Туркманистон раҳбари жорий йил 7-8 октябрь кунлари Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди.

Мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажми кейинги олти йилда 3 баробар ўсиб, 2014 йил якунига кўра 413 миллион АҚШ доллари, жорий йил январь-август ойларида эса 245 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Собир Салим