Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирликлари маслаҳатлашуви бўлиб ўтди

Жорий йил 20-21 декабрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Озарбойжон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини инвентаризация қилиш ва такомиллаштириш бўйича вазирликлараро маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар беради.

Маслаҳатлашувлар чоғида ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари инвентаризация қилинди, икки томонлама ҳужжатлар лойиҳалари бўйича фикр алмашилди ҳамда муносабатларнинг ҳуқуқий негизини ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида ташқи сиёсат идораларининг ҳуқуқ хизматлари фаолияти юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Қайд этилишича, Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги делегациясига Халқаро ҳуқуқ ва шартномалар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жайҳун Шаҳвердиев бошчилик қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Озарбойжон муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган. 1991 йилдан буён Ўзбекистон Президенти Озарбойжонга уч марта, ўз навбатида, Озарбойжон раҳбари юртимизга 3 марта ташриф буюрган. Мазкур ташрифлар чоғи икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қиладиган муҳим келишувларга эришилган.