Тошкентда 20 январь куни Озарбойжонда ҳалок бўлган инсонлар хотирланди

Тошкентда Озарбойжон замонавий тарихидаги муҳим саналардан бири 20 январь – Умумхалқ мотам куни муносабати билан хотира кечаси ўтказилди. Тадбир Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази томонидан ташкил этилди.

Унда элчихона ва маданият маркази ходимлари, Ўзбекистон илм-фан, маданият намояндалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди, деб хабар беради ташкилотчилар.

Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Қулиев тадбир меҳмонларига XX асрда шўро империяси Озарбойжон халқига қарши амалга оширган геноцид ва 20 январь фожиаси хусусида сўзлаб берди.

1990 йилнинг 20 январида Озарбайжон пойтахти Бокуга совет армияси жанговар қисмлари киритилди. Ҳарбийлар Арманистон агрессиясига қарши намойишга чиққан минглаб озарбайжонликларни шафқатсиз жазолаган. Ҳарбийлар тинч намойишчиларни танк, пулемёт ва автоматлардан ўққа тутган.

Маълумотларга қараганда, Бокуга қўшин киритилиши оқибатида 133 нафар озарбайжонлик ҳалок бўлган, 744 нафари жароҳатланган. Қурбонлар орасида аёллар, болалар ва қариялар ҳам бўлган.

850 га яқин намойишчи ҳибсга олинган, 5 киши бедарак йўқолган.

Дипломатнинг қайд этишича, фожианинг эртаси куни мамлакат раҳбари Ҳайдар Алиев Москвадан айбдорларни жазолашни талаб қилган ва жасорат билан СССР Коммунистик партияси сафидан чиққанини эълон қилган.

“Ўша куни бошига тушган улкан фожиага қарамай, халқимиз ватанга ва мустақиллик учун курашга содиқлигини бутун дунёга намойиш қилди”, – деди элчи Ҳ.Қулиев.

Тошкентдаги тадбир давомида 20 январь фожиасига бағишланган ҳужжатли фильм ва концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, иштирокчилар Арманистон-Озарбойжон зиддияти, Тоғли Қорабоғ можаросига бағишланган китоб ва расм кўргазмаси билан танишдилар.

20 январь санаси Озарбайжон мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги йўлидаги кураш куни сифатида тарихга кирган.

“1990 йил 20 январь санаси озарбайжон халқи тарихининг энг фожиали, айни чоқда, қаҳрамонлик ва мардлик саҳифалари саналади. Ўйлайманки, биз ўша кунлардан қанча узоқлашсак, унинг Озарбайжон халқи тарихидаги аҳамиятини шунча яхши англаймиз”, – деган эди мамлакат миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ўз даврида.

20 январь куни жонфидо қилган озарбайжонликлар дафн этилган масканда кейинчалик Шаҳидлар хиёбони бунёд этилган.

Мазкур сана мамлакатда Умумхалқ мотам куни дея эълон қилинган.

2000 йилда мамлакатнинг ўша пайтдаги раҳбари Ҳайдар Алиев фармони билан ҳалок бўлганларнинг барчасига “20 январь шаҳиди” фахрий унвони берилган.

Собир Салим