TİKA Хоразм вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларига тиббий ускуналар тақдим этди

Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идораси (TİKA) Хоразм вилояти онкология диспансери ҳамда Республика ихтисослаштирилган урология маркази вилоят бўлимига тиббий ускуналар тақдим этди.

TİKA хабарига кўра, ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонга келган Анқара урология клиникаси шифокори Йилмаз Аслан тақдим этилган ускуналарни синовдан ўтказиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларига улардан фойдаланиш бўйича йўриқнома берган. Шунингдек, туркиялик шифокор ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда икки беморни операция қилган.

Республика ихтисослаштирилган урология маркази Хоразм вилояти бўлими вакили Алишер Бобоев TİKAга миннатдорлик билдириб, тақдим этилган тиббий ускуналар беморларни сифатли даволашда ёрдам беришини айтган.

Бу TİKA Ўзбекистонда тиббиёт йўналишида Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳанинг давомидир. 2016 йил ноябрда Туркиядан келган тиббиёт мутахассислари ўзбекистонлик шифокорлар учун она ва бола ўлимини олдини олишга қаратилган тренинг машғулотлари ўтказган эди.

Туркия Республикаси Бош вазир девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идораси (TİKA) 1992 йилда ташкил топган. Ҳозирда ташкилотнинг Европа, Осиё ва Африка қитъаларининг 140га яқин мамлакатида 50дан ортиқ ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.

TİKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1994 йил 20 майда очилган. Ваколатхона юртимиздаги турли ташкилот ва идоралар билан иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириб келмоқда.

Cобир Салим

Шу мавзудаги мақолалар:

ТИКА раҳбари Сердар Чам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашди. 07.04.2016

Ўзбекистонлик беш юздан ортиқ ички ишлар ходими Туркиянинг малака ошириш дастурида қатнашди. 22.12.2015


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!