Тошкентда Ўзбекистон–Хитой дўстлик кечаси бўлиб ўтди

Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган маданий дастур бўлиб ўтди.

Дўстлик ва санъат кечаси Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе сўзга чиқиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунга ҳуқуқий асос бўлаётганини таъкидлади.

“Хитойда “Дўстинг қанча кўп бўлса, йўлинг шунча равон бўлади”, деган мақол бор. Ўзбекистон Хитой учун яқин дўст ва стратегик ҳамкордир. Бу муносабатлар янада ривожланиши тарафдоримиз. Ушбу байрам тадбири халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлашига ишонамиз”, – деди элчи Сунь Лицзе.

Тадбирда “Ўзбекистон – Хитой: биродарлик йўли” номли ҳужжатли фильм ва икки мамлакат санъат усталари ҳозирлаган маданий дастур намойиш этилди.

2017 йил 2 январь куни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йилда тўлди.

ХХР Раиси Си Цзиньпин ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзаро дипломатик алоқаларнинг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирига табрик номалари йўллади.

“Мен Хитой ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераман. Хитой Ўзбекистон танлаган ўзига хос тараққиёт йўлини, давлат мустақиллиги, суверенитети ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва ташқи алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайверади. Хитой–Ўзбекистон муносабатларининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳар томонлама стратегик шериклигини изчил ривожлантириш йўлида Сиз билан ҳамкорликда ишлашга тайёрман”, – дейилади ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг табрик хатида.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилган бўлиб, унинг энг муҳим асоси бўлган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро алоқаларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Сизнинг 2016 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифингизни, унинг доирасида тарихий аҳамиятга эга Қўшма баёнот имзоланганини ҳамиша катта мамнуният билан эслаймиз. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқди”, – дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутлов номасида.

C.Cалим, фото – ЎзА

Шу мавзудаги мақола:

Сунь Лицзе: “Хитой–Ўзбекистон савдо айланмаси 25 йилда 100 баробарга ошди”. 06.01.2017