Туркманистон ТИВ: “Тожикистон темир йўллари” давлат ширкати мансабдорининг баёнотини қандай тушуниш керак?..

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги “Тожикистон темир йўллари” давлат унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Усмон Қаландаровнинг “Авесто” ахборот агентлиги орқали билдирган янги темир йўл йўналишлари хусусидаги фикрига муносабат билдирди. “Тожикистон темир йўллари” мансабдори 24 январь куни Туркманистонни айланиб ўтган ҳолда, Ўзбекистон орқали Россияга темир йўл қатновини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилаётганини маълум қилган эди.

Расмий Ашхобод Тожикистон расмийсининг ушбу баёнотини тушуниш мушкуллигини билдирган.

Қайд этилишича, туркман-тожик дўстлик алоқаларига асосланиб, Туркманистон икки давлат ўртасида транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳаларни таклиф этмоқда. Туркманистон томонига кўра, икки мамлакатнинг темир йўл соҳасидаги самарали ҳамкорлиги бутун минтақадаги иқтисодий тараққиётга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

“Аммо “Тожикистон темир йўллари” идораси раҳбарларидан бирининг фикрлари юқорида зикр этилган мақсадларни амалга оширишга тўсқинлик қилади. Юқори мартабали шахс “Туркманистонни айланиб ўтган ҳолда” янги темир йўл йўналиши очилиши ҳақида гапираркан, давлат миқёсидаги келишувларни эсга олмайди. Ҳолбуки, мазкур келишувларга кўра, Туркманистон ва Тожикистон яқин йилларда Тожикистондан Туркманистон орқали учинчи давлатларга юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш орқали темир йўл транспорти соҳасидаги робитани янада мустаҳкамлашни мақсад қилган”, – дейилади Туркманистон ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, икки давлат янги темир йўл магистралларини бунёд этишни кўзламоқда. Масалан, Туркманистон–Афғонистон–Тожикистон йўналиши қурилишининг биринчи босқичи 2016 йил ноябрда Туркманистон томонидан якунланди.

Баёнотда Усмон Қаландаровнинг мулоҳазалари ахлоқ меъёрларига ҳам тўғри келмаслигини таъкидланади.

“Маълумки, қўшни дўст мамлакат учун оғир паллаларда Туркманистон биродар тожик халқига ҳамиша ёрдамга ошиққан”, – дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, айнан икки мамлакатни боғловчи темир йўллар орқали Туркманистон Тожикистонга гуманитар ёрдам юборган ва биродар мамлакат сифатида Туркманистон бундан кейин ҳам тожик халқига кўмак беришдан тўхтамайди.

Айни чоқда, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томонини дўстона деб аташ мушкул бўлган бу каби баёнотлардан эҳтиёт бўлишга чақиради.

Собир Салим