Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ мавзесида янги савдо маркази очилди

Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ-1 мавзесида «korzinka.uz» супермаркети иш бошлади. Савдо марказининг очилиш маросимида миллий ва маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг кўргазмаси ўтказилди. Келган меҳмонларга маҳсулотлардан икром қилинди. Чегирма ва акциялар ташкил этилди.

«Иш куни бўлишига қарамай очилиш маросимига бунчалик кўпчилик ташриф буюришини кутмагандик. Қўйлиқ-1 мавзесида мана шундай савдо марказига эҳтиёж бор эди. Аҳоли жуда мамнун. Нархларини ҳам рўзғорбоп қилишга ҳаракат қилдик», дейди «korzinka.uz» маркетинг департаменти бошлиғи Малик Каримов.

«korzinka.uz» Ўзбекистондаги илк супермаркет брендларидан бири бўлиб, 1996 йилдан бери фаолият юритади.

Тошкент шаҳрида «korzinka.uz» бренди остида 20 та, «Smart» бренди остида 4 та, «korzinka.uz Diskont» бренди остида 2 та супермаркат фаолият юритмоқда. Шунингдек, Қўқон, Олмалиқ, Бухоро ва Андижон шаҳарларида ҳам «korzinka.uz» филиаллари мавжуд.