Тошкентда Хитой Халқ Республикаси миллий байрами нишонланди

21 сентябрь куни Тошкентда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 68 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими ўтказилди. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси уюштирган тадбирда Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати вакиллари, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар дипломатлари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари қатнашди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди.

ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе ўз нутқида ўтган 68 йил ичида Хитой иқтисодий-ижтимоий жабҳада катта ютуқларга эришганини қайд этди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат ЯИМ 6,9 фоизга, аҳоли жон бошига реал даромад 7,3 фоизга ошди.

Жорий йил Хитой “Бир белбоғ – бир йўл” халқаро форумини муваффақиятли ўтказди. Унда 29 давлат раҳбари ва 140 мамлакат ҳамда 80 халқаро ташкилотдан 1600 меҳмон қатнашди.

Дипломат Хитой ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этди. Икки томонлама савдо айланмаси жорий йил ярмида 1,1 фоизга ўсиб, 2,108 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Хитойнинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри сармояси эса 6,5 миллиард АҚШ долларига етди.

Жорий йил май ойида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Чин юртида давлат ташрифи билан бўлди ва “Бир белбоғ – бир йўл” халқаро форумида қатнашди. Икки давлат раҳбари стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.

Хитой элчиси маданий-гуманитар жабҳада ҳам ҳамкорлик самарали кечаётганини мамнуният ила қайд этди. Сунь Лицзега кўра, расмий Пекин Ўзбекистон билан анъанавий дўстлик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга ҳамиша тайёр.

Эслатиб ўтамиз, 1949 йил 1 октябрда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилган. Ўша йилдан бери мазкур сана миллий байрам сифатида нишонланади.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!