Туркия фазони “забт этиш” тараддудида

Туркияда яқин фурсатда Фазовий тадқиқотлар агентлиги таъсис этилиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси мамлакат парламенти – Буюк Миллат Мажлисида муҳокама этилмоқда.

Аслида, Туркияда Фазовий тадқиқотлар агентлигини ташкил этиш ташаббуси анча йил илгари пайдо бўлган. Аммо турли сабабларга кўра бу ташаббус охирига етмаётган эди.

Иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партияси ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, янги агентлик АҚШ, Германия, Франция, Япония каби мутараққий мамлакатлар тажрибасини уйғунлаштирган ҳолда, фазовий соҳадаги лойиҳаларни мувофиқлаштириш, илғор аэрокосмик тизимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади. Келажакда эса мамлакатда космонавтлар тайёрлаш маркази, илмий тадқиқот лабораториялари ҳамда бошқа тузималарни ўз ичига олган фазовий шаҳарчага асос солинади.

Хўш, Фазовий тадқиқотлар агентлиги ҳозирги шароитда Туркияга учун қанчалар муҳим?

Янги агентлик фазони тадқиқ этиш борасида мамлакатга улкан имкониятлар эшигини очади. Аввало, Туркия фазовий тадқиқотлар бўйича алоҳида бошқарув идорасига эга саноқли давлатлардан бирига айланади. Фазони илмий ўрганиш жуда катта маблағ талаб этгани боис дунёнинг саноқли мамлакатигина бу бўйича алоҳида тузилмага эга.

Қолаверса, мамлакат мустақил равишда сунъий йўлдошлар ишлаб чиқариш ва учириш ҳамда экспорт қилиш имконига эга бўлади.

Туркия биринчи сунъий йўлдошини 1994 йилда учирган. 1996 ва 2001 йилларда Европанинг “Airbus” консорциуми кўмагида орбитага яна иккита сунъий йўлдош чиқарилган. Кейинроқ яна учта ҳарбий ва кузатув сунъий йўлдошлари учирилган. Шу тариқа кейинги чорак аср ичида мамлакат олтита сунъий йўлдош учирди. Аммо уларнинг барчаси ҳамкор давлатларга тегишли космодромлар орқали орбитага чиқарилган.

Фазовий тадқиқотлар агентлиги ташкил этилиши билан Туркия ўз космодромига эга давлатлар сафига кириши ҳамда сунъий йўлдошларни мустақил ишлаб чиқариб, учириши мумкин бўлади. 2016 йил ҳолатига кўра, орбитада 50 та давлатнинг сунъий йўлдоши бор. Аммо улардан фақат ўнга яқини ўз космодромига эга.

2018-2019 йилларда, шунингдек, Türksat 5A ва Türksat 5B сунъий йўлдошларини учириш режалаштирилган. Туркия Республикаси эълон қилинганининг 100 йиллиги – 2023 йилда сунъий йўлдошлар сонини янада ошириш белгиланган.

Бундан ташқари, Туркия фазовий тадқиқотлар соҳасида маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширмоқчи, яъни бу борада хорижий давлатларга тобеликни камайтирмоқчи. Давлатга қарашли Türksat сунъий йўлдош оператори маълумотига қараганда, Türksat-5А йўлдошининг 25 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли бўлса, 2020 йилда учириладиган Türksat-6А тўлиқ миллий маҳсулот бўлиши кўзда тутилган.

Фазовий тадқиқотлар агентлиги, қолаверса, миллий хавфсизлик, мудофаа каби стратегик соҳаларни янада такомиллаштириш, дунё илм-фанига янги кашфиётлар туҳфа этишга хизмат қилади. Сирасини айтганда, янги агентлик NASA (АҚШ), ESA (Европа) каби илғор тузилмага айланиши кутилмоқда.

Туркия Бош вазири Бинали Йилдиримга кўра, кейинги 15 йил ичида “Адолат ва тараққиёт” партияси катта ислоҳотларни амалга ошириб, 2023 йилга мўлжалланган стратегик мақсад сари интилмоқда. Фазовий тадқиқотлар агентлигининг очилиши эса бу йўлдаги навбатдаги дадил қадам саналади.  Янги тузилма фазовий технологиялар ёрдамида тараққиёт ва хавфсизликни таъмин этиш, янги табиий бойликларни топиб, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Туркия раҳбарияти, шунингдек, биринчи турк фазогирининг парвози устида бош қотирмоқда.  Мамлакат Фан, саноат ва технологиялар вазири Фарук Ўзлу (Faruk Özlü) Hurriyet газетасига интервьюда космонавт тайёрлаш бўйича Япония, Россия ва АҚШ мамлакатлари таклифлари ўрганилаётганни маълум қилган. Масалан, Япония битта космонавтни тўлақонли ўқитиш учун 25 миллион доллар сўраган. Музокаралар ижобий натижа берса орзулар рўёбга чиқиб, биринчи турк фазогири парвози амалга ошиши мумкин.

Расмий Анқара соҳа бўйича халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Масалан, жорий йил сентябрда Япония билан фазовий технологиялар соҳасида шартнома имзолади. Бунга кўра, Япония бир неча йил давомида Туркияда фазовий технологиялар инфраструктурасини бунёд этишда кўмаклашади.

Жорий йил ноябрда эса Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Американинг дунёга машҳур “Space X” компанияси асосчиси Илон Маскни қабул қилди. Мазкур учрашувда ҳам кўплаб долзарб мавзулар қаторида фазовий тадқиқотлар масаласи муҳокама этилган.

Илк бор 1957 йил 4 октябрда Совет Иттифоқи “Спутник-1” деб номлаган Ер сунъий йўлдоши учирган эди. Орадан кўп ўтмай, 1958 йил 31 январда АҚШ “Юпитер-С” сунъий йўлдошини орбитага чиқарди. Шу тариқа  дунёнинг пешқадам давлатлари ўртасида фазони “забт этиш” бўйича кимўзаро мусобақа бошланди. Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муаммоларни босқичма-босқич ҳал этаётган Туркия ҳам вақти-соати келиб пешқадамлар баҳсига қўшилмоқда.

Собир Салим