Тошкентда ўнинчи бор олмонзабон ҳаваскор театр жамоалари фестивали ўтказилади

Жорий йил 18-19 ноябрь кунлари Ўзбекистон Ёшлар театри саҳнасида  юртимиздаги олмонзабон ҳаваскор театр жамоаларининг анъанавий фестивали бўлиб ўтади.

Фестиваль доирасида Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги “Wiedergeburt” олмон маданият марказларининг ҳаваскор театр жамоалари сўнгги бир йил давомида саҳналаштирган асарларни намойиш этади.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, юбилей фестивалини бухоролик ҳаваскор театр жамоаси ака-ука Гриммнинг “Золушка” номли машҳур эртаги асосида тайёрланган саҳна асари билан бошлаб беради.

Самарқанд вакиллари эса инсон ҳаётида бойлик эмас, балки ақл-идрок ва билим муҳим экани ҳақида ҳикоя қилувчи “Бахт – бу …” номли спектаклни намойиш этади.

Фестивалнинг иккинчи куни фарғоналиклар адолат тантанаси ҳақида ҳикоя қилувчи “Квадрат дунё” асарини тақдим этади.

Тошкент шаҳри вакиллари эса ака-ука Гриммнинг “Бременлик мусиқачилар” эртаги асосида тайёрланган “Катта шаҳарнинг кичик воқеалари” асарини намойиш этади.

Ташкилотчиларга кўра, театр фестивали аввало Тошкент шаҳридаги мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларининг олмон тилини яхши биладиган ўқувчи ва талабаларига мўлжалланган.

Намойишлар 18 ноябрь куни соат 16:30 да, 19 ноябр куни эса соат 15:30 да бошланади. Спектаклларга кириш бепул.