Тошкентда Франция миллий байрами нишонланди

14 июль куни Франциянинг Тошкентдаги элчихонасида расмий қабул маросими бўлиб ўтди. Франция миллий байрами – Бастилия олинган кун муносабати билан уюштирилган тадбирда дипломатлар, фан, таълим, санъат ва маданият намояндалари, ҳукумат ва парламент вакиллари иштирок этди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев қатнашди.

Тадбир мезбони – Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жак-Анри Эльс меҳмонларни самимий қутларкан, юртимиздаги уч йиллик дипломатлик фаолияти якунига етаётганини маълум қилди.

Франциялик дипломат ўз нутқида уч йиллик муддатни ўзига хос тарзда сарҳисоб этди.

Қайд этилишича, ўтган муддат давомида ташқи ишлар вазирлари даражасидаги сиёсий мулоқот давом эттирилди, парламентлар ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланди.

Савдо-иқтисодий жабҳада ҳукуматлараро комиссия мажлиси қайтадан йўлга қўйилди. Элчининг маълум қилишича, бир ҳафтадан кейин Тошкентда мазкур комиссиянинг навбатдаги мажлиси ўтказилиши, Ўзбекистонга Франция Ташқи савдо, туризмни ривожлантириш ва хориждаги французлар ишлари бўйича давлат котиби Маттиас Фекл бошчилигидаги делегация келиши кутилмоқда.

2015 йил августда элчихона биносида Франция тараққиёт агентлигининг минтақавий бюроси очилган эди. Жак-Анри Эльсга кўра, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси доирасида минтақавий бюронинг ҳуқуқий мақомига оид масала ҳам ҳал этилади.

Маданий-гуманитар соҳадаги робиталарга тўхталган элчи бу борада Француз альянсининг ўрни муҳим эканини таъкидлади. Маълумки, 2015 йил июнда Тошкентда Француз альянси ўз ишини бошлади. Жорий йил майда эса Француз альянси президенти Жером Клеман Ўзбекистонга келди. Қайд этилишича, альянс француз тилини ўқитиш, умуман, таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада жонлантиришга хизмат қилмоқда. Франция ва Ўзбекистон олий таълим даргоҳлари ўртасидаги алоқалар ҳам ривожланмоқда.

Элчи Жак-Анри Эльс маданият, санъат ва археология жабҳасидаги ҳамкорлик изчил йўлга қўйилганини ҳам мамнуният билан қайд этди.

Француз дипломати чиқишида икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётган барча ҳамкорларга  миннатдорлик билдирди.

“Ўзбекистондаги фаолият, мамлакат бўйлаб сафарлар ва одамлар билан учрашувлар менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон мени ўзига ошуфта этди. Албатта, бу мамлакатни тарк этиш кўнглимда ҳазинлик уйғотмоқда, аммо наиложки, дипломатнинг аъмоли шундай”, – деди Франция элчиси ўз нутқи якунида.

Эслатиб ўтамиз, Жак-Анри Эльс 1960 йилда туғилган. Иқтисод ва савдо фанлари олий мактабини тамомлаган. 1985 йилдан буён Франция Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келмоқда. 2013 йил сентябрдан Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси.

14 июль – Бастилия олинган кун Франциянинг энг асосий байрами саналади. Французлар мазкур санани ватанпарварлик, ҳурлик ва якдиллик куни сифатида алоҳида қадрлайди. Анъанага кўра, бу йил ҳам миллий байрам муносабати билан пойтахт Парижда Франция Президенти бошчилигида тантанали ҳарбий парад ўтказилди.

Собир Салим