Туркманистон Эронга газ етказиб бериш тўхтатилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Туркманистоннинг 2017 йил 1 январдан ўзаро шартномага зид равишда Эронга газ етказиб беришни тўхтатгани хусусида хабарлар асоссиздир. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган баёнотда сўз боради.

Расмий Ашхободга кўра, Эрон Туркманистондан 5 йил давомида газ сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолагани хусусида хабарлар ҳам ҳақиқатдан йироқдир.

“Чиндан ҳам, Туркманистон 1997 йил декабрдан газ олди-сотдиси шартномасига мувофиқ, икки томонлама келишувга қатъий амал қилган ҳолда Эронга газ етказиб бермоқда. Афсуски, Эрон миллий газ компанияси 2013 йилдан буён Ислом Республикасига етказиб берилган туркман табиий гази қарзини узиш бўйича керакли чора-тадбирларни кўрмаётир. Натижада Эрон томонининг қарзи сезиларли даражага етди, бу эса Туркманистоннинг узоқ муддатга шартномага мувофиқ Эронга газ етказиб беришга йўналтирилган газ узатиш тизимининг рисоладагидек ишлашига халақит бермоқда”, – дейилади Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Қайд этилишича, расмий Ашхобод 2016 йил давомида Эрон томонини туркман табиий газини етказиб бериш бўйича номақбул ҳолат ва бу борада эҳтимолий чеклашлар хусусида огоҳлантириб келган. “Туркмангаз” давлат концернига газ тўловини вақтида амалга оширмаслик оқибатида Эронга газ етказиб беришга йўналтирилган тизим ишида узилишлар бўлиши тушунтирилган ва масалани тезкор ҳал этиш бўйича таклифлар берилган.

“Аммо Эрон миллий газ компанияси Туркманистоннинг конструктив ташаббусларига ижобий жавоб бермагани ва ўзаро мақбул ечим борасида фаоллик кўрсатмагани боис 2017 йил 1 январдан Эронга туркман табиий газини етказиб бериш мажбурий равишда тўхтатилди”, – дейилади баёнотда.

Айни чоқда, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситаларини мазкур ҳолатга сиёсий тус беришдан қайтарган.

Собир Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!