Тошкент ва Анқара туризм бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истагида. Шу мақсадда жорий йил ноябрда Туризм бўйича ўзбек-турк қўшма комиссияси таъсис этилади. Яқин фурсатда эса икки томонлама битим имзоланади. Бу ҳақда жорий йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Туркия маданият ва туризм вазири Нуман Куртулмуш ўртасидаги кечган музокараларда таъкидланган. Икки давлат туризм идораси етакчилари учрашуви Хитойнинг Чэнду шаҳрида, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти анжумани доирасида ўтказилган.

Учрашувда икки томон туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, соҳа вакилларини малакасини ошириш имкониятларини муҳокама қилган. 

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига туркиялик мутахассиснинг маслаҳатчи сифатида ишга таклиф этилишини бу борадаги муҳим қадам деб баҳолаш мумкин.

Шунингдек, учрашувда жорий йил октябрь ойи охирида Туркиянинг Анталия шаҳрида Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари учун семинар-тренинг ташкил этишга келишилган.

Айни пайтда Ўзбекистон туризм соҳасига Туркия сармоядорларини жалб этишга интилмоқда. Шу мақсадда Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ-Чимён сайёҳлик ҳудудлари бўйича тақдимотлар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон томонига Туркия билан ҳамкорликда туроператорлар, меҳмонхоналар раҳбарлари, савдо мажмуалари вакиллари учун махсус форум ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Жорий йил октябрь ойи ўрталарида Туркия маданият ва туризм вазири Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегация мамлакат сайёҳлик салоҳияти билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Хитойдаги учрашув чоғи ушбу ташрифга тайёргарлик ҳам муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида янги саҳифа очилган бир паллада туризм ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши бўлиб қолмоқда.

Туркия сайёҳлик борасида улкан тажрибага эга. Мамлакат жаҳон туризм бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда. Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига қараганда, 2016 йилнинг 11 ойида Туркияга 24 миллиондан ошиқ сайёҳ келган. Демак, бу кўрсаткич 2015 йилдагидан 30,8 фоизга ошган. Жаҳонда эса Туркия сайёҳларни жалб этиш бўйича Франция, АҚШ, Испания, Хитой ва Италиядан кейин олтинчи ўринда бормоқда. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон режасига кўра, Туркия яқин муддатда бу борада сайёрамизнинг учинчи давлати бўлиши лозим.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам туризмни ривожлантириш бўйича улкан салоҳиятга эга. Бу борада эса Туркия тажрибаси қўл келиши мумкин.

Айтиш жоизки, Туркия раҳбарияти ҳам Ўзбекистоннинг туризм бўйича имкониятларини юқори баҳолайди. Жумладан, Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2016 йил декабрда Йилдирим Боязид университети талабалари билан учрашувда туркиялик талабаларнинг Бухоро ва Самарқандга саёҳатини уюштиришни таклиф этган эди.

2016 йил 18 ноябрь куни Самарқандда бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўғон Имом Бухорий, Имом Мотуридий мақбаралари, Гўри Мир қадамжоси, Мирзо Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасаларини зиёрат қилган эди. Ушбу сафардан мутаассир бўлган давлат раҳбари Бухорони Бурсадан, Самарқандни Кўнё ва Истанбулдан айро тасаввур этиб бўлмайди деган хулосага келган.

“Бухоро ва Самарқандни зиёрат қилиб, бу шаҳарларнинг ҳар бир гўшасидаги санъат асарларига мафтун бўлмасликнинг, ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. Бу жиҳатдан, Бухорони Бурсадан, Самарқандни Истанбул ва Кўнёдан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Мен ушбу университетимиз ректорига қулай фурсатда ўша шаҳарларга талабаларимизнинг саёҳатини уюштиришни таклиф этаман”, – деган эди Ражаб Тоййиб Эрдўғон талабалар билан учрашувда.

С.Салим

Шу мавзудаги мақола:

Туркия сайёҳлик бўйича дунёнинг учинчи давлати бўлади…ми? 04.02.2017


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!