Туркий тилли давлатлар ва қардош ўлкалар Миллий кутубхоналари уюшмаси тузилди

31 октябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида Туркий тилли давлатлар ва қардош ўлкалар Миллий кутубхоналари уюшмаси (TÜRKÜBİR) тузилиши муносабати билан учрашув бўлиб ўтди. Анжуманда Ziyouz.com кутубхонаси ҳам фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.

Туркий тилли давлатлар ва қардош ўлкалар Миллий кутубхоналари уюшмаси Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Татаристон, Бошқирдистон, Кипр, Гагаузия аъзолигида ташкил этилди. Босния-Герцоговина, Саха (Якутия), Македония, Косова, Мўғулистон миллий кутубхоналари кузатувчи-ўлка сифатида белгиланди. Маркази Анқарада бўлган ушбу уюшма турк, рус ва инглиз тилларида фаолият юритади.

Анжуман қатнашчиларини қутларкан, Туркия Республикаси Маданият ва Туризм вазири ўринбосари Ҳусейин Яйман шундай деди: “Зиёли инсон учун икки муҳим ер бор: бири ўз уйи бўлса, иккинчиси кутубхонадир. Жалолиддин Румий айтганидек, баъзида тил билан англашилмаган ишларни кўнгил билан англаса бўлади. Миллий кутубхоналар туркий дунёда кўнгилларни боғловчи кўприк бўлади, деган умиддаман”.

Анжуманда қатнашган TÜRKSOY бош котиби ўринбосари профессор, доктор Фират Пурташ ушбу бирликнинг турк олами маънавий меросига катта ҳисса қўшишини таъкидларкан, туркий дунёнинг энг машҳур меросларидан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотут турк” асари ва “Пири Раис харитаси”нинг UNESCO дунё мероси рўйхатига киритилганини ҳам таъкидлади.

Туркий тиллий давлатлар ва ўлкалар кутубхоналари фондлари (китоб ва манбалар сони):

Туркия миллий кутубхонаси – 11,7 миллион (сайти: http://www.mkutup.gov.tr)
Ўзбекистон миллий кутубхонаси – 7,2 миллион (сайти: http://natlib.uz)
Қозоғистон миллий кутубхонаси – 6,7 миллион (сайти: https://nlrk.kz/)
Қирғизистон миллий кутубхонаси – 6 миллион (сайти: http://nlkr.gov.kg)
Туркманистон давлат кутубхонаси – 5,5 миллион
Озарбайжон миллий кутубхонаси – 5 миллион (сайти: http://anl.az)
Татаристон миллий кутубхонаси – 3,5 миллион (сайти: http://kitaphane.tatarstan.ru/)
Бошқирдистон миллий кутубхонаси – 3,5 миллион (сайти: http://www.bashnl.ru/)
Чувашия миллий кутубхонаси – 2 миллион (сайти: http://www.nbchr.ru)
Гагаузия миллий кутубхонаси – 1,7 миллион
Якутия (Саха) миллий кутубхонаси – 1,6 миллион (сайти: http://nlrs.ru/)
Қозоғистон академик кутубхонаси – 1,5 миллион (сайти: http://nabrk.kz/)
Тува миллий кутубхонаси – 580 минг (сайти: http://tuva-library.ru)
Олтой миллий кутубхонаси – 400 минг (сайти: http://nbra.ru/)
Шимолий Кипр турк республикаси миллий кутубхонаси – 100 минг (сайти: http://mkutup.mebnet.net/)
Қрим миллий кутубхонаси – 48 минг (сайти: http://gasprinskylibrary.ru)