Тошкент ва Бишкек ҳамкорлиги янада кенгаяди

Ўзбекистон ва Қирғизистон пойтахтлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари янада кенгаяди. 11 январь куни бўлиб ўтган Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дониёр Сидиқов учрашувида шу ҳақда сўз борган.

Қирғизистон элчихонаси расмий сайти хабарига кўра, учрашувда икки мамлакат пойтахтларининг савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлиги масалалари муҳокама этилган. Шу жумладан, қўшма корхоналар ташкил этиш, турли соҳалар, хусусан, турар-жой коммунал ва транспорт жабҳаларида тажриба алмашиш билан боғлиқ бизнес-форум ҳамда давра суҳбатлари ўтказиш имкониятлари ўрганилмоқда.

Ҳоким ва элчи учрашувида, шунингдек, яқин истиқболда икки давлат пойтахтлари маданият кунларини ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Дониёр Сидиқов 2016 йил 22 июнда Қирғизистон Президентининг фармони билан ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган. Тошкентга келгунга қадар у Қирғизистон Миллий банки, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат интеллектуал мулк идораси ва Ҳукумат маъмуриятида турли масъул лавозимларда фаолият юритган.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда ривожланмоқда. Бунда олий даражадаги учрашувлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хабарингиз бор, 2016 йил 24 декабрда Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев амалий ташриф билан Самарқандга келди. Форумлар мажмуаси саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев ўртасида музокара бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида 2016-2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури янги шаклдаги сиёсий мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилишига ишонч билдирилган.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг муҳим соҳаси ҳисобланади. Ушбу масала муҳокамасида 2016 йилнинг ўтган даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 фоиз ўсганига қарамасдан, бу кўрсаткич икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларига мос келмаслиги қайд этилган. Президентлар икки йил давомида товарлар турини тубдан кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларгача кўпайтириш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлаган.

Собир Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!