Туркия Афринда нега ҳарбий операция ўтказмоқда?

Туркия Қуролли кучлари жорий йил 20 январь куни Суриянинг Африн шаҳрида бошлаган “Зайтун новдаси” операцияси минтақада терроризм таҳдиди бартараф этилгунга қадар давом этади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Twitter тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилган.

Президент Эрдўғон Туркия халқи осойишталигини таъминлашга қаратилган операция ўтказиш учун ўзгаларнинг розилигини олиш шарт эмаслигини таъкидлаган.

“Анқара бошқа давлатларнинг фикр-мулоҳазаларига эътибор бермайди. Биз учун муҳими – Туркия халқининг истаги. Туркия ўз муаммоларини ўзи ҳал қилади ва сарҳадларига бир тўда босқинчилар хавф солишига йўл қўймайди”, – деган Туркия етакчиси.

Қайд этилишича, “Зайтун новдаси” операцияси сўнгги пайтларда Сурия шимолидан Туркияга қарши амалга оширилган ҳужумларга жавоб саналади. Мазкур операция нафақат Туркия миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, айни чоқда, Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш, Сурия халқи хавфсизлигини таъминлашга ҳам қаратилган.

Мақсад – террор ўчоғини йўқ қилиш

Суриянинг шимоли-ғарбида жойлашган Африн шаҳри 2012 йил июлда PYD жангарилари томонидан эгалланган. Ўшандан буён шаҳар террор ўчоғига айланиб, Туркияга жиддий таҳдид туғдирмоқда. Африндан паноҳ топган террорчилар Туркиянинг Килис шаҳри ва Хатай музофотини кўп бора ўққа тутгани қайд этилган.

Туркия раҳбарияти мазкур беқарорлик ўчоғини йўқ қилиш учун 20 январь куни ҳарбий операцияга киришди. Расмий Анқарага кўра, Туркиянинг хатти-ҳаракатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг терроризмга қарши тўғридаги резолюцияси ҳамда БМТ Низомининг 51-моддасига асосланади.

Сурия озодлик армияси ҳам иштирок этаётган операциянинг дастлабки кунларидаёқ Африндаги кўплаб террор объектлари йўқ қилингани ва бир қатор қишлоқлар жангарилардан тозалангани хабар қилинган.

Туркия қуролли кучлари ҳарбий операцияда фақат террор ўчоғи йўқ қилинаётгани, тинч аҳолига эса зарар етказилмаслигини билдирган.

Айни пайтда PYD/PKK террорчилари Сурия–Туркия чегарасининг 65 фоизини назорат қилмоқда. Шу боис операциянинг дастлабки босқичида чегара ҳудудида 30 км хавфсизлик зонасини ташкил этиш мақсад қилинган.

Анқара ва Вашингтон: таранглашган муносабат

Расмий Анқара кўпдан буён Вашингондан Суриядаги YPG, PYD каби террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилиб келмоқда. Аммо АҚШ маъмурияти бу талабларга эътибор қаратмаётир. Таҳлилчиларга кўра, Анқаранинг “Зайтун новдаси” операциясига киришишига Вашингтоннинг минтақадаги террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаш сиёсати ҳам сабаб бўлган.

“Вашингтон Туркия хавфсизлигига таҳдид солаётган PKK/PYD-YPG террорчилари билан ҳамкорлик режасидан воз кечмаслигини маълум қилди. Пентагон Сурияга 5 минг юк машинасида қурол-аслаҳа йўллади. Америка самолётлари Сурия шимолига қурол етказиш учун 2000 та рейсни амалга оширди.  Буларнинг бари Туркияни жанубий сарҳадларида террор таҳдидини бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўришга мажбур қилди”, – дейди BİLGESAM Стратегик тадқиқотлар маркази эксперти Али Семин.

Нидерландия Ташқи ишлар вазири Ҳалбе Зийлстра ҳам Туркиянинг терроризмга қарши курашини ёқлаган. Маҳаллий парламентда Туркия Қуролли кучларининг “Зайтун новдаси” операциясини шарҳлаган вазир буни турклар ва курдлар зиддияти деб тушунмаслик кераклиги, аслида террорга қарши кураш кечаётганини таъкидлаган.

PYD, YPG, PKK – бир мақсадни кўзлаган уч тўда

Тадқиқотлар “Ислом давлати” террорчи ташкилоти сафида уруш олиб борган жангарилар эндиликда PYD ва YPG гуруҳлари таркибида бегуноҳ инсонлар қонини тўкаётганини кўрсатмоқда.

Расмий Анқара кўпдан бери PYD (Демократик иттифоқ партияси) ва YPG (Халқ мудофааси отрядлари) хатарли ҳаракатлар эканидан огоҳлантириб келмоқда. Хўш, ушбу икки ташкилотнинг хатари нимада?

Хабарингиз бор, PKK (Курдистон ишчи партияси) неча йиллардан буён Туркия фуқаролари ва давлат муассасаларига қуролли ҳужумлар уюштириб келмоқда. PKK уюштирган ҳужумларда юзлаб тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари вакили ҳалок бўлган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи PKKни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Аммо Ғарбнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, АҚШ 2003 йилда Суриядаги курдлар томонидан ташкил этилган PYDни (Демократик иттифоқ партияси) PKKга алоқадорлигини рад этиб, уни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Таҳлилларга қараганда, PYD – Курдистон ишчи партиясининг Суриядаги шахобчасидир. YPG (Халқ мудофааси отрядлари) эса PYDнинг жанговар қаноти ҳисобланади. Айни пайтда ҳар икки ташкилот Курдистон ишчи партияси террорчиларига алоқадор эмаслигини айтиб келади. Бир қатор экспертлар наздида эса, учала ташкилот ҳам бир мақсадни кўзлаб фаолият юритиб келаётир. Масалан, Amnesty International ташкилоти 2015 йил 13 октябрда эълон қилган ҳисоботда YPG Суриядаги араб ва туркманларга қарши ҳарбий жиноятлар содир этгани хусусида сўз боради. Хавотирли жиҳати шундаки, Суриядаги бошбошдоқлик боис PYD ва YPG жангарилари ўз фаолиятини қонунийлаштиришга уринаётир.

PKK террорчилари айрим Ғарб мамлакатларида қўпорувчи эмас, жабрдийда сифатида қабул қилинаётир. Расмий Анқара буни ўта хатарли ҳол деб ҳисоблайди. Туркия раҳбарияти террорчи тўдаларга асло шафқат қилинмаслигини таъкидлаб келади.

С.Салим