Туркия элчихонасида Болалар куни нишонланди

3 июнь куни Туркия Республикаси элчихонасида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ва Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлари уюшмаси (UTID) томонидан уюштирилган ушбу байрам тадбирида Ўзбекистондаги бошланғич таълим мактаблари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва Тошкент шаҳридаги Турк бошланғич таълим мактаби ўқувчилари иштирок этди.

Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Намиқ Гунер Эрпул тадбирни очар экан, болалар нафақат юртнинг, балки инсониятнинг келажаги эканлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида болалар томонидан ашула ва қўшиқлар ҳамда миллий рақслар, болалар учун кўнгилочар дастурлар намойиш этилди, уларга турли хил совғалар ва мукофотлар ҳадя этилди.