Тошкентда француз тили ўқитувчилари учун семинар ташкил этилди

Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси жорий йил 27-31 март кунлари Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда DELF (француз тилидан билим даражасини тасдиқловчи диплом) ва DALF (номзоднинг француз тилидан чуқур билимга эга эканини тасдиқловчи диплом) имтиҳонларини текшириш ваколатини олиш бўйича тайёрлов семинарини ташкил этди.

Севрдаги Халқаро педагогик тадқиқотлар маркази (CIEP) мутахассиси Нелли Бриет ўтказган семинарда юртимизнинг турли ҳудудларидаги мактаб, лицей ва олий ўқув юртларида таълим берувчи 25 нафар француз тили ўқитувчиси қатнашди.

Ушбу ўқув тадбири DELF-DALF имтиҳонлари текширувчилари ёки тренерлари тармоғини яратиш доирасида ташкил этиладиган семинарлар жумласига киради. Имтиҳонларни текшириш ваколатини олган ўқитувчилар жорий йил май ойи охирида Тошкент француз алянсида ўтказиладиган DELF-DALF имтиҳонларида иштирок этиш ва текшириш учун таклиф этиладилар. Қолаверса, улар июнь ойида ёзги мактаб доирасида бўлиб ўтадиган DELF-DALF имтиҳонлари тренери ваколатини олишга тайёрлов семинарида иштирок этадилар.

“Ушбу лойиҳа Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларининг устувор вазифаларига мос келади. Келгусида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳам DELF-DALF имтиҳонларини ўтказиш марказларини очиш имкониятини яратади”, – деб хабар беради Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Шу мавзудаги мақола:

Ўзбекистонлик 110 нафар француз тили ўқитувчиси ёзги мактабда малака оширди. 21.06.2016