Туркманистон Осиё ўйинларини Олимпиада даражасида ўтказмоқчи

25 июль куни Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида Ашхобод шаҳрида жорий йил 17-27 сентябрь кунлари ўтадиган V Осиё ўйинларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Элчихона атташеси Хантурди  Тўраев халқаро мусобақага жиддий тайёргарлик кўрилгани ва Туркманистон спортчи ва меҳмонларни қабул қилишга шай эканини маълум қилди.

Қайд этилишича, Туркманистон Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб бундай миқёсдаги спорт анжуманини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Осиё ўйинларига турли мамлакатлардан  минглаб спортчи ва ишқибозлар ташриф буюриши кутилмоқда.

Туркманистоннинг “Dunya Syyahat” сайёҳлик компанияси директори Ғулом Ғуломов спорт мусобақаларида ўзбекистонлик ишқибозлар ҳам иштирок этиши мумкинлиги, бу борада компания амалий ёрдам кўрсатишга шайлигини билдирди.

Таъкидланишича, Туркманистон Осиё ўйинларини Олимпиада мусобақаси даражасида юқори савияда ўтказади.

Матбуот анжумани давомида Осиё ўйинларига тайёргарлик хусусида видеоролик намойиш этилди, журналистларнинг турли мавзудаги саволларига жавоб берилди.

Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари Ашхободда 2017 йил 17 сентябрда бошланади. Нуфузли мусобақада Осиё, Австралия ва Океания минтақаларидан 64 мамлакат вакиллари спортнинг 21 тури бўйича баҳс олиб боради. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Осиё ўйинларида иштирок этади.

2010 йил 19 декабрь Кувайтда V Осиё ўйинлари Туркманистонда ўтиши эълон қилинган ҳамда бу борада Осиё Олимпия кенгаши ва Туркманистон Миллий Олимпия қўмитаси ўртасида икки томонлама ҳужжат имзоланган эди.

2014 йил 28 ноябрда эса Осиё ўйинларида Океания мамлакатлари ҳам иштирок этиши борасида ҳужжат имзоланди. Ўшанда Туркманистон Президенти Осиё ўйинлари дастурига туркман миллий кураши ва от спортини қўшишни таклиф қилган ва мазкур таклиф Осиё Олимпия кенгаши томонидан маъқулланган.

Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари илк бор 2005 йили Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган. Дастлаб мусобақалар икки йилда бир маротаба ўтказилган бўлса, эндиликда оралиқ муддат тўрт йилга узайтирилди.

С.Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!