Тошкентда Хожали фожиасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Тошкентда Озарбойжоннинг Хожали шаҳрида 26 йил аввал рўй берган фожиа ёдга олинди. Озарбойжоннинг юртимиздаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази ташкил этган тадбирда хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Қулиев Хожали фожиаси ҳақида сўзлаб берди.

1992 йилнинг 25-26 февраль кунлари Арманистон қуролли кучлари Россиянинг Хонкендидаги 366-мотоўқчи полки ёрдамида Хожали шаҳрида оммавий қирғин жиноятини содир этди. Ўшанда 613 нафар тинч аҳоли қатл этилди, 487 киши жароҳатланди ва 1275 киши асир олинди. Асир олинганларнинг кўпи яқинлари бағрига қайтмади, уларнинг тақдири ҳали-ҳамон номаълум қолмоқда.

2000 йил 15 декабрда “Халқаро тинчлик йўлида” Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Томас де Ваалга берган интервьюсида Арманистон мудофаа вазири Серж Саргсян (айни пайтда Арманистон президенти) Хожали қамалида Россиянинг 366-полки ёрдам берганини тан олган эди.

“Мен 366-полк офицерларининг иштирокини рад этмайман. Аммо, биринчидан, полк бизга эмас, аввало ўзига ёрдам берган эди. Негаки, озарбойжонликлар нафақат бизга, 366-полкка ҳам зарба берган эди… Иккинчидан, 366-полкда кўплаб армани офицерлар хизмат қилар эди ва улар қўмондонлари буйруғисиз ҳам бизга ёрдам беришга тайёр эди.  Улар шундай қилишди ҳам”, – деган С.Саргсян.

57 давлатни бирлаштирган Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Хожали фожиасини геноцид сифатида тан олган. Бундан ташқари, 12 давлат ва АҚШнинг 21 штати ҳам ушбу фожиани расман геноцид деб билади.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 1992 йил февралда “Хожали болаларига” деб номланган шеър ёзган эди. “Мен бу шеърни кўзда ёш билан ёзганман. Рамзий эмас, том маънода айтаяпман.  Ўша куни (1992 йил 27 феврали) Москванинг “Время” ахборот дастурида озарбойжон гўдакларининг музлаб ётган  бепоён далада сочилиб ётган ўликларини кўрсатганда кўзларимдан тирқираб ёш оққан ва кечаси билан ухлолмасдан “Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга”  сарлавҳали 3  варақли мақола ва унга илова тарзда  бир шеър ёзганман”, – деб эслайди Х.Даврон. Шеърда “Эй озари болаларим, / Юрагимда нолаларим, / Кўзларимда жолаларим, / Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга! / Бу жаллодлар инсон эмас, / Бу саллотлар инсон емас, / Инсон инсон гўштин емас, / Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!” каби оташин сатрлар бор.

Тадбирда бундан 26 йил аввал шаҳид кетган инсонлар эҳтиром ила ёдга олинди. Кеча қатнашчилари эътиборига ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.

С.Салим