Turkish Airlines Истанбул–Самарқанд авиақатновини йўлга қўймоқда

Turkish Airlines компанияси парвозлар жуғрофиясини кенгайтириб, 16 мартдан бошлаб Истанбул–Самарқанд йўналишида янги авиақатновни йўлга қўймоқда. Компания матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри саналган Самарқандга тўғридан-тўғри парвозлар ҳафтада икки бор амалга оширилади.

Истанбул–Самарқанд авиақатновининг йўлга қўйилиши муносабати билан 16 март куни тантанали маросим ўтказилиши ва унда Ўзбекистон расмийлари ва Turkish Airlines компанияси раҳбарияти қатнашиши кўзда тутилган.

Компания бу борада батафсил маълумотни www.turkishairlines.com сайти, +90 212 444 0849 телефон рақами ёки Turkish Airlines офисларидан олиш мумкинлигини маълум қилган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга амалга оширган ташрифи давомида икки мамлакатни бир-бири билан боғлайдиган транспорт йўлакларини кенгайтириш, хусусан, Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган.

Turkish Airlines компанияси дунёнинг 121 мамлакати бўйлаб 301 йўналишда парвозларни амалга оширади. Компанияга 1933 йилда асос солинган. Ўша кезлар компания бор-йўғи 5 дона самолётга эга бўлган эди. Айни пайтда эса Turkish Airlines ширкати 328 та йўловчи ва юк самолётига эгалик қилади. Нуфузли Star Alliance иттифоқи аъзоси саналган компания ўтган йили 68 миллиондан ошиқ йўловчига хизмат кўрсатган. Компания турли рейтинг ва тадқиқотларда хизмат сифати жиҳатидан юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.