Тошкентда олмон тили бўйича энг яхши ёш нотиқлар аниқланди

13 март куни Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида Ўзбекистон бўйича чет тили сифатида олмон тилини ўрганаётган талабалар орасида ўнинчи маротаба нотиқлик танлови ўтказилди.

Элчихона матбуот хизмати хабарига кўра, танлов ғолиблиги Урганч давлат университети талабаси Ирода Исмоилова, иккинчи ўрин Андижон давлат университети талабаси Гулсанам Расулова, учинчи ўрин Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Маҳкам Ҳамидов ва ЎзДЖТУ талабаси Барно Аҳмаджоновага насиб этди.

Жорий йилги мусобақада илк маротаба “Тингловчилар танлови” йўналиши киритилди. Ушбу соврин ўз маҳоратини намойиш этган Ўзбекистон Миллий университети талабаси Регина Базикеевага берилди. Ғолиблар ва барча иштирокчилар олмон тилидаги китоб ва аудиоасарлардан иборат совғалар билан тақдирланди.

Германия элчихонаси анъанавий тарзда ўтказиб келаётган танловда бутун Ўзбекистон бўйлаб олмон тилини ўрганаётган талабалар иштирок этиш имконига эга бўлди. Мамлакатдаги олий ўқув юртлари ўз талабалари ўртасида ички танлов ўтказиб, Германия элчихонасида бўлиб ўтадиган якуний босқич учун биттадан, жами 16 вакилни саралаб берди.

Танловдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда олмон тили ўрганилишини қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Бунда ёш нотиқлар олдиндан танланган муайян мавзу бўйича ўз нуқтаи назарини ҳайъат аъзолари ва тингловчилар қаршисида олмон тилида ифодалаб бериши ҳамда саволларга жавоб бериши талаб этилади.